Янги Ўзбекистонни ривожлантиришда малакали мутахассис кадрлар ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу сабабдан Ўзбекистонда авиация соҳасига малакали кадрлар тайёрлаш ҳам долзарб муаммолардан биридир.
Ўзбекистонда аҳолига авиация хизмати (юк, йўловчи ташувлар, махсус авиаишлар) кўрсатувчи авиакомпания 1992 йил 28 январдаги Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Фармони билан ташкил этилган.
Республика фуқаро авиакомпаниясини ривожлантиришнинг давлат дастури ҳаво кемалар паркини замонавийлаштириш, янги аэровокзаллар қуриш, ҳаводаги ҳаракатни бошқаришни тубдан ўзгартириш, аэродромларни янги замонавий техника билан таъминлаш, юқори малакали мутахассисларни тайёрловчи база ҳамда менежмент тизимини такомиллаштириш ва соҳага тегишли ишларни амалга ошириш вазифаларини ўз ичига олади.
Охирги уч йил ичида Ўзбекистонда авиация соҳасида катта ижобий ўзгаришлар содир бўлди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпания ўрнига: Uzbekistan airways; Uzbekistan helicopters; Uzbekistan airports; Uzbekistan airways technics; Uzbekistan airways training center; Агентство Узаэронавигация – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида; Агентство Узавиация – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида; Авиакомпания «Xumo air»; Авиакомпания «sharq qanot» каби компаниялар ташкил этилди. Булардан ташқари, 2022 йил апрель ойидан бошлаб “my cаrgo” хусусий авиакомпанияси фаолият кўрсата бошлади.
“Uzbekistan airports” ташкилоти Америка, Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари, Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё ҳамда МДҲ давлатларининг 40 дан ортиқ шаҳарлари билан мунтазам қатновларни амалга ошириб келмоқда.
“Uzbekistan airports”га қарашли бўлган Бухоро, Андижон, Тошкент, Наманган, Урганч, Самарқанд, Фарғона, Термиз, Навоий, Қарши ва Нукус аэропортлари халқаро аэропорт мақомига эга бўлиб, малакали кадрлар билан таъминланган.
“Uzbekistan airways technics” (АП UAT) марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида ягона авиатаъмирлаш заводи ҳисобланади. Завод ҳаво кемалари ва компонентларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишни амалга оширади. “Uzbekistan airways technics”нинг фаолияти халқаро ташкилотлар томонидан “EASA PART 145” талабларига биноан берилган бўлиб, у техник хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага асосланган.
Юқорида келтирилган корхоналарнинг фаолиятини янада яхшилаш учун малакали кадрлар билан таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Авиация соҳасида анъанавий кадрлар тайёрлаш Тошкент давлат техника университетида амалга ошириб келинади. Соҳанинг долзарблигини ҳисобга олиб Ўзбекистонда 1995 йил Тошкент давлат авиация институти ташкил қилинди.
Бу институтда авиация соҳасининг Ўзбекистон олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторидаги олтидан ортиқ бакалавриатура ва магистратура бўйича малакали кадрлар таёрланиб келинди.
2008 йил Тошкент давлат авиация институти маълум сабабларга кўра ўз фаолиятини тугатди ва кадрлар тайёрлаш яна Тошкент давлат техника университетида давом эттирилди.
Техника ва технологияларнинг жадал ривожланиши авиация соҳасини ҳам четлаб ўтмади. Шу сабабдан кадрлар тайёрлаш йўналишлари ҳам ўзгарди.
Республикада транспорт соҳасини ривожлантириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан транспорт Вазирлиги ташкил этилиб, темир йўл транспорти, автомобил йўл транспорти ва ҳаво йўллари транспорти корхоналарини малакали кадрлар билан таъминлаш учун 2020 йил Тошкент давлат транспорт университети очилди. Шунга асосан авиация соҳасига тегишли барча таълим йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш транспорт университетида амалга оширилиб келинмоқда.
Университетда долзарб йўналишлар қаторига кирувчи “Учувчисиз авиация комплексларининг техник ва технологик эксплуатацияси”, ”Дронларни лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш”, “Ҳаводаги харакатни бошқариш”, “Радиоэлектрон қурилмалар ва тизимлар (авиация транспорти)”ларини мавжудлигини мисол келтириш мумкин.
Авиация соҳасининг юқорида келтирилган таълим йўналишларини тугатиб юқори малакага эга бўлган мутахсассислар учиш аппаратларидан фойдаланиш, таъмирлаш ишларини бажариш, турли қисмларини мукаммаллаштириш ва уларга тегишли барча амалларни бажара оладилар.
Учиш аппаратларнинг турларига кирувчи ҳаво кемалари, учувчисиз учиш аппаратлар ва дронлар бажарадиган вазифалари билан Республикамиз иқтисодиётига катта ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Учиш аппаратларидан фойдаланишда уларга ўрнатилган радиоэлектрон жиҳозлар ёрдамида инсон бажарадиган ишларни автоматик тарзда амалга оширишга эришилади.
Шунга асосан авиация соҳасида радиоэлектрон жихозлардан фойдаланувчи кадрларни тайёрлаш олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторида мавжуд бўлган “Радиоэлектрон қурилмалар ва тизимлар (авиация транспорти)” бакалавр йўналиши бўйича тайёрланган кадрларга эҳтиёж авиация соҳасининг барча ташкилотларида жуда катта. Эндиликда ушбу талабга асосан ҳар ўқув йили учун Иқтисодиёт вазирлиги қабул квотасини Тошкент давлат транспорт университетига ажратиб келмоқда.
Абдурашид АБДУҚАЮМОВ,
Тошкент давлат транспорт
университети профессори,
техника фанлари доктори
