Зарҳал ҳарфлар билан битилган сана

76

Сўх туманида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган «Сўх» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди

Болаларга бетакрор туҳфа

Янги иншоотнинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари фаоллари, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерация­­си делегацияси, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, эл ардоғидаги устоз ва мураб­бийлар, таниқли ижодкорлар ва санъаткорлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, ота-­оналар ва болалар қатнаш­дилар.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар юртимизда изчил давом эттирилаётган туб ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳияти, Сўх тумани аҳолисига, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва эҳтиёжманд оилаларга яратилаётган шарт-шароитлар, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритишди.
Умумий майдони қарийб 5 гектар бўлган «Сўх» болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган. Жами 27 миллиард 560 миллион сўмлик маблағ эвазига барпо этилган бу масканда ёзги мавсум давомида 5 навбатда жами 1000 нафар ўғил-қиз дам олдирилади ва соғломлаштирилади. Шунинг ўзиёқ ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини исботловчи ёрқин далилдир.
Оромгоҳда ўғил-қизларимиз мириқиб ҳордиқ чиқаришларидан ташқари жисмонан чиниқишлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билимларини ошириш­лари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Барча хоналар энг замонавий мебеллар, маиший техникалар ва зарур анжомлар билан таъминланган.
– Бундан ташқари, – дейди оромгоҳ раҳбари Таваккал Эркаев, – бу ерда дам оладиган ёшлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус хоналар, футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш бассейни бор, шунингдек, стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун ҳам алоҳида жойлар ажратилган. Маданий тадбирлар эса амфитеатр ва кутубхоналарда ўтказилади. Тиббиёт хоналари ва ошхоналар ҳам замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, оромгоҳ ишга тушиши натижасида 50 тага яқин янги иш ўрни яратилди.
Дарвоқе, жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган «Сўх» болалар соғломлаштириш оромгоҳи нафақат ўғил-қизларимизни мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантиришга, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида ҳам фаолият юритади. Шунга кўра, барча қулайликларга эга маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва таниқли шоир-ёзувчиларнинг китоблари ҳамда жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзида мужассам этган замонавий ахборот-ресурс маркази, хорижий тиллар ва компьютер бўйича билимларни ошириш, рассомлик, шахмат-шашка ва мусиқа билан шуғулланиш имконини берувчи тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказиладиган майдон, ярим очиқ амфитеатр, замонавий ётоқ бинолари, шийпон ва айвончалар, ложувард фаввора, ювиниш хоналари ва ­бошқа объектлар болажонлар ихтиёрига топширилди. Табиийки, қурилиш жараёнида оромгоҳда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам олиб борилди.
– Шу пайтгача сўхлик ўғил-қизлар вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги болалар оромгоҳларига олиб борилар эди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сўх тумани кенгаши раиси Муҳаммаджон Суюнбоев. – Бу уларнинг хавфсизлиги, саломатлиги, ота-оналарнинг хавотирланиши билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқарарди. Ана шундай бир вазиятда Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерация­­си томонидан Сўхда замонавий болалар оромгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилиши катта воқеа бўлди. Энди маҳаллий аҳоли фарзандлари ўзлари яшайдиган тумандаги замонавий оромгоҳда ҳордиқ чиқарадилар.
Тантанали тадбирда янги иншоотнинг ҳақиқий эгалари бўлмиш ўғил-қизларга унинг рамзий калити, дам олиш масканига эса «Дамас» автомобили топширилди.
Оромгоҳ мавсумнинг илк навбатида 200 нафар болани қабул қилди. Улар тумандаги кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлиб, барчасига 12 кун мириқиб дам олишлари учун бепул йўлланмалар берилди.
– Янги оромгоҳнинг илк дам олувчиси эканимдан жуда хурсанд­ман, – дейди Нургул Жўрабоева. – Тенгдошларим билан бирга шунақа даргоҳларда мазмунли ҳордиқ чиқаришни орзу қилардим. Аммо илгари туманимизда бунинг имкони йўқ эди. Энди эса барча шароит­ларга эга замонавий оромгоҳ қад ростлаб, орзуларимиз рўёбга чиқди. Биз бунинг учун барча тенгқурларимиз номидан давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирамиз. Ўз навбатида, бундан кейин ҳам яхши ўқиб, юртимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб улғайишга ваъда берамиз.
Одинахон Шамсиддинова Сўх туманидаги 4-мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Унинг қизи Меҳронага ҳам янги очилган соғломлаштириш масканида ҳордиқ чиқариши учун бепул йўлланма тақдим этилди.
– Мени ҳам оромгоҳнинг очилиш маросимига таклиф этишди, – дейди Одинахон Шамсиддинова. – Шу жараёнда унда яратилган шарт-шароитлар билан таништиришди. Рос­ти, уларни кўриб, ўзимни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим. Ҳаммаси аъло даражада. Қордек оппоқ чойшаблару ёпинчиқлар, шинам ва ёруғ тўгарак хоналари кишининг ҳавасини келтиради. Қизим шундай ажойиб масканда дам олаётганидан беҳад мамнунман.
– Биринчи марта оромгоҳга келишим, – дейди 6-синф ўқувчиси Шарофиддин Ҳабибжонов. – Бу ердаги шароитлар менга жуда ёқди. Энди дўстларим билан футбол, шахмат-шашка ўйнаб, вақтимизни мазмунли ўтказамиз.
– Қишлоғимизда оромгоҳ очилганини айтиб, қариндошларимизга мақтаниб чиқдим, – деб суҳбатга қўшилади Дилфуза Мамажонова. – Кутубхонада мен ёқтирган китоблар кўп экан. Дам олиш муддати тугагунча уларни ўқиб тугатишга ҳаракат қиламан. Шунингдек, компьютер саводхонлиги ва рассомчилик тўгарагига қатнашмоқчиман.
Кези келганда, эслатиб ўтиш жоизки, бугун мамлакатимизда ёшларга пухта таълим-тарбия бериш чора-тадбирлари янада кучайтирилмоқда. Ўзбекистоннинг баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги тажрибаси халқаро экспертлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар ­эътиборини тортмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида ёндашиш амалиёти юртимизда жорий этилган ноёб тизимлардан биридир. Айни йўналишдаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, охирги 5 йилда Федерация томонидан 8 та замонавий болалар оромгоҳи қурилди. Натижада ҳар йили қўшимча 9 минг нафар болани соғломлаштириш имконияти яратилди.
Республикамизнинг энг сўлим гўшаларидан бири саналган Сўх туманида униб-ўсаётган болажонлар учун барпо этилган оромгоҳга эса соғломлаштириш мавсумининг 1-навбатида дам олиш учун келган 200 нафар ўғил-қизнинг шўх-шодон кулгилари файз киритди.
Янги оромгоҳнинг тантанали очилиш маросими санъат усталари ва болажонлар ижросидаги концерт дастурлари билан ниҳоясига етди.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»