Тиббиёт бозорга айланмасин

244

ёхуд соҳа ривожига нималар тўсиқ бўлмоқда?

Гапнинг дангалини айт­ганда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасига катта ­эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг бу йўналишнинг «ичига кириб» таҳлиллар қилаётгани, миллиардлаб маблағни аямаётганини эътироф этиш керак. Куни кеча тиббиёт ходимларининг маошлари оширилди. Хароб аҳволга келиб қолган кўпгина шифохоналар таъмирланиб, замонавий қиёфага кирди. Биргина хусусий тиббиёт клиникалари сони 8000 тага етди. Хориждан зарур технологик ускуналарни олиб киришда ва бош­қа ишларга бир қатор имтиёзлар берилди. Сўнгги беш йилда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиётлари жорий этилди, республикамиз шифохоналарида буйрак ва жигар трансплантацияси йўлга ­қўйилди.
Тизимни яхшилаш учун 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ажратилмоқда. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маб­лағлар 2016 йилга нисбатан 12 баробар кўпайтирилган.
Қолаверса, шифокорларнинг мақомини ошириш, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган тиббиётчиларга имтиёзлар яратиш борасида ҳам қатор ишлар қилинмоқда
Аммо… Одамларнинг ҳамон тиббиёт­и­­мизга ишончи қайтиши осон эмас… Бу ишлар ўз-­ўзидан бўлаётгани йўқ. Биз ҳам халқимиз саломатлиги учун жавобгар бўлган соҳага айни шу йўналишдаги мутахассислар назари билан нигоҳ ташлашга ҳаракат қилдик.

Ҳаддан ошган хатоликлар

Бир воқеа мени ларзага солганди. Мана унинг қисқача тарихи: ўтган йили Нукус шаҳридаги перинатал марказ шифокорлари 14 февраль куни туғилган чақалоқни 15 февраль куни эрталаб «вафот этди» деб «морг»га бериб юборади. Аммо чақалоқда патолого-анатомик тадқиқот ўтказилганда, у тириклиги маълум бўлади. Шунда мутахассислар биринчи ёрдам кўрсатиш ўрнига, перинатал марказдан шифокорларни чақириб, чақалоқни уларга қайтариб бериб юборади. Гўдак зарур биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этади…
Афсуски, бу биргина ҳолат эмас. Биз хато қўйилаётган ташхислар ҳақида кўп эшитяпмиз.
…Қайсидир ҳамкасбимиз ойлаб дардига дармон тополмаётганидан, ҳали у, ҳали бу шифокорга учраб, турли тиббий кўриклардан ўтиб, миллионлаб пули кетса-да, аммо даво топмаганидан нолийди.
…Кимдир шифокор бир дунё дори-дармон ёзиб бергани, уни ўзининг таниш шифокорига кўрсатганида, «ярмини олмасангиз ҳам бўлади», дея маслаҳат берганидан ёзғиради.
…Қўшни аёлга дардингизни айтсангиз, «Таниш дўхтиринг борми, унга бор, ҳозир дўхтирлар алдайди, фирмалар билан ишлайди», дейди.
Бу гапларни эшитган беморнинг ҳали шифокорга бормасиданоқ дарди чандон ортади. Чунки тиббиётни унинг асл эгаси бўлмаганлар, «Гиппократ қасами»ни унутганлар аллақачон бозорга айлантириб юборишган. Афсуски, бунга мисоллар жуда кўп…
Оқибатлари ҳақида кўп мулоҳаза қилиш мумкин. Аммо сабаблар нимада?
Шу мақсадда соҳа олимлари ва мутахассислар фикрлари билан қизиқдик.

«Кадрлар тайёрлаш усулини ўзгартириш керак»

– Бугунги тиббиётнинг энг оғриқли жиҳатларидан бири шуки, талабалар касалликларни амалий тарзда ўрганиши учун шароит йўқ, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев. – Масалан, «Жигарни УТТ (УЗИ) қилиш» деган мавзу ўтиладиган бўлса, ­талабалар «УЗИ» аппаратида ўтириб, бири бемор, иккинчиси шифокор бўлиб, жигарни амалда текшириб, ундаги белгиларни ўрганишлари керак. Аммо юртимиздаги энг олд тиббиёт олийгоҳи бўлган Тошкент тиббиёт академиясида ҳам бундай шароит йўқ. Ёки неврология йўналишини олайлик. Неврологияда Дуплекс, ЭЭГ, ЭНМГ, рақамли рентген деган текширувлар бор. Бу ускуналар эса Тиббиёт академияси кафедраларида йўқ. Борлари фақат беморлар учун ишлатилади. Талабалар, магистрлар ўрганиши учун бу ускуналар кафедранинг ичида ҳам бўлиши керак. Бизда эса фақат клиникада бор. Энг катта тиббиёт маскани бўлмиш Тошкент тиббиёт академиясида МРТ аппарати йўқ. Фақат 3-4 йил олдин олинган КТ аппарати бор, холос. Шу боис ҳозир талабаларнинг амалий жиҳатдан соҳани ўрганишларида катта оқсоқлик бўлмоқда. Улар мавзуларни фақатгина назарий жиҳатдан ўрганишяпти.
Майли, бу бакалавриат таълими дермиз, аммо магистрлар ҳам фанни шу аҳволда, яъни фақат назарий жиҳатдан ўрганишяпти. Амалиётда эса жарроҳлар операцияга ҳамма амалиётчи талабаларни олиб киравермайди. Кимнингдир таниши бўлса ёки врач билан яхши муносабатда бўлганларигина кира олади. Айримлари эса хусусий клиникада навбатчиликда туриб, ўша ердаги ходимларга «акажон», «опажон» деб илтимос қилиб ёки танишлари ишлаётган шифохоналарга бориб, мутахассисларнинг ёнида ўтириб ўрганишлари мумкин. Қолганлари амалда ўрганолмай қолиб кетяпти. Натижада 6 ёки 9 йил ўқиганига қарамасдан, қишлоқ поликлиникасига ишга борганида, ҳозир ҳамма жойда тарқалиб бўлган оддий «УЗИ» аппаратида ишлашни билмайди. Оқибатда ушбу ускунада ишлашни ўрганиши учун Врачлар малакасини ошириш институтига бориб, 6 ой ўқиб келмоқда. Бунга нима дейсиз?
Нега шунча контракт пулини тўлаб, 9 йил ўқийди-ю, аммо энг оддий тиббий асбоб-ускуналарда ишлашни билмайди? Бундай таълимнинг кимга кераги бор? Ҳар бир кафедрада ўзининг йўналишидан келиб чиқиб амалиётда ишлатиладиган техника бўлиши керак. Гарчи улар қиммат бўлса ҳам, биз уларни олиб келмас, амалда ўргатмас эканмиз, фақат китобдаги илм билан ҳақиқий шифокорларни тайёрлай олмаймиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тиббиёт муассасалари ректорлари юқоридаги масалани, шу билан бирга, кафедраларда илмий-ўқув лабораториялари ташкил этиш ҳақида жиддий ўйлашлари керак. Акс ҳолда, кадрлар масаласида сифат ўзгариши қийин.

«Ўзини ўзи таъминлаш» тиббий таълимни абгор қилади»

– Биласиз, ҳозир олий таълим тизими босқичма-босқич «ўзини ўзи таъминлаш»га ўтмоқда. Бир қатор тиббиёт олий ўқув юртлари ҳам бу тизимга аллақачон ўтиб бўлишган, – дейди таниқли профессор ва маҳоратли жарроҳ Жуманазар Бекназаров. – Балки бошқа йўналишларда бу ўзини оқлар, аммо мен ҳам талабаларга дарс берган инсон сифатида айтаманки, тиббий таълимнинг ўзига хослигини инобатга олиш керак. Одатда, тиббий йўналишда ўқийдиган талаба бошқалардан ҳам кўпроқ ўқишига тўғри келади. Чунки у инсон ҳаётини сақлаб қолиши керак, хато қилишга ҳақи йўқ. Аммо охирги йилларда талабалар орасида шундайларини ҳам кўрдимки, ўз шартнома пулини тўлаш учун дарсдан кейин ишлайди, бозорга чиқиб, арава тортадиганлари ҳам бор. Энди ўзингиз ўйланг: дарсдан кейин ишлаётган талаба қачон фанни ўқиб-ўзлаштиради? Унинг савияси қанақа бўлади? Эртага у беморга қандай ташхис қўяди?
Афсуски, бундай шароитда ўқитувчиларга деканатдан «Талабаларни йиқитманг, баҳосини қўйиб беринг», деган топшириқ берилади. Агар талаба «йиқиладиган» бўлса, университет унинг контракт пулини ҳам қайтариб бериши керак. Бу эса университетга молиявий жиҳатдан зарар бўлади. Ахир ўқитувчи ва профессорларга маош бериш, моддий-техник базани «ушлаб туриш», талабаларни стипендия билан таъминлашнинг ўзи бўлмайди. Кейин айрим талабаларда «Шартнома пулини тўлаб қўйибман-ку, керак бўлса, ўргатасиз!» деган иддао ҳам бор. «Суперконтракт» асосида ўқиётган талабаларнинг билими суст. Шу боис биз шифокорликка энг муносиб ёшларни ўқитишимиз, талабга жавоб бермайдиган талабалардан воз кечишимиз керак.
Аянчлиси, бундайлар кам эмас. Шу боис улар ўқишни битириб ишга киргач, касалликка аниқ ташхис қўя олмаяпти, одамларни даволай олмай, овора қиляпти. Натижада касаллар сони ошса ошяптики, камаймаяпти.

«Қоғозбозликдан қачон қутуламиз?»

– Олти йилдан буён оилавий шифокор бўлиб ишлайман, – дейди пойтахтимиздаги поликлиника шифокорларидан бири С.Бобирхонова (исм-шарифи ўзгартирилди). – Икки йилдан буён икки ставкада, бир ставка оилавий шифокор, яна бир ставка бўлим бошлиғи лавозимида ишлайман. Биласизми, энди электрон тизимга ўтаётган бўлсак-да, барибир, ҳисоботлар, қоғозбозлик ишларига кўп вақтимиз кетмоқда. Масалан, мен куни бўйи ишда бўлишим билан бирга, баъзи кунлари уйга келгач ҳам соат 21-22 ларгача ёзув-чизув, ҳисобот қилиб ўтираман. Ҳали прократурага, ҳали ҳокимиятга, ҳали туман соғлиқни сақлаш бўлимига турли йўналишларда маълумотларни жамлаб топширамиз. Тахминан ўн турдаги ҳисоботни навбат билан юборамиз. Албатта, бундай қоғозбозлик ҳар қандай одамни чарчатади, бунинг ўрнига жон деб ўз устимда ишлардим, аммо иложи йўқ.
Оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлиги ошиши, касалликларнинг олдини олиш ва эрта босқичда аниқлашга эришиш учун, аввало, тиббиёт ходимларининг маоши оширилиши, хусусий клиникаларда бор замонавий лаборатория ва текширув ускуналари давлат поликлиникаларида ҳам бўлиши керак. Ана шунда ҳудудидан кечки босқичга ўтиб кетган оғир касалликлар чиққанида, шифокорларни маошидан жаримага тортиш тизими жорий этилса, барча шифокорлар ҳудудидаги одамлар билан ишлаган, мулоқот қилган бўларди. Мен хориждаги тиббиёт билан танишганимда, баъзи давлатларда шундай тажриба жорий этилганини ўқидим. Ўйлайманки, бу бизнинг тиббиётимиз учун ҳам фойдали бўлади.

«Зарур восита берилмайди, малака ошириш муаммо»

Навбатдаги суҳбатдошимиз оилавий поликлиника лор шифокори О.Нуриллаев.
Ундан фаолияти, беморларга кўнгилдагидек хизмат кўрсатиши учун яратилган шароитлар ҳақида сўрадик. У хонасидаги 13-14 хил иш асбобларига ишора қилиб, барчасини ўз ҳисобидан сотиб олганини, поликлиника 2-3 йил олдин қайта реконст­рукция қилингани боис кўп жиҳозлар янгидан келтириб берилгани, аммо лор йўналишидаги тиббий иш анжомлари берилмагани, кута-кута охири ўзи харид қилганини айтди:
– Масалан, айрим беморларнинг томоғини суюқ дорилар билан чайишга ҳам расман рухсат йўқ. Сабаби – бундай хизмат кўрсатиш учун давлат томонидан зарур препаратлар берилиши, санитар шароитлар бўлиши керак. – Аммо қабулимизга беморлар дардига дармон истаб келишади. Аввалига фақат беморларни текшириб, ташхис қўйиб, даволаниши учун муолажа ёзиб берардим. Шунда айрим беморлардан «Томоғимни ювиб қўйишга ҳам имкониятингиз бўлмаса, нимага бу ерда ўтирибсиз? Cизни даволайди деб, умид билан чиқамиз-ку», деган гапларни эшитгач, ўз ёнимдан ўша дори препаратларини олиб келиб, шу ерда талабгор беморларнинг томоғини ювадиган бўлдим. Аммо бирор текширувчи келиб қолса ва буни билиб қолса, менга катта жарима ёзиб кетади. Бироқ, одамлар асосан томоғини ювдиришга муҳтожлигидан поликлиникага чиқади. Аммо бунга расман рухсат ва шароит йўқлиги кўнгилдагидек ишлашимизга тўсиқ бўлмоқда. Бу каби тўсиқларни ҳал қилиш вақти аллақачон келган, деб ўйлайман. Биринчи ўринда ойлик маошимизни ­оширишларини хоҳлардик. Мен бир ставка учун 2 миллион маош оламан ва бу оилавий харажатларимга етмагани боис тушдан кейин ҳам бошқа хусусий клиникада ишлайман. Агар маошим етарли бўлса, ярим кун ишлаб, ярим кун вақтимни ўз устимда ишлашга сарфлардим.
Яна бир масала. Ўтган йили малака оширишга бордим. У ерда профессорлардан таълим олиш билан бирга, уларнинг операция жараёнидаги ишларини ҳам кузатамиз, деб ўйлагандим. Бир ҳафтача ўқитувчиларимиз ўзлари ишлаётган хусусий клиникалардаги операцияларга олиб киришди, кўрдик. Аммо қолган уч ҳафта қуруқ маърузалар тингладик. Бу вақт биз амалиётчилар учун ҳавога учгандек бўлди. Шифокор амалиётда ўз йўналишидаги янги жорий этилаётган операцияларни, янгиликларни бевосита кўриши, ўрганиши керак. Бизда малака ошириш тизими ҳам шу жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Ҳатто лор йўналишидаги кафедра учун жой масаласи ҳам ўша пайтда муаммо бўлиб турганди. Энди ўзингиз ўйланг, оддий жой ­масаласи ҳал бўлмаган малака ошириш масканидан шифокорлар қандай янгилик олишлари мумкин? Малака ошириш тизимимиз ҳам абгор аҳволда.

Уйларимиз дорихонага айланиб бормоқда

Қайси давлатда тиббиёт қолоқ бўлса, ўша давлатда дорихоналар «гуркирайди». Чунки чаласавод шифокор қаторлаштириб дори ёзади, касалликнинг аниқ ташхисини билган, виждонли шифокор эса кўпи билан уч-тўртта дори тавсия қилади. Атрофга боқсангиз, ҳар беш-олти чақиримда ўнлаб дорихона санайсиз. Улар билан ёнма-ён эса таомхоналар. Марказий ва одам гавжум кўчаларда бу рақамлар янада ортади. Аслида, ҳар қандай касалликдан кўра, ўша касалликни даволаш учун ичилган дориларнинг таъсири аянч­лидир.
Тиббий маданиятимизнинг оқсаши шифокорларимизнинг фармфирмалар билан ҳамкорлиги, хуфиёна шериклиги оқибатида дорилар ичиш ортидан аҳолида янги касалликлар ҳам ортиб бор­япти. Талабадан тортиб ёши улуғимизгача касалмиз. Бу аҳволда миллат генофонди нима бўлади? Биз ибн Сино айтган табиий шифокорлар – қуёш, ҳаво, сув ва бадантарбия орқали дардимизга шифо топишни унутиб қўйдик. Бир ёқда телевидение ва радиомиз тинимсиз дорилар рек­ламаси билан халқни чалғитиб ётибди. Ваҳоланки, Шарқ табобатимиз ўз даврида ғарбни ҳам уйғотган. Бугун эса у ҳам кўмакка муҳтож.
Яқинда бир қариндошимиз 4 йиллик мусофирчиликдан кейин Россиядаги ишидан таътилга чиқиб, Ўзбекистонга келди.
– Мени ажаблантирган нарса шуки, – дея куйиниб гапириб қолди у кетар олдидан. – Ўзбекистонда ҳамма дори ичишга ружу қўйибди. Кимникига борсам, оиладагилардан бири қон босими ёки бош­­қа касаллик учун дори ичади. Ҳамма ёқ – «аптека». Хорижда шифокорлар, аввало, табиий йўл билан даволашга ҳаракат қилишади. Иложсизликдангина укол ёки бирор дори ёзмаса, аксарият ҳолларда табиий йўл билан даволайди.
Унинг гапларидан сўнг мулоҳаза қилиб кўрдимки, биз катта бойлигимиз бўлган табобатимизни ривожлантирмасдан, дорилар исканжасига тушиб қолган эканмиз. Афсуски, бу – ҳақиқат!

Хулоса ўрнида

Шифокорлар билан суҳбатимизда уларнинг барчаси мулоқот аввалида ойлик маош масаласини тилга олди. Тан олиш керак, бу даъволар ҳақли. Зеро, тиббиёт ходими оиласи, рўзғор ташвишларидан ортиб ўз устида ишлаши, мунтазам билимини ошириб бориши учун ҳам моддий имконияти етарли бўлиши зарур. Виж­дон, Гиппократ қасами ҳақида ҳар қанча гапирмайлик, агарки шифокорлар зарур бирламчи эҳтиёжини-да, қопламайдиган маош олар экан, улар фирмалар билан ҳам ишлашда давом этади, беморларнинг ҳам қўлига қарайверади. Чунки унинг ҳам оиласи, фарзанд­лари бор.
Ҳукумат уларнинг маошини оширгачгина, ўз ҳудудидаги аҳоли ўртасида яхши ишламаган, касалликларни вақтида аниқламаган, фирмалар билан ҳамкорлик қилган шифокорларга жарима қўлланилиши усули жорий этилса, ўринли ва адолатли бўлади. Унгача эса кадрлар ­тайёрлаш, поликлиникаларни сўнгги зарур технология билан таъминлаш, лабораторияларнинг моддий-техник базасини бутунлай янги жиҳозлар билан ­бойитиш, табобатдаги ишончли усулларни муолажа жараёнида кенг жорий этиш каби масалалар жиддий кўриб чиқилиши тарафдоримиз. Мутахассислар айтганидек, бусиз ҳозирги аҳволимиз бир қадам ҳам олға силжимайди.
Тиббиётчиларимизнинг ўзгаришини истар эканмиз, аввало, соҳанинг ўзига «ташхис» тўғри қўйилиши, бошланаётган ислоҳотлар жараёнида уларга асосий ­эътибор қаратилиши керак. Зеро, ривож­ланган давлатларда бўлганидек, юртимизда ҳам тиббиёт том маънода инсонларнинг нажоткори бўлиб қолсин, асло бозорга айланмасин!

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»