Муаллимларим

95

Негадир, шу кунларда мактабдаги ўқитувчиларимни эслагим келди. Ҳаёт ўз ҳукмини ўтказяпти, яқинларимнинг кўпчилиги бугун йўқ. Начора, дунёдан ўтганларига Аллоҳдан раҳмат, борларининг умрларига ­зиёдалик сўрайман.
…Ҳақиқий муаллимлар барибир бошқача бўлишади. Қалбингизни тушунади, кўча-куйда, тўй-маъракада, қўйингки, қаерда учрашманг, сизни кечириб, авайлаб, ҳурматлаб муомала қилишади. Ҳеч қачон одамийлик чегарасидан чиқмайди. Шундай табаррук инсонларни эсламай бўларканми? Дарвоқе, устозларим юрагимнинг тўридаги энг яқин инсонларимдир…

* * *

Энг фидойи устозларимдан бири – она тили ўқитувчимиз, раҳматли Абдувоҳид Тошпўлатов эди. Мен тўртинчи синфга ўтганимда устоз олтмишни қоралаб қўйганди. Тошпўлатовнинг муаллим сифатида қанчалар меҳрли, камтар ва комил бўлганини кеч англадим. Тўғрироғи, устознинг сабоқлари ҳақида кечроқ ўйлай бошладим.
Кунларнинг бирида у киши «Нима учун дарсликнинг муқовасига ўзбек тили деб ёзилган бўлса-да, биз худди шу фандан тутган дафтар муқовасига она тили дея ёзамиз?», деган савол берди биз – ўқувчиларга.
Ҳамма жим. Синфимиздаги аълочи ўқувчиларни бирма-бир турғазиб сўради, аммо жўяли жавоб ололмади. Стулига ўтириб афсусланди. Сўнг ўзининг саволига ўзи жавоб берди: «Эшитиб, қулоқларингга қуйиб олинглар. Биз ўзбек бўлганимиз учун ҳам дарслигимизнинг юзига ўзбек тили, дея ёзилган, онадан туғилганимиздан бошлаб ўз тилимизда, яъни ўзбек тилида гапира бошлаймиз, тушунарлими, мусичалар…», деди.
Сўнг синфдошларимиздан бири Норбек Очиловга ўгирилиб, баланд овозда «Кеча уйга берилган вазифанинг жавобини кўрсат» деди.
Синфдошимиз ерга қаради. Гап-сўз йўқ.
– Сенга айтаяпман, вазифани кўрсат…
Устоз Норбекнинг қулоқ-чаккасига шапалоқ туширмоқчи бўлди-ю мувозанатни йўқотиб, биринчи қатордаги партанинг бурчагига қорни билан урилди. Инграб юборди. Оғриқдан ерга ўтириб қолди. Ранг-рўйи қизариб кетди. Сўнг пичирлади: «…Падарига лаънат!.. Пахта терасан!.. Оч-наҳор мактабга келасан… Мактабда эса мана булар?..».
Мен биринчи партада ўтирардим. Устознинг кўзи ёшланганини кўрдим…
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас устознинг мактабни бутунлай ташлаб кетганини эшитдим. Билмадим, пенсияга чиқдими ёки биз, ўқувчилардан кўнгли тўлмаганми?.. Хуллас, бу самимий ва тозадил инсондан қайта сабоқ олиш насиб қилмади.

* * *

Хотирамда ўчмас из қолдирган олийжаноб устозларимиздан яна бири рус тили ўқитувчимиз Абдураззоқ Пиримов эди. Содда, аммо жуда қаттиққўл ўқитувчи сифатида ном чиқарган устоз дангаса, тўполончи, «иккичи» ўқувчиларнинг «думини қайириб» оларди. Тўққизинчи синфга биринчи бор қадам қўйган кунимиз, яъни 1982 йил 1 сентябрда шундай улуғ инсонни жуда қаттиқ хафа қилганим учун ҳалигача ўзимни кечиролмайман. Бир синфдошимиз билан биринчи партадан жой талашиб, эҳтиётсизликдан устозни туртиб юборганман. У киши синфхона бурчагидаги катта голланд печкасига боши билан бориб урилган эди. Шу-шу Пиримов домла мендан тўққизинчи ва ўнинчи синфларда бирор марта дарс сўрамасдан журналга фақт «4» қўйиб келаверди. Ўнинчини битираётганимизда рус тилидан имтиҳонга кирдим:
– Мактабни битириб институтга борасанми? – деб сўради.
– Ҳа, Тошкентга бораман, – дедим қўрқув ва ҳадик билан.
Устоз бошқа ҳеч нарса сўрамасдан «5» қўйиб синфдан чиқариб юборди. Бағрикенгликни қаранг…
Янглишмасам, ҳозирда марҳум устозимни охирги бор 1987 йил қишда кўрган эдим. Иккаламиз кутилмаганда туман марказида дуч келиб қолдик. Мен салом бериб ўтиб кетмоқчи эдим, Пиримов қўлларимни қаттиқ сиқиб сўради:
– Тошкентга ўқишга кирибсан, ростми?
– Ҳа, устоз.
– Болам, энди ўжарлик қилмай яхши ўқигин. Ота-онангни қийнама.
Шу гаплари учун устозга меҳрим янада ошди, яхши кўриб кетдим…
Ўйлаб кўрсам, ўша пайтда ҳам ўжарлигимга бориб, устозга раҳмат демаган эканман. Кейинчалик Пиримовнинг меҳридарёлиги, ҳалол ва кечиримли инсон эканини тушуниб етдим. Баъзан, ўй босганда шундай ўқитувчилардан сабоқ олганимдан, аксига олиб уларнинг ҳурматини вақтида жойига қўя билмаганимдан, бундай устоз­ларни энди чироқ ёқиб ҳам тополмаслигимдан афсусланаман, ўкинаман, ўпкам тўлиб кетади…

* * *

Менга нафақат мактаб, балки ҳаётий сабоқларни ҳам ўргатган устозларимдан яна бири – мактабимиз директори ҳамда математика ўқитувчиси Ўктам Саидвалиев эди. У киши пенсияга чиққандан кейин оғир касалликка чалинди. Кўп даволанди. Аммо… Давоси йўқ хасталик устозимизни 67 ёшида орамиздан олиб кетди. Қабрис­тонгача тобутининг бир учидан кўтариб бордим.
Раҳматли Ўктам Саидвалиев адабиётга қизиқишимни билар, фанлардан олимпиадалар бош­ланганда адабиёт ўқитувчимизга қайта-қайта тайинлаб, мени жўнатар, баъзан ўзи фан олимпиадаларида ҳайъат аъзолари сафига кириб қолса, ўзининг математиклари қолиб, мени қўллаб юборишни канда қилмасди. Бешинчи синф­далигимизда уйга берилган вазифа бўйича тўртбурчак шакл ясаб келиб, устознинг меҳрига, марҳаматига сазовор бўлдим. Шу-шу математика ва геометрия фанларидан баҳоларим «5» эди. Аммо, еттинчи синфда ўқиётганимизда устозга ёқмайдиган бир иш қилиб, кўзига ёмон кўриниб қолдим. Синф журналига айнан шу устознинг фанидан ўзимга баҳо қўяётганимда қўлга тушиб қолдим. Китоб-дафтарларим, сумкамни эшикдан ташқарига улоқтирди. Ўзимни ҳам синфдан қувиб солар экан, «Мактабдан ҳайдалдинг, йўқол!», деди зарда билан. Қилган ишимдан пушаймон бўлиш, афсусланиш ўрнига аразлаб уйга кетаётганимда директор ўринбосари Камол Мардонов олдимдан чиқди:
– Қаёққа кетяпсан, Мусомов?
– Бошим оғрияпти, синф раҳбаримиздан жавоб сўрадим…
Мардонов кафти ва бармоқларини пешонамга қўйди.
– Ёлғон гапирма, иссиғинг йўқ-ку. Орқамдан юр, раҳбарингдан сўраймиз.
Қўрққанимдан бор гапни айтдим. Менга раҳми келдими ёки тўғрисини айтганим иш бердими, билмадим, Мардонов анча насиҳат қилди. Ҳозироқ тўғри синфга бориб, Ўктам Саидвалиевдан кечирим сўрашимни тайинлади. У кишининг мактаб директори эканини эсимга солиб, қўрқитиб ҳам қўйди. Ҳаммасини Мардонов айтгандек бажардим.
Бағрикенгликни, меҳрни, ўз ўқувчисига нисбатан муҳаббатни, фидойиликни қаранг, Саид­валиев домла елкамга қўлини қўйиб, «Иккинчи бундай номаъқул ишни қилма! Майли кечирдим. Қилмишингни ота-онангга ҳам айтиб ўтирма, хафа бўлишмасин», деди бояги ғазабидан анча тушиб.
Ҳозир шу каби воқеаларни эсласам, биз мактабда ўқиган йиллар ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган, ҳеч қачон завқ-тароватини, лаззатини йўқотмайдиган даврларга тўғри келганига, устоз­ларимиз бебаҳо, тенгсиз, пок ва гина-кудуратсиз инсонлар бўлганига ишонч ҳосил қиламан. Аслида, умримизнинг мактабда ўтган ўн йили давомида биз хокисор устозларнинг эркатой фарзанд­ларига айланиб қолган эканмиз.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»