ёхуд янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ушбу вилоятга уюштирилган навбатдаги ижодий сафарда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган хорижий ОАВ вакилларининг иштироки ўзига хос янгилик бўлди.
Дарҳақиқат, бундан беш-олти йил муқаддам чет эллик журналистларнинг ҳудудларга чиқиши алоҳида масала бўлар эди. Ва уларга маҳаллий журналистларнинг ҳамроҳ бўлиши ҳам камёб ҳолат ҳисобланарди.
Буюк Британия, Россия, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатларда фаолият юритувчи, бироқ ахборот алмашинув қамрови кўплаб минтақа ва жаҳон мамлакатларига туташиб кетган нуфузли нашрлар, телеканалларнинг ижодкорлари учун ҳам ушбу сафар анчайин қизиқиш уйғотгани, шубҳасиз.
Ташриф эзгу амаллар билан, яъни давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, муҳаббат ва садоқат куйчилари Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфияхоним хотираларига эҳтиром кўрсатиш ҳамда шу манзилда жойлашган икки музей билан танишувдан бошланди. Тарихий экспонатлар атоқли ижодкорлар ҳаёти ва ижоди, уларнинг босиб ўтган шонли йўллари ҳақида гўзал ҳикояларни сўзлаб берди гўё…
Нега айнан «Sambhram»?
Яқинда Жиззахда Ҳиндистоннинг «Sambhram» технология университети филиали очилди.
Очиғини айтганда, шу ўринда саволлар туғилиши табиий: нега айнан Ҳиндистон ва айнан нега ушбу университет? «Sambhram»нинг Жиззах вилояти учун қандай истиқболи бўлиши мумкин?
Ушбу университетга ташриф давомида бу саволларга тўлақонли жавоб олишни истадик. Албатта, таълим олиш учун бугун мамлакатимизнинг нафақат вилоят марказлари, ҳатто чекка ҳудудларида ҳам институт ва университетларнинг филиаллари, факультетлари очилаётгани таҳсинга лойиқ. Олайлик, Сурхондарёнинг Денов туманида ёки Самарқанднинг Ургут туманида институт очилиши кимнинг ҳам тушига кирган эди, дейсиз?
Бироқ, ҳар бир ишдан кўзланган мақсад бўлиши лозим. Хўш, уларни тугатган ёшларнинг иш билан таъминланиши нима бўлади? Олий маълумотли ёшларнинг қанчадан қанчаси иш тополмай юрган бир пайтда…
Демак, филиаллари очилаётган олий таълим муассасалари истиқболни ўйлаган ҳолда танланиши мақсадга мувофиқдир.
Шу маънода Жиззахда очилган ушбу таълим даргоҳи ҳақида саволлар кўп эди. Ростан ҳам, «Sambhram» технология университети қандай таълим даргоҳи?
Шуни таъкидлаш жоизки, университет Ҳиндистоннинг Бангалор провинциясида жойлашган. Бундан 25 йил олдин Бангалор Ҳиндистоннинг энг қолоқ ҳудудларидан бири эди. Бугун эса энг ривожланган ҳудудларидан бирига айланган. Ҳозир ушбу провинция 45 миллиард долларлик IT маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Бу ҳудуд иқтисодиётининг 60 фоизини ташкил этади.
«Sambhram» университети нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, унда ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Университет 2021-2022 ўқув йилида 1 минг 501 нафар талаба таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та бакалавр йўналиш ва таълим муддати 2 йил бўлган 2 та магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилинган.
Вилоят бюджетидан бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 27 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ўқув даргоҳи ўз номига монанд равишда замонавий компьютер технологиялари билан таъминланган, ахборот ресурс маркази ҳам рисоладагидек.
Университет ахборот коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш каби йўналишларда таълим дастурларини амалга оширади.
Мазкур даргоҳ битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда тан олинадиган олий маълумот тўғрисида диплом берилади.
Бу маълумотларни билиш асносида вилоят ҳокимлигининг айнан ушбу олий таълим муассасасига мурожаат қилганини тушунгандек бўлдик.
«IT park» Жиззах филиали билан танишув чоғида эса мазкур олийгоҳнинг истиқболи порлоқ эканига яна бир бор амин бўлдик.
Аввало, меҳмонлар эътиборини филиал директори Назира Муҳитдинованинг ҳозиржавоблиги, топқирлиги, турли тиллардаги саволларга ўша тилда бийрон-бийрон бераётган жавоблари ўзига тортди. Асосий эътиборли ҳолат паркда изланишлар қилаётган ёшларга бир қатор хорижий компанияларнинг талаб ва таклифлари, буюртмаларининг шаклланиб қолганидир. Яъни жиззахлик «айти»чиларимиз ҳам Ҳиндистоннинг Бангалоридаги тенгқурлари каби ўз дастурларини экспорт қила бошлаганидир. Режалар эса янада ҳавас қиларли.
Шу ўринда кўнгилда бир эзгу фикр уйғонади: яқин келажакда Жиззах «провинция»си ҳам бу борада мамлакатнинг илғор минтақаларидан бирига айланса, ажаб эмас.
Ҳоким билан мулоқот
Очиғини айтганда, Эргаш Солиев билан мулоқот кутилганидан анча самаралироқ кечди. Асли ярим соатга режалаштирилган учрашув қарийб икки соатга яқин давом этди.
Ташқаридан қараганда, ҳоким билан учрашув асосан мулозамату мақтовларга бой бўлади, деб ўйлаймиз. Бироқ ушбу ўзига хос суҳбатда вилоят ҳокимига осон бўлди, деб айта олмаймиз.
Илк савол ҳудуддаги журналистлар фаолиятидан қониқяпсизми, деган мазмунда бошланиб, нима учун Президент қарорида қайд этилганидек, воҳадаги иқтисодий ночор бўлган матбуот ходимларига имтиёзли уй-жой қуриш масаласи ижро этилмаётгани билан тугади.
Вилоят ҳокими бу саволни кутмагани аниқ эди. Жавобдан хулоса қилиш мумкинки, ҳокимлик бу масалани тезда ўрганади, масалага «чуқур» киради.
Иккинчи савол ундан-да оғирроқ бўлди: «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталари балансида бўлган эски Матбуот уйининг бундан бир неча йиллар аввал кам таъминланганларга уй сифатида реконструкция қилиб берилгани, бироқ ўтган даврда таҳририят бу ноқонуний иш учун компенсацияга эга бўлмай келаётгани муаммоси билан боғлиқ эди. Гарчи, савол берувчи гапнинг ибтидосида ўтган кунларга урғу бериб гапни юмшоқроқ оҳангда бошлаган бўлса-да, риторика аниқ эди: хўш, жиззахлик журналистлар бу адолатсизликка қачонгача чидайди? Ахир бу бинонинг қурилиши халқимиз эҳтиром билан тилга оладиган давлат ва жамоат арбоби, Жиззахнинг фахрли фарзанди Шароф Рашидов номи билан боғлиқлигини ҳам эътиборга олмадикми?
Назаримизда, вилоят ҳокими шу топда сўраб қолган «Жиззах ҳақиқати» газетаси бош муҳаррирининг мазкур машваратга кирмасдан кетиб қолганини ҳам кўпчилик ҳар хил тушунди.
Бироқ ҳоким ваъда берди: Бу уйлар ҳали унда яшовчиларга хусусий қилиб берилгани йўқ. Бошқа бир бино қуриб, уларни кўчириш ва бу жойга юқорида кўрсатилганидек, иқтисодий кўмакка зарурати бўлган журналистларнинг ўзларига уй қилиб берамиз.
Албатта, бу катта гап. Масаланинг охирига етиш қолди, холос.
Эргаш Алибекович вилоятнинг бугунги таянч нуқталари ҳақидаги мавзуга келиб «очилди». Ривожланишга асосий туртки бўлиши мумкин бўлган соҳалар сафига замонавий автомобилсозликни ривожлантириш истиқболлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдаги яхши тажрибалар, хусусан, воҳадан қазиб олинаётган базальтнинг қимматбаҳо қийматига эришиш борасидаги ютуқлар, цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уни бошқа ҳудудларга «экспорт» қилишдаги зафарлар, Бахмал, Зомин ва бошқа туманларда бунёд этилаётган юзлаб гектар олмазору ёнғоқзорлар, узумзорларнинг ҳосилга кираётгани, туризм борасидаги порлоқ режалар ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаб берган ҳокимнинг ҳар бир йўналишдаги факт ва рақамлари қоғозга тушар экан, аксарият қаламкашлар воҳанинг бир қарашда сокин оқаётган дарёга ўхшаб кўринса-да, ривожланиш борасидаги қадамлари ҳавас қиларли эканини эътироф этишди.
Дарвоқе, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўз саволида кўтарган журналистларнинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қиляпсизми, деган саволига келтирилган рақамлар, факт ва аргументларга таянган таҳлилларни тинглар эканмиз, қайсидир маънода ўзимиз жавоб топгандек бўлдик. Айтинг, ахир, бу жараёнларни бизга фақатгина ҳоким айтиб бериши керакми?
Нега энди ўз воҳамизнинг ютуқларини кўз-кўз қилмаймиз? Учрашувда ҳозир бўлган вилоят нашрлари, телеканаллари ижодкорлари бу фикримизни инобатга олиб қўйсалар, ёмон бўлмасди, албатта. Юртнинг ривожланиш йўлидаги қадамларини кўрсатиш кимлардир ўйлаётганидек маддоҳбозлик эмас. Биз, энг аввало, шу азиз диёримизнинг ютуғидан қувонишни ҳам қойил қилайлик. Ахир буларнинг замирида меҳнаткаш халқнинг орзу-умидлари, турмуш шароитлари, иқтисодий қувватланиши деган масалалар бош ўринда турмаяптими?
Вилоят ҳокимининг спортга муносабатидан кўпчилик хабардор. Хусусан, футзал бўйича Ўзбекистон чемпионига айланган жамоада тўп сурадиган «ҳужумчи» ҳокимнинг қизиқиши фақатгина футболга нисбатан эмас экан. Биз буни ҳокимнинг шахсан ташаббуси билан режага киритилган навбатдаги манзилда кўрдик.
Илгариги Сангзоркўл ўрнида қад ростлаган замонавий «Велотрек» BMX спорт мажмуаси барча учун кутилмаган янгилик бўлди.
Тасаввур қилинг, дунёнинг бор-йўғи йигирмата мамлакатидагина мавжуд бўлган, Марказий Осиёда эса ягона ҳисобланадиган замонавий ва барча талабларга тўла жавоб берувчи мажмуага бугун хорижлик спорт менежерлари қизиқа бошлабди. Улар учун ҳозирда махсус дам олиш, туризм ва шуғулланиш тартибларини ўзида мужассам этган дастурлар тайёрланиб, тақдим этилмоқда. Чунки мажмуа барча синовлар ва «имтиҳон»лардан юқори «баҳо» билан ўтди. Буёғига бир ўқ билан бир нечта қуён урилади. Дарвоқе, мажмуада қизғин машғулотлар билан банд бўлган спортчиларни кўриб, яқин келажакда олимпия спорт турларига киритилган ушбу спорт тури бўйича ҳам зафарли натижаларга даъвогар бўла бошлашимизга ишонч пайдо бўлди.
Цехдан заводгача…
«ADM Jizzakh» автомобиль заводининг йиғув жараёни билан танишувга қизиқиш катта эди. Ҳар тугул, кўз ўнгингизда янги автомобиль пайдо бўлади…
Ушбу заводда «KIA» русумидаги автомобилларнинг 5 тури йиғилиб, ҳозирча ички бозорга чиқарилмоқда. Яқин келажакда эса маҳаллийлаштириш жараёни амалга оширилиб, «KIA» ва «Reno» автомобилларининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, йилига 100 000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Ҳозирги пайтда иккита йиғув линияси ишлаб турибди. Уларнинг ҳар бирида соатига бешта автомобиль йиғилади. Бу жараёнда 350 та иш ўрни яратилган бўлса, режадаги бошқа цехлар ишга туширилгач, бу ерда 3000 дан ошиқ юртдошларимиз иш билан таъминланади.
Зомин заминидаги ҳайратлар…
Зоминга бормаган киши нафақат Жиззах, балки Ўзбекистоннинг бутун жозибасини кўрмаган, бу ажиб юрт ҳақидаги тасаввури тўлиқ бўлмаган бўлади.
Туманнинг йил сайин кўркам тароват касб этиб бораётгани, бунёд этилган кенг ва равон кўчалари, дизайни, салобати, қулайлиги билан бири-биридан қолишмайдиган турли маданий, маиший бинолар, турар-жойларни кўриб, ақлингиз шошади. Одамларнинг кўзидаги хурсандчилик, юзидаги кайфиятни эса таърифлашга тил ожиз.
Туман марказидан олинган ҳайратлар ҳазм бўлмасидан пурвиқор тоғлар томон йўл олдик. Шу элнинг қадим меҳмондўстлиги, ўзига хос таомлари, табиий гиёҳлари ҳақида билмоқчи бўлсангиз, ташкил этилган меҳмон уйларига киринг, оддий одамларнинг ҳаёти билан танишинг. Медиа-тур иштирокчилари қишлоқ аҳлининг қўл кувида сариёғ олиш «технологияси», ғилминди пишириш талаблари, тандир кабоб, қозонпатир тайёрлаш усулларини ҳам бевосита кўрдилар. Зомин Суффасидаги ажиб ўзгаришлар, улуғвор бунёдкорлик лойиҳалари билан танишиб, бу заминнинг яқин келажаги ростан ҳам пурвиқор тоғлар каби юксакликларни кўзлаб турганига амин бўлдик.
Икки кун давомида учрашувлар ва мулоқотлар, жойлардаги бевосита янгиланишларга гувоҳ бўлар эканмиз, журналистлар кўпроқ халққа яқинлашиши лозим деган хулосага келдик.
Ҳа, дарвоқе, сўзимиз бошида бу сафардошларнинг кўпроқ қисми хорижлик ҳамкасблар бўлганини айтган эдик. Биласизми, яқин йилларда ҳам бизлар ҳамкасблар эдигу, бироқ бизларни кўринмас бир нарса ажратиб турар эди. Ўзаро мулоқотларимиз бизни атрофдаги воқеликларга қарашларимизни якдиллаштиргандек, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ракурсларимизни яқинлаштиргандек бўлди. Ахир кўриниб турган нарса кўриниб турганидек акс этиши керак.
Бугун ўзбек матбуотида акс этаётган ҳақиқатлар четдан туриб айтилаётган ҳақиқатлардан олдинроқ, кучлироқ жарангламоқда. Бу – Янги Ўзбекистоннинг реал ҳақиқати! Сўз эркинлиги, ошкора ҳақиқатларга бурилиш нуқтасига етганимизнинг белгиси.
Медиа-турдан чиқарган яна бир хулоса шуки, хорижлик ҳамкасбларимизнинг ҳудудларимизга кўпроқ боришини уюштириш лозим. Балки бу жараёнларни Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамкорлигида алоҳида дастур асосида ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон ҳақидаги давр янгиликлари, ислоҳотларнинг асл кўринишлари дунё аҳлига етиб боришини истасак, шу энг тўғри йўлдир. Зеро, шу ўтган икки кунлик таассуротларни Туркия, Россия, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон томошабинлари ҳам кўришди. «Рейтер» агентлиги ахборотларининг кўлами ва қамрови ҳақида эса тўхталиб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ.
Хайрлашмаймиз, яна кўришгунча, Жиззах! Кейинги гал бугунги кузатганимиз жараёнларнинг натижаларини кўриш учун борамиз…
Ё, насиб!
Ҳусан ЭРМАТОВ,
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»

