Фарғона вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиали ишчи-ходимлари деярли олти ойдан буён маошсиз ишлаб келмоқда. Қўқон шаҳридаги 53 та маҳалладаги 200 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган корхонада меҳнат қилаётган 82 нафар кишининг 32 нафари назоратчилар.
– Олти ойлик иш ҳақимизни олмаганмиз, – дейди филиал назоратчиси Соҳибжон Яқубжонов. – Қарз-ҳавола қилиб яшаб келяпмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, шунча пайт ойликсиз ишлаш мумкинми? Бизнинг ҳам оиламиз, бола-чақамиз бор, ахир.
– Апрель ойида 25-30 нафар киши бўлиб, Фарғонадаги раҳбарнинг олдига бордик, – дейди филиалда назоратчи бўлиб ишлайдиган Ҳошимжон Тошпўлатов. – Иш ҳақимиз тўланмай келаётганини айтдик. Раҳбар эса «ойликларинг тўланмасдан қолмайди, сабр қилинглар», дейишдан нарига ўтмади. Шу пайтгача сабр қилдик, яна қанча сабр қилишимиз керак?
– Ишимиз осон эмас, – дейди Муҳаббатхон Жамолова. – Аммо уйма-уй юриб, аҳолидан чиқинди учун пулларни йиғиб келяпмиз. Мана, ўзим март ойида 14 миллион сўмдан ошиқ, апрель ойида 16 миллион сўм пул топширдим. Нега энди меҳнат қилиб, ойлигимизни ололмаймиз? Биз шунга ҳайронмиз.
Ишчиларнинг айтишича, 2018-2021 йилларда ойлик маошлардан ҳеч қандай муаммо бўлмаган, байрамлар олдидан ходимлар рағбатлантирилиб келинган. Ҳозир эса…
Мурожаат юзасидан «Тоза ҳудуд» ДУК Қўқон шаҳар филиалида бўлдик. Афсуски, бу ерда бирор бир масъулни топа олмадик. Бори ҳам маълумот беришни истамади.
Умид қиламизки, Фарғона вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК бошқармаси масъуллари бу сафар уларнинг мурожаатига жиддий ёндашади, ходимлари билан тез фурсатларда ҳисоб-китоб қилишади.
Биз эса жараённи кузатишда давом этамиз.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»
