Абитуриентлар учун кўргазма

139

Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “MY FAIR” компанияси ҳамкорлигида ёшлар учун “Таълим ва касб – сўнгги қўнғироқ – 2022” халқаро кўргазмаси ўтказилди. Унда мактаб битирувчилари ва абитуриентлар ҳамда халқаро аккредитацияга эга йигирмадан ортиқ хорижий олий ўқув юрти масъуллари  иштирок этишди.

Бугунги кунда ўзлари танлаган олий ўқув юртига имтиҳонлар асосида қабул қилинган йигит-қизлар ихтиёрий равишда хорижда ёки Ўзбекистонда таҳсил олишлари мумкин. Шу боис кўргазмага нафақат пойтахтимиздан, балки вилоятлардан ҳам кўплаб ёшлар келишди. Улар масъулларга ўзлари қизиққан соҳа ва йўналишларга, айниқса, ҳужжат топшириш, имтиҳонлар, белгиланган квоталар, таълим муддати ва шартнома суммаларига, бакалавриат тизими, магистратура, кадрларни қайта тайёрлаш, малака ошириш дастурларига тааллуқли саволлар билан мурожаат қилиб, батафсил жавоблар олишди.

Тадбирда ёшларнинг ота-оналари ҳам қатнашдилар.

– Менинг ўғлим IT соҳасида чет элда ўқишни хоҳлайди, – дейди суҳбатда фарғоналик Баҳром Мирзаев. – Шунга кўра, кўргазмага келдик. Тегишли олий таълим муассасалари фаолиятига доир маълумотлар билан танишиб,  Урал федераль университетини танладик. Унда мавжуд шароитлар, грант ўринлар, стипендиялар, рўйхатдан ўтиш жараёни онлайн тарзда эканлиги бизни жуда  мамнун қилди.

Дарвоқе, бундай кўргазмалар ёшлар соҳадаги сўнгги янгилик ва имкониятлар, халқаро аккредитациядан ўтган олий ўқув юртлари  фаолияти билан яқиндан танишишларида муҳим аҳамият касб этади.

Диёра Равшанова,

ishonch.uz