Кўчатчини ким ўйлайди?

92

Бандлик ва меҳнат муносабатлари
ҳамда Қишлоқ хўжалиги
вазирликлари эътиборига!

Биласиз, гуруч деҳқонларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилади. Жумладан, шоли кўчатлаб ўтқазилади. Бу амалиёт эса асосан қўлда амалга оширилади.

Шоли кўчатлашда асосан 18-30 ёшдаги аёллар иштирок этади. Бу жараёнда фермер хўжаликлари ва ёлланма ишчилар ўртасида меҳнат шартномалари имзоланмайди. Иш ҳақи нақд пул шаклида, оғзаки келишув асосида тўланади. Натижада шоли кўчатловчи ишчилар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитлари яратиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа масалаларда камчиликлар юзага келмоқда.
Ваҳоланки, гарчи мавсумий иш бўлса-да, шоли кўчатлаш осон иш эмас. Жазирама иссиқда кунбўйи сувда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Айрим қишлоқ ёшлари ўн кунлаб ушбу ишда қатнашади. Бу инсон саломатлигига зиён етказиши тиббиёт ходимлари томонидан исботланган. Хусусан, шоли кўчатлаган ёшларда кейинчалик буйрак, гинекологик касалликлар кўп учрамоқда. Шу сабаб ҳам биронта ўзига тўқ оила фарзандлари шоли кўчатлашда қатнашмайди. Асосан, кам таъминланган оилалар вакиллари бир-икки сўм илинжида оғир меҳнатга рози бўляпти.
Президентнинг 2021 йил 2 февралдаги «Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2022 йилда шолининг 40 фоизи кўчатлаб ўтқазилиши белгиланган. Ҳадемай мавсум бошланади.
Шу ўринда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига саволимиз бор: ёлланма ишчилар билан меҳнат шартномаларини имзолаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, уларга қонуний ҳақ тўлаш тартибларини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ қилиш назоратга олинадими?
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига саволимиз эса қуйидагича: қачон шоли кўчатлаш юз фоиз механизациялашган тартибда амалга оширилади?

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»