«Ishonch» газетасининг шу йилги 30 апрель сонида «Қуёш болалари»га кўмак керак» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда Даун синдроми билан туғилган болаларга етарли даражада эътибор қаратилмаётгани, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар уларга кўмаклашиш учун ҳамжиҳатликда иш юритишлари зарурлиги хусусида сўз юритилганди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар 700-800 чақалоқдан бири Даун синдроми билан туғилади. Бу нисбат турли мамлакатларда, иқлим зоналарида ва ижтимоий қатламларда бир хил. Генетика етишмовчилиги, ота-оналарнинг турмуш тарзи, соғлиғи, одатлари ва таълимидан қатъи назар, содир бўлади.
Бугунга қадар Ўзбекистонда 1992 нафар Даун синдроми билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахс, жумладан, 1500 нафарга яқин бола рўйхатга олинган. Шундан 39 фоизи шаҳарларда, 61 фоизи қишлоқларда яшайди. Ёки айтайлик, 46 фоизи аёллардан, 54 фоизи эркаклардан иборат.
Ногиронлиги бор болаларга бериладиган ойлик нафақа жорий йилнинг 1 майидан 698 минг сўм қилиб белгиланди, 1 апрелдан эътиборан парваришлаш нафақаси жорий этилди. Шунга кўра, 18 ёшгача бўлган ногирон боланинг, чунончи, Даун синдроми билан туғилган боланинг қонуний вакилига 500 минг сўм миқдорида парваришлаш нафақаси тўланмоқда.
Шу йилнинг 11 апрель куни эса Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигида «Лидер инициатива» гуруҳи ташкилотчиси ва Даун синдромли болаларнинг ота-оналари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Даун синдромли болаларга ногиронликни муддатсиз қилиб белгилаш ҳамда уларни парваришлаш билан банд бўлган ота-оналарга ёшга доир пенсия тайинланишида иш стажи ҳисобга олиниши масалалари кўриб чиқилди. Шу жараёнда Даун синдроми билан боғлиқ ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг таълим олишини, касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга ҳамда соғлиғини тиклаш билан боғлиқ ишларни ташкиллаштиришга Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи масъул этиб тайинланди. «Лидер инициатива» гуруҳи ташкилотчиси зиммасига эса ногиронлиги бор болалар ота-оналарининг инклюзив жамияти марказини ташкил этиш бўйича фикр алмашиш юзасидан ушбу гуруҳ аъзолари билан май ойининг иккинчи ярмида ҳамкорлик учрашуви ўтказиш вазифаси юклатилди. Кўрилган масалалар юзасидан барча тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари раисларига ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига хатлар юборилди.
Айни кезларда Даун синдромли ННТ тузиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ушбу ташкилот ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида иш юритишга оид меморандум лойиҳаси тайёрланмоқда.
Агентлигимиз ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитини яхшилашга ва ҳар томонлама ёрдамлашишга ҳамиша тайёрдир.
Алишер ИНАКОВ,
Тиббий-ижтимоий хизматларни
ривожлантириш агентлиги
директори



