Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида «Давлат органлари ва ташкилотларнинг касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини ташкил этиш, 2021 йил 1 январдан бошлаб, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий маошига 20 фоиз устама белгилаш» назарда тутилган.
Ўтган йили айрим ташкилотлар, жумладан, таълим йўналишидаги муассасаларда фармон ижроси таъминланиб, бошланғич касаба уюшма раисларига спорт тарғиботчиси вазифаси юклатилди ва устамалар белгиланди.
Аммо бу узоққа чўзилмади. Айни пайтда молиявий баҳоналар билан бу иш тўхтатилган.
– Тиббиёт ходимлари спорт билан мунтазам шуғулланишни доим айтиб келса-да, бунга ўзлари амал қилмайди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Раъно Абдалимова. – Буни улар соҳада ёши катталар кўплиги ёки вақт йўқлиги билан изоҳлашади. Фармон имзоланганида жуда хурсанд бўлган эдик. Афсуски, вилоятимиздаги бирорта тиббий муассасада бу жорий этилмади…
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»
