Эрта тонгда онамнинг дуосини олиб, ўзим ўқийдиган университетга йўл олдим. Ўқишга етиб келганимда, курсдошларим қизғин гурунглашаётганди. Айримлари кечаги тўй таассуротлари, баъзилари шахсий муаммолари ҳақида гапирарди. Мен улар билан сўрашдиму, индамайгина суҳбатларига қулоқ тутдим.
Бир маҳал яқин дугонамнинг гапи эътиборимни тортди. У оиласидаги муҳитдан қониқмаётганидан нолий бошлади. Аниқроғи, ота-онаси унинг хоҳиш-истаги билан қизиқмаётган, «Iphone 13» телефони олиб бермаётган экан. Дугонам, айниқса, отаси ҳақида шу қадар нафрат билан гапирдики, бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Беихтиёр «Наҳотки, фарзанднинг отага меҳр-муҳаббати қандайдир буюм-нарса ёки кийим-кечак билан ўлчанса?» дея ўйга толдим.
Ҳолбуки, фарзандини вояга етказиш учун ота-она куну тун тинмай меҳнат қилади, қанчадан-қанча азият чекади. Шундай экан, қандайдир матоҳни олиб бермагани ёки олиб беролмагани учун отасини ёмонотлиқ қилиш инсофданми? Бу нонкўрлик ва ношукурлик эмасми? Қолаверса, ўша дугонам сафимизда турли сабабларга кўра ота меҳридан мосуво бўлганлар, уни узоқдан бўлса-да, лоақал бир марта кўриш илинжида армон билан яшаётганлар ҳам борлигини билмайдими? Билса, нега бегоналар даврасида унинг шаънига ёмон гаплар айтади?..
Бунисини билмадим. Аммо тенгқурларимдан бир илтимосим шуки, сизу биздан меҳрини дариғ тутмайдиган, фарзандларини тарбиялаб, вояга етказиш йўлида чеккан заҳматлари эвазига ҳеч нарса талаб қилмайдиган ота-оналаримиз ва яқинларимиз борлигига шукур қилайлик. Уларнинг ҳурматини доимо жойига қўйиб, қадрига етайлик! Энг муҳими, фарзандлик бурчини зинҳор-базинҳор унутмайлик!
Мадинабону ҲАЙИТОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети талабаси
