Пойтахтимиздаги “Radisson Blu” меҳмонхонасида 28 май – Озарбайжон демократик республикаси ташкил топган сана муносабати билан расмий тадбир бўлиб ўтди.
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази томонидан расмий қабул ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларнинг элчилари, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, фан, маданият ва санъат соҳалари раҳбарлари, журналистлар ва жамоатчилик иштирок этди.
Маросимда дастлаб Озарбайжон ва Ўзбекистон мадҳиялари янгради. Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев меҳмонларни табриклар экан, 28 май куни Озарбайжон Халқ Республикаси (ОХР) ташкил топганига 104 йил тўлишини таъкидлади. Шарқда биринчи демократик республика сифатида ташкил этилган Озарбайжон Демократик Республикаси 1918 йил 28 майда юзага келган. Элчи Халқ фронти фаолияти, қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Дипломат республикамиз фаолиятидаги 23 ойи давомида давлат, армия қурилиши ва демократик қадриятларни қўллаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Озарбайжоннинг давлат чегаралари белгилаб берилгани, герби, байроғи ва мадҳияси тасдиқлангани, мамлакатда яшовчи барча миллатларга тенг ҳуқуқ берилгани, озарбайжон тили давлат тили деб эълон қилингани, қўшни давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатилгани таъкидланди.
–Бизнинг юртимизда спортга қанчалик эътибор қаратилаётган бўлса, Озарбайжонда ҳам давлат раҳбари томонидан спортга шундай эътибор қаратилмоқда. Натижада уларнинг дунё мусобақаларида эришаётган ютуқлари ҳам баландроқ ва юксакроқ бўлмоқда. Собиқ СССР давлатлари кўрсаткичларини таҳлил қиладиган бўлсак, Озарбайжон иқтисодиётда, саноат ишлаб чиқаришида ҳамда мен яхши билганим спортда ҳам илғор ва жуда эътироф этишга арзигулик кўрсаткичларга эга. Шу боис биз бу давлат билан қанчалик яқиндан ҳамкорлик қилсак, тажриба алмашсак, фақат фойдали бўлади, деб ўйлайман, – дейди Умумий дунё кураши вице Президенти Аҳролжон Рўзиев.
1991 йилда мустақилликка эришган умуммиллий лидер Ҳайдар Алиев олиб бораётган муваффақиятли сиёсат туфайли Озарбайжон демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш йўлида улкан муваффақиятларга эришди, нефт стратегиясини йўлга қўйди ва суверен Озарбайжоннинг жадал ривожланишига замин яратди. Озарбайжон ўз мустақиллигини тиклаганидан кўп ўтмай Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар аъзолигига қабул қилинди. Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг икки марталик доимий бўлмаган аъзоси бўлди.
–Озарбайжон асрлар давомида турли маданият ва динлар чорраҳасида жойлашган. Бинобарин, мамлакатимизда бағрикенглик ва кўп маданиятли қадриятлар доимо биринчи ўринда туради. Дунёга машҳур сиёсатчи Ҳайдар Алиев 1993 йилда халқ талаби билан сиёсий ҳокимиятга қайтгач, биринчи навбатда фуқаролар урушининг олди олинди, – дейди тадбирда сўзга чиққан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев. – Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиевнинг сиёсий йўлини давом эттираётган Президент Илҳом Алиев томонидан амалга оширилган ислоҳотлар муваффақиятли натижалар берганини таъкидлаган элчи, 44 кунлик Ватан урушида қўлга киритган Ғалаба ҳақида ҳам гапирди.
Таъкидланганидек, қарийб 30 йилдан буён ишғол остида бўлган Озарбайжон заминлари Президент, Олий Бош Қўмондон Илҳом Алиев раҳнамолигида шонли Армия томонидан озод қилинди. Дипломат Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гапирар экан, ҳамкорлигимиз юксак даражада эканини таъкидлади. Сўнгра меҳмонларни бир пиёла чойга таклиф қилиб, Озарбайжоннинг пойтахти Боку ва сўнгги йилларда эришилган ютуқларга бағишланган, шунингдек, Габала, Шеки, Ганжа, Нахчиван ва Шуша шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари, туризм имкониятлари, тарихий обидалари акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Зебо НАМОЗОВА,
“Ishonch.uz”



