Туркияда тахминан 40 000 та ғор мавжуд бўлиб, улар ғорга сайёҳат қилишни севувчилар учун жаннатнинг ўзгинаси ҳисобланади. Ғорлар асосан Ғарбий ва Марказий Торос тоғлари (Муғла, Анталия, Испарта, Бурдур, Коня, Караман, Ичел ва Адана)да жойлашган бўлиб, бу ғорларнинг 1100 таси олим ва мутахассислар томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилган. Туркиянинг энг узун ғори ҳисобланган 16 километрлик Пинарўзу ғори, Бейшеҳир кўлининг ғарбида, 1880 метрлик энг чуқур ғори эса Чукурпинар тоғ камарида жойлашган.
Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги томонидан мамлакатдаги 50 та ғорга сайёҳларнинг ташриф буюришлари учун руҳсат берилган бўлиб, бу ғорларнинг 31 таси оддий сайёҳлар учун, 12 таси йўлбошчиси бор гуруҳлар учун, 7 таси эса профессионаллар учун очиқ ҳисобланади. Мазкур ғорларга сайёҳат қилиш саргузаштнинг ўзгинаси.Код Успеха Қуйида Туркиянинг машҳур ғорларидан баъзилари ҳақида маълумот берамиз.
Дамлаташ ғори, Алания
Ўрта ер денгизи соҳилидаги Алания шаҳрида жойлашган Дамлаташ ғори тасодифан кашф қилинган. Бу гўзал ғор Алания денгиз портини қуриш учун динамит ётқизиш пайтида тасодифан топилган. Умумий майдони 200 м2 бўлган ғорнинг узунлиги 30 метрни ташкил қилади. Бугунги кунда ғор муҳим табиий шифо маркази сифатида ҳам танилган. Дамлаташ ғорининг ҳарорати йил давомида доимий равишда 22° С ни ташкил қилади.
Инсую ғори, Бурдур
Бурдурдаги Инсую ғори кўплаб найзасимон, конуссимон ва устунсимон шаклдаги қотиб қолган ҳосилалар, шунингдек, кичик қайиқларда сайр қилиш мумкин бўлган тўққизта табиий ҳовузни ўз ичига олади. Ғордаги сув бу тўққизта ҳовуздан оқиб чиқадиган кичик оқимлар билан ғорнинг бошқа қисмларига ҳам оқиб ўтади. Сув ҳовузларı ғорда салқин ва тоза ҳавонинг доимий айланиб туришини таъминлайди.
Караин ғори, Анталия
Караин ғори Туркиядаги энг катта табиий ғорлардан бири бўлиб, денгиз сатҳидан 430 – 450 метр баландликда жойлашган. Анталияда жойлашган Караин ғори Туркиядаги энг катта табиий ғор деб тан олинган. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг турфа турлари учрайдиган ғор, Онадўлидаги энг эски инсон суяклари қолдиқлари топилганлиги билан ҳам диққатга сазовор. Анталиядан 30 км шимоли-ғарбда эски Анталия-Бурдур автомагистралидан 5-6 км узоқликда жойлашган Яғжа қишлоғи яқинида жойлашган ғорнинг Анталиядан узоқлиги 27 километр. Ғорда 1946 йилдан бери арҳеологик қазиш ишлари олиб борилмоқда.
Қазишмалар натижасида ғордан 500 минг йил аввал аҳоли яшаш жойи сифатида фойдаланилган деган хулосага келинган бўлиб, бу Туркиядаги одамлар яшаган энг катта ғор ҳисобланади.
Караин ғори Анадолу ва Яқин Шарқ тарихи нуқтаи назаридан муҳим палеолит маркази ҳамдир.
Ойлат ғори, Бурса
Бурсанинг Инегўл шаҳарчасида табиий шаклланиши уч минг йил аввал якунланган Ойлат ғори, 665 метр узунликда бўлиб, Туркиядаги иккинчи энг катта ғор ҳисобланади.
40 қаватли бинонинг баландлигига тенг бўлган бу табиат мўъжизасига узоқ ва унутилмас йўлни босиб ўтгачгина етиб боришингиз мумкин.
Чал ғори, Трабзон
Трабзондаги Чал ғори дунёдаги иккинчи энг узун ғор сифатида ҳам маълум бўлиб, узунлиги 8 километр бўлган ғорнинг тахминан 1 километригача кириб томоша қилиш мумкин. Трабзон вилоятининг Дузкўй туманидан 5 км узоқликда, денгиздан 1050 метр баландликдаги Чал қишлоғида жойлашган Чал ғорининг тепасида тарихий қалъа бўлиб, ғорнинг ичидан эса кичик бир дарё оқиб ўтади.
Ғорнинг кириш қисми кенг бўлсада, ичининг кенглиги доимий равишда ўзгариб туради. Ғорнинг ички қисмида эса кичик кўл ва шаршара ҳам мавжуд бўлиб, ғордаги сув миқдори мавсумдан мавсумга ўзгариб туради.



