Наманганда халқаро гуллар фестивали бошланди

188

Наманган шаҳрида 61-халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтмоқда

Унинг тантанали очилиш маросимида вилоят фаоллари, мартабали меҳмонлар, чет эл делегациялари, ОАВ вакиллари ва блогерлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Ш.Абдураззоқов нутқ сўзлаб, миллий анъаналаримизни ривожлантиришдан мақсад ҳудудларимиз салоҳиятини кўтариш, иқтисодий ва туризм потенциалини оширишдан иборат эканлигини эслатди. Жумладан, ушбу фестиваль Президентимиз ташаббуси ва тавсияси билан халқаро мақомга эга бўлганини, кўлами тобора кенгайиб бораётганини, бу эса мамлакатимиз аҳлининг фахрланишига сабаб бўлаётганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

Зеро, Наманганда гулчиликни ривожлантириш учун барча шароитлар муҳайё этилган. Бу бебаҳо ўсимликларнинг янги навларини яратиш, уларни клонлаш ва турларини хилма-хиллаштириш бўйича ўз лабораториясига эга Гулчилар ассоциацияси ҳам тузилган. Фестиваль муносабати билан махсус ер участкалари ажратилиб, зарур инфратузилма шакллантирилган. Ундаги иссиқхона хўжаликларида маҳаллий гулчилар мингдан зиёд бир йиллик ва кўп йиллик  турфа гулларни парваришлашмоқда.

“Гуллар фестивали – 2022” доирасидаги байрам тантаналари Наманган шаҳри марказида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтади.

Тарихга назар ташласак, бу шаҳарда илк бор 1961 йилнинг 24-27 август кунлари гуллар кўргазмаси уюштирилган. Бора-бора у байрам сифатида кенг нишонланадиган бўлган. 2018 йилдан эътиборан эса фестивалга айлантирилган.  Унда қўшни мамлакатлар гул етиштирувчилари ҳам иштирок эта бошлагач, халқаро мақомга эга бўлди. Шунингдек, фестивалда қатнашишга қизиқувчи сайёҳлар ва ушбу жараёнлари ёритиб бориш истагида бўлган чет эллик журналистлар ҳам кўпайди.

Бултур Наманган шаҳри фестиваль муносабати билан йигирмадан зиёд мамлакатдан сайёҳлар ва ОАВ вакилларини қабул қилганди. Бу йил эса ўттиздан ортиқ давлатдан сайёҳлар келиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар байрам доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига 20 миллион тупдан ортиқ гул экилди, ҳаваскор боғбонлар юздан ортиқ композицияли кўринишларни томошабинларга тақдим этишга ҳозирлик кўришди.

Фестивалда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгаши ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, ҳар хил гуллардан уюшма эмблемасини ясашди ҳамда автопарад карвонида олдинги қаторларда бўлишди.

15 кун давом этадиган анъанавий байрам Наманган халқаро аэропортидан Гуллар автопаради билан бошланди. Манаман деган мамлакатлар парад орқали ўз ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилаётган бир пайтда тинчликсевар Ўзбекистоннинг гуллар шаҳри Наманганда гуллар автопаради орқали гўзаллик бутун дунёга тараннум қилинмоқда. Автопараддан ўрин олган турли транспорт воситаларидаги ажойиб халқлар дўстлиги композицияси Хитой, Япония, Корея, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлардан келган меҳмонлар ва журналистлар эътирофига сазовор бўлди.

Байрам дастуридан кўплаб кўнгилочар тадбирлар ҳам ўрин олган. Хусусан,  ҳунармандчилик буюмлари, китоблар, фотосуратлар, она юрт ва табиат манзаралари акс эттирилган расмлар кўргазмаси, миллий либослар намойиши ташкиллаштирилади.

“Гуллар фестивали” 5 июнга қадар давом этади.

Орзугул Рустамова,

ishonch.uz