XXI аср жаҳон шеърияти қандай бўлиши керак?

160

Бу саволга жавобни Гекё Маринай ижодида топганим ҳақида

Биздан аввал ўтган шеърият салафлари кўрган улуғ ўзгаришлар олдида биз амалга оширмоқчи бўлган «инқилоблар»нинг ҳеч экани кундек равшан. Неларни кўрмади Ҳазрат Адабиёт?..
У кўрган шоирлар ичра Навоий ва Ҳомердек пурвиқор чўққилар, Бобур ва Уитмендек бесарҳад денгизлар ҳам бор эди. Бу тоғу денгизлараро лаҳзаларни этагига илаштирганча учиб ўтаётган вақт шиддатини аниқлаш доим имконсиз бўлгани ҳолда бир зумлик ишдек кўринади. Бир зумлик деганимнинг сабаби, ушбу ишнинг ечими фақат ва фақат шеърда, дея ўйлаганимдан бўлса керак.

Шеър қачон ва қандай яралгани ҳақида ­мистиклар ҳам, материалисту романтистлар ҳам ўз сўзини айтиб бўлишган. Ҳали шеър мана шундоқ бўлиши керак, деган қатъий ҳукмни эшитмадик.
Бизнинг ҳукм чиқармоққа ҳақимиз бўлмагани каби бу шеър эмас демоққа ҳам имконимиз йўқ.
…Бир шоирга эҳтиёжим бор эди. Биз қамалган қути – воқеликдан ташқаридаги шоирга. Кимни ўқисам, ҳатто, унинг шеърлари ўзга дунёлардан хабар янглиғ янграётган бўлса-да, унинг тасвирлаган дунёси ҳам қутисифат бўлиб кўринаверди. Менга ­шаклсиз жимлик, қолипсиз, аммо муайян мантиқ ила бир-бирига қоришиб бораётган ранг ва мендан, сўзу сукунатдан ташқаридаги моҳият керак эди каминага.
Кузнинг қадамлари Тошкент кўчаларига илк из солган кунларнинг бирида Гекё Маринай билан танишдим. Шеърларини мутолаа қилиб, шеър ўқияпманми ё чўкиб боряпманми, дея ўзимга савол бериб қўяр, қадим Шарқ шеъриятига боғланган ғарбона сатрларга рост келиб ҳайратланардим.
Йигирманчи аср бошида жаҳон назмига ўнлаб янги оқимлар кириб келди. Мазкур оқимлар ўзидан аввалги пре-модерн шеърни инкор қилар ва улкан реформацияларни ваъда қилган ҳолда модернлашув жараёнини бошлаб берганди. Маринай шеър­ларининг мутолааси давомида анг­ладимки, ўша оқимлар ҳам, ҳатто улардан кейин майдонга чиққан постмодерн шеърият ҳам анча эскирибди. Миямга йигирма биринчи аср жаҳон шеърияти қандай бўлиши керак, деган савол урилди.
Эрийди балиқлар ёдномалари
кўзингдан ёғилган оташлар сабаб…
Бу сатрлар билан юзлашганда бир тўхтаб оласиз. Балиқларнинг ёдномаю солнома тутишларини бир тасаввур қилиб кўринг. Ишонинг демаяпман, шунчаки тасаввур… Энди уларнинг нигоҳ тафтидан йитишини. Нималардир аниқлаша бошлади-ку, тўғрими? Аниқлашув – иллюминейтингдан сўнг реаллик оқ байроқ кўтариб қаршингизга чиқади: нималардир моҳиятини йўқотадики, уларнинг қачондир балиқ, ёднома, нигоҳ ва тафт эканини унута ­бошлайсиз.
Назаримда, Маринай шеъриятини шундай, ривоятлар, қадим оҳанг обидалари, Ғарбу Шарқ фалсафаси кесишган нуқта ва осмоний тахайюл билан таҳлил қилмоқ керак. Айнан шунда биз ўрганган, аллақачон тошлашиб кетган эски стереотиплар парчаланади ва янги назариялар туғила бошлайди. Йигирма биринчи аср адабиёти назариялари!
Ва яна:
Мен сендан шу қадар олислаб кетдим,
дарахтман, ёлғондир яшиллигим ҳам
ва яна ёмғирнинг қўлларин ўпиб,
бахтлиман деганим ҳам ёлғон эди.
Олислар қадар яқин одамингизга ҳолингиздан хабар бермоқ қандай бўлади? Ёмғирнинг қўлларини ўпа туриб ёлғон сўзламоқчи? Бу соғинчга ҳам, изтиробу биз ўрганган бошқа кечинмаларга ҳам ўхшамайди. Мана шу чин маънода янгилик. Ташбеҳлар тушунтиришга эмас, балки тушунилишга муҳтож. Бу тушунилиш икки карра икки тўрт қабилидаги тушунилиш каби эмас. Уларни ғайриоддий дейиш ҳам уқувсизлик бўлар.
Боя айтганим эҳтиёжни қондирувчи шоирни ­топдим: Гекё Маринай. Устозлар Одил Икром ва Хосият Рустамнинг далдалари ила таржимага киришдим. Бу менинг шеърий таржимадаги биринчи йирик ишим эди. Бу жараёнда менга ҳар томонлама маслаҳат ва дастак бериб турган устоз Одил Икром эътирофига кўра, Гекё Маринай Шарқ, хусусан, форс шеъриятининг азим дарёларидан сув ичган шоир. Кейинчалик англадимки, чиндан шундай экан. У қўллаган ташбеҳ, тажнис ва бошқа адабий санъатларга кўра ҳам ушбу фикрни далилламоқ мумкин:
Мен-ку боролмадим, келдинг, хуш келдинг,
қушга айланолмай қийналди жоним
ва осмон ҳаяжон ичра энтикиб,
мени чорлайверар сенинг исминг-ла.

Ёки:
Бир олам гуллайди ҳар бир ҳарфнинг
қадим ва пурзиё ибтидосида
ва шабнамлар шаклин ўзгартираркан,
денгизга дўнади сукут кўлкаси.
Маринайнинг яна бир шеърида шундай сатрларга кўзингиз тушади:
Ёвузлик либосин ўзгартираркан
мен ёлғиз қоламан,
ҳазрат Румийнинг
унутилган байтлари ила.
Маринай шеърларидаги шарқона оҳанглар Мавлоно ва бошқа улуғларимизнинг пурвиқор чўққиларидан оқиб тушаётган Маъно дарёларидан сув ичганини маълум қилди. Назаримда, ўзга таърифга ҳожат йўқ.
Маринай сочмаларидаги янги ташбеҳлар, оҳанг оқимлари ва моҳият силсилалари бугун шеърият майдонига кириб келаётган тенгдошларимиз учун жаҳоний дастуриламал бўлиб хизмат қилишига ишонаман. Негаки, эркин шеърнинг дунё адабиётидаги шаклини асосан турк, фаранг ва форс назмида кўриб ўрганган ўзбек ўқувчиси учун Маринай – америкалик шоирнинг ижод намуналари ўзига хос янгилик бўлиб хизмат қилади.
Шундай қилиб, Гекё Маринайнинг «46 саҳифа» китоби ўзбек тилида нашр этилди. Балки ўқигандирсиз? Балки энди ўқирсиз… Нима бўлганда ҳам сўнгги сўзни шеърхоннинг ўзи айтмоғи керак.

Мирзоҳид МУЗАФФАР

Келиб чиқиши албаниялик АҚШ шоири Гекё Маринай (Gjeke Marinaj) 1965 йил Албаниянинг Малъеси вилоятида туғилган. Шеъриятнинг постмодернизм йўналишида ижод қилувчи Маринай филология фанлари доктори, ёзувчи ва протонизм таълимоти асосчиси ҳисобланади.
У 2001 йилдан буён Албан-Американ ёзувчилар уюшмаси раиси ва айни пайтда Техас университети профессори.
У таржимон ўлароқ бир қанча албан шоирларининг асарларини ҳам инглиз тилига ўгирган. Жаҳоннинг кўплаб адабий мукофотларига лойиқ деб топилган. Бугунги кунда унинг назариялари Америка ва Европа университетларида дарслик сифатида ўқитилади.
Шоирнинг «46 саҳифа» китоби ўзбек тилига таржима қилинган.

Гекё МАРИНАЙ