Ижодий кеча ва эркин суҳбат

106

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида атоқли мутафаккир ва забардаст шоир Умар Хайёмга бағишланган шеърий кеча бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини амалга ошириш жамоат ҳаракати координатори Умид Набиев буюк аллома ҳаётига доир, аммо кўпчиликка маълум бўлмаган далиллар, унинг илмий кашфиётлари, хусусан, математика тарихидаги биринчи чизиқли тенгламалар таснифи ҳақида сўз юритди. Умар Хайём яратган ва ҳозир маълум бўлган энг аниқ календарь хусусидаги кўплаб саволларга жавоб берди.

Бу университет талабалари Шарқ шоирлари ҳаёти ва ижоди билан илгари ўтказилган тадбирлар орқали ҳам кўп бор танишганлар. Касаба уюшма қўмитаси ташкиллаштирган бу галги шеърий кеча ҳам ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар улуғ шоирнинг ташкилотчилар томонидан танланган севги ва дўстлик ҳақидаги дилбар ғазаллари ва шеърларини иштиёқ билан тингладилар.

Ижодий кеча ниҳоясида талабалар билан эркин суҳбат ўтказилди. Унда донолик ва маънавият масалалари, муваффақият тушунчасини замонавий идрок этиш, онг ва ақлни ривожлантириш омиллари, ҳис-туйғуларни бошқара билиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

 

Шамсуддин СЕТТИЕВ,

Г.В.Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали

 Касаба уюшмаси қўмитаси раиси