«Ishonch»га жавоб берадилар!!!

124

МАНЗИЛЛИ ДАВЛАТ ДАСТУРИГА КИРИТИЛГАН

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 3 мартдаги 27-сонида «Чеккадагининг чекига ҳеч нарса тушмайдими?» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда Риштон тумани, «Чекжалаер» МФЙ, Гулистон 1-кўчасидаги муаммолар хусусида сўз борган.
Мақолага Риштон тумани ҳокимлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Мақолада кўтарилган муаммолар туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, Халқ қабулхонаси бошлиғи, электр, сувоқова корхонаси мутахассислари ҳамда ушбу ҳудуддаги 25 нафар муаллиф ва бошқа фуқаролар иштирокида кўриб чиқилиб қуйидагилар маълум қилинади:
Мақолада «Чекжалаер» МФЙ ҳудудидаги «ички йўлларга қиш мавсумида кириб бўлмаслиги ва лойга ботиб қолиш ҳеч гап эмаслиги ёритилган бўлиб, 2021 йил манзилли давлат дастури доирасида 7 та кўчада жами 2,86 км., шундан 2,0 км. шағаллаштириш, 0,9 км. асфальтлаштириш ишлари ҳамда 4,0 км. узунликдаги боғловчи йўлни таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Туман ҳокимининг 2021 йил 3 майдаги «Риштон тумани «Чекжалаер» маҳалла фуқаролар йиғини бино иншоотларни давлат хусусий шериклик асосида тадбиркор Шерматов Абдурашид томонидан қайта қуриб, «Чекжалаер» МФЙ маъмурий биноси ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси сифатида фойдаланиш учун рухсат бериш тўғрисида»ги 650-сонли қарорига асосан МФЙ биноси қурилиши бошланган вақтда ҳудуд аҳолиси томонидан норозичилик юзага келиб, МФЙ биносини аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан қуриб олиш истагини билдиришган ва ҳозирги кунда аҳоли истакларига кўра қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудудларда ичимлик суви, электр тармоқлари тортиш, ички йўлларни жорий таъмирлаш ишлари давлат дастурлари томонидан олиб борилиши белгиланганлиги сабабли ичимлик суви таъминотини яхшилаш ишлари 2024 йил манзилли давлат дастурига киритилган бўлиб, унга кўра 14,0 км. тармоқ тортилиши белгиланган. Шу билан бирга 2022 йилда 2 дона трансформатор пункти ва 150 дона темир бетон устун ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, суҳбат давомида фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 сентябрдаги «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни
янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
қарорига асосан ҳудуддаги амалга оширилиши мумкин бўлган
лойиҳаларни «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаб,
жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш бўйича
тушунчалар берилди.

Риштон тумани ҳокими С.Солиев

 

ҲОКИМИЯТГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 19 апрелдаги 49-сонида чоп этилган
«Мактаб қурилишига жой йўқ(ми)?» сарлавҳали мақолага Халқ таълими вазирлигининг
муносабати қуйидагича бўлди:

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги 53-сонли умумтаълим мактаби 1972 йилда 180 ўқувчи ўрнига мўлжаллаб қурилган бўлиб, (1972 йилда собиқ 22-мактаб филиали сифатида 180 ўқувчига мўлжаллаб қурилган. Туман ҳокимининг қарорига асосан 2019 йилда мактаб мақоми берилган) бугунги кунда 350 нафар ўқувчи 1.9 навбат (смена)да таълим-тарбия олиб келмоқда. 2020 йил маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 107 миллион сўм маблағ ажратилиб, муассасанинг иссиқлик тизими таъмирланган, бино томи, эшик ҳамда дераза ромлари алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2022 йилги Инвестиция дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган умумтаълим мактабларининг рўйхати тасдиқланган.
Мазкур қарорга асосан Фарғона вилоятига ажратилган маблағлар доирасида жами 26 та мактабда қурилиш-таъмирлаш (2 та янги қурилиш. 10 та реконструкция ва 4 та мукаммал таъмирлаш) ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Учкўприк туманидаги 41-сонли умумтаълим мактабининг мавжуд 220 ўринли ўқув биносини таъмирлаш ҳамда қўшимча 220 ўринли ўқув биноси қуриш, 53-сонли умумтаълим мактабининг 220 ўринли ўқув биносини таъмирлаш ва қўшимча 180 нафар ўринли ўқув биноси қуриш учун вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачи этҳиб белгиланган.
Бугунги кунда ушбу умумтаълим мактабларида қурилиш-тиклаш ишлари Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан амалга
оширилаётганини инобатга олиб, Фарғона вилояти ҳокимиятига мурожаат қилишингиз
мақсадга мувофиқлигини маълум қиламиз.

Халқ таълими вазири ўринбосари И.Жўраев

ҚОРАТОШЛИКЛАР МУАММОСИ ҲАЛ ЭТИЛАДИ(МИ?)

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 15 мартдаги 33-сонида чоп этилган «Ҳаммаси «хўжакўрсин»гами?» сарлавҳали мақолага Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигидан қуйидагича жавоб келди:

Мақолада Самарқанд вилояти Қўшработ туманида Осиё тараққиёт банки буюртмасини амалга ошириш доирасида сув қувурларини тортиш ишлари суст бораётгани юзасидан шикоят қилинган. «Қоратош» МФЙда қазилган чуқурларга етказилган полиэтилен қувурлар сифатсиз, шунингдек, номига кўмилиб кетилаётгани ҳақида фикр юритилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, таҳририятга мақолада келтирилган ҳолатларга мутахассислар томонидан муносабат билдиришда кўмак бериш сўралади.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 сентябрдаги ПФ-6074-сон фармонига асосан «Ўзсувтаъминот» АЖ вазирлик таркибида ­мустақил ҳолда фаолият юритиб келмоқда.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш
вазири ўринбосари К.Турсунов

* * *
Мазкур мақолага «Ўзсувтаъминот» АЖ қуйидагича муносабат билдирди:
Бугунги кунда Қўшработ тумани «Қоратош» маҳалласида ичимлик суви тармоқлари тортилмоқда. Қурилиш ишлари якунига етгач, тегишли ташкилотларнинг хулосаларидан сўнг «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ лойиҳага доир маълумот беришини маълум қиламиз.

«Ўзсувтаъминот» акциядорлик
жамияти бошқарув раисининг
биринчи ўринбосари Т.Ҳайдаров

ЯҚИН КЕЛАЖАКДА БЎЛАДИ

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 16 апрелдаги 48-сонида «Хоразмда нега санъат техникуми йўқ?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унга Маданият вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Бугунги кунда вазирлик томонидан «Маданият ва санъат соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қарор лойиҳасида ҳудудларда мусиқа ва санъат коллежлари ҳамда техникумларини ташкил этиш масаласи ҳам назарда тутилган.
Лойиҳада тегишли манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан берилган хулоса ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда коллеж ва
техникумлар ташкил этиш
режалаштирилган.

Маданият вазирининг
биринчи ўринбосари
Б.Аҳмедов

СУРАТГА ТУШИШ МУМКИН, ФАҚАТ…

«Ishonch» газетасининг шу йил 16 апрелдаги 48-сонида чоп этилган «Бердақ эсдалиги қошида нега суратга тушиш мумкин эмас?» сарлавҳали мақолага Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қуйидагича муносабат билдирди:

Барчангизга маълум, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимият ҳисобланади. Шунинг учун Жўқорғи Кенгес биноси ва унинг ҳудуди ишонч­­ли муҳофаза қилиниши зарур.
Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан муҳофаза қилинадиган объектлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Қорақалпоғис­тон Республикаси Қўриқлаш бошқармаси ўртасида тузилган «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси биносига кириш-чиқишни ташкил этишга оид йўриқномасида Жўқорғи Кенгес биноси ва унинг ҳудуди қўриқлаш хизмати томонидан қўриқланади. Объект ва унинг ҳудудига мобиль телефон, аудио, фото ва видео тасвирга олиш воситалари, электрон маълумот ташувчи ва узатувчи ускуналар олиб кириш, расмга олиш фақатгина объектдаги масъул раҳбарларнинг рухсати билан амалга оширилади, деб кўрсатилган.
Шундан келиб чиқиб, Бердақ бобомизнинг ҳайкали Жўқорғи Кенгес ҳудудида ва иншоотнинг олдига яқин жойлашгани туфайли, Жўқорғи Кенгеснинг масъул раҳбарларига мурожаат этилади.
Бу Бердақ бобомизнинг ҳайкали олдида расмга тушишни, бобомизнинг улуғлигига бош эгиб, ҳурмат бажо келтиришни чеклаб қўйишни англатмайди.
Бердақ бобомизнинг таваллуд кунлари унинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бирга, бошқа тадбирлар ҳам амалга оширилиб келинмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз, Жўқорғи Кенгесда давлат миқёсидаги масалалар ҳал қилинади. Хизмат доирасида кўплаб чет эллик меҳмонлар ҳам ташриф буюради. Шунинг учун бу жойда тартиб-интизом ўрнатиш, тозаликни сақлаш мақсадга мувофиқ. Агарда бу ерда тартиб-интизом ўрнатилмаса, оммавий тадбирлар, тўй сайиллари ва бошқа тадбирлар вақтида аҳоли кўп йиғилиб, иншоот олдидаги майдонга чиқинди ташлаб кетилиши, ҳайкал атрофига ва ўсимликларга зиён етишини унутмаслигимиз зарур.

Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш,
ёшлар сиёсати ва жамоат бирлашмалари масалалари
қўмитаси раиси Д.Қурбаниязов

Таҳририятдан: Биз таҳририятга йўлланган жавобларни ўз ҳолича эълон қиляпмиз. Аммо, ростини айтганда, улардан кўнглимиз тўлди, деб айта олмаймиз. Муаммолар ечим топармикан, буни ҳам аниқ айтиш қийин. Мутасадди идораларда уларга жонкуярлик билан ёндашилмаганлиги яққол бўй кўрсатиб турибди.
Бироқ, биз мавзуга яна қайтамиз…