Янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида

78

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан «Янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида» мавзуида Жиззах вилояти бўйлаб халқаро медиа-тур ташкил этилди.

Мазкур медиа-турни кенг миқёсда ёритиб бориш мақсадида юртимиздаги бир қатор телерадиоканаллар ва газета-журналлар, расмий сайтлар мухбирлари, блогерлар жалб қилинган.
Тадбир аввалида элимизнинг суюкли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби, атоқли адиб Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Шундан сўнг журналист ва блогерлар Зулфия ҳамда Ҳамид Олимжон ҳайкаллари қошида бўлиб, уларга эҳтиром кўрсатишди. Ушбу икки буюк сиймо шарафига бунёд этилиб, фаолият юритаётган музей жамоаси қадрли меҳмонларни хушоҳанг лапарлар, фольк­лор-этнографик саҳнавий чиқиш­лар ва халқ ҳунармандчилигининг нодир намуналарини ўзида жамлаган кўргазма билан қарши олди. Музейнинг ноёб экспонатлари барчада катта таассурот қолдирди.
Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжон ижод мактабидаги учрашувлар ҳам қизғин кечди. Ўқувчиларнинг шеър­лари барчага бирдек манзур бўлди.
Шундан сўнг иштирокчилар Жиззахда очилган Sambhram технология университети Жиззах филиали ­фаолияти билан яқиндан танишишди.
Тадбир давомида вилоятдаги фаол журналист ва блогерларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолик билетлари тантанали равишда топширилди.
Иштирокчиларнинг Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев билан учрашуви катта таассуротларга бой бўлди.
Медиа-тур бугун Зомин туманининг диққатга сазовор гўшалари бўйлаб давом этади.

Ўз мухбиримиз