Яқинда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Санжар Турсуновнинг таклифи билан Самарқанд вилоятидаги учта объектга пресс-турга бордим. Шулардан бири – Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази бўлди.
Маскан замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган экан. Соғлом турмуш тарзига риоя қилаётганим ва уни тарғиб этаётганим учун инсон танасининг функционал ҳолатини компьютерда мажмуавий тизимли тадқиқ қиладиган «Омега» диагностика ускунаси диққатимни тортди. Қизиққан 3-4 киши 5 дақиқалик таҳлилдан ўтди. Ҳаммада ҳар хил натижа чиқди.
Текширувдан сўнг бу жараёнга бош бўлган психолог Гули Эрдонова билан суҳбатлашдик. Касбдошим Шарофиддин Тўлагановнинг натижаларини маълум қилди:
– Асабийсиз. Йиғилиб турган чарчоғингиз бор. Бирор жойга борсангиз, мақсадингизни унутиб қўясиз. Хотирангизда пасайиш борми? Шундайми?
– Энди… ёш ўтган сари…
– Буни ёш билан боғламанг. Биз – ўзбеклар шунақамиз. Қариликни дарров бўйинга оламиз. Европаликлар 60-70 ёшда бўлса ҳам, мен ёшман, дейди. Ҳужжатдаги ёшингиз 58. Ускуна сизни 60 ёш кўрсатди. Сизга тавсиям: ўзингизни «Мен ёшман!» деб созланг. Хотирам паст, касалман, десангиз, буларни ўзингизга чақириб оласиз. Бадбин хаёллар онг остингизга жойлашиб олади.
Кейин психолог мен билан суҳбатлашди:
– Аъло! Ҳаммаси яхши. Зўр. Ўзингизни руҳий бошқара олар экансиз. Нохуш вазиятдан тезда чиқиб кетаркансиз. Танангизнинг функционал ҳолати нормада. Асаб тизимингизнинг вегетатив ишлаш тартиби нормага мос ҳолатда, организмнинг функционал захираси ҳам нормада. Асаб тизимингизнинг нейроҳуморал ишлаш ҳолати нормага мос келади, компенсация миқдори юқори, захираси максимал даражада. Асаб тизимингизнинг психо-эмоционал ҳолати аъло даражада, фаоллик юқори. Организмнинг мослашувчанлик имкониятлари нормада.
Натижалар психолог ва ўзим учун ҳам ҳайратланарли эди. Бешта устунда берилган бу жавобларнинг бари ям-яшил айлана билан белгиланганди. Мақтаниш учун эмас, қиёслаш, соғлом турмуш тарзининг ўта фойдали эканини такрор эслатиш учун айтай: шерикларимда бу айланалар сариқ, қизил, сариқ-қизил, қизил-сариқ чиқди. Биологик ёшидан ҳатто 15 ёшгача катта чиққанлар бўлди.
Ҳужжат бўйича ёшим 36 да. 2022 йил 26 августда 37 ёшни тўлдираман. Ускуна биологик ёшимни 35 кўрсатди. Яъни, соғлом турмуш тарзига амал қилаётганимдан сўнг бир ёшга ёшарибман, деб ўйладим.
– 10 йилга ёшаришга ҳаракат қилинг, – тавсия берди Гули Эрдонова. – Жисмоний машқлар қилинг, тўғри овқатланинг.
Бошқа яшириб ўтиролмасдим. Охири сирни очдим. Суҳбатимиз шу нуқтага етганда йил бошидан бери соғлом турмуш тарзига амал қилаётганимни айтдим. Вазним 111 килодан 96 килога пасайганини, шу сабаб қон босимим 140/100дан 120/80га тушганини очиқладим. У буни яхши қабул қилди.
– Январдан аввал келганингизда, балки сиздаям кўрсаткичлар қизил, сариқ чиқармиди, – сўзларини давом этди психолог. – Соғлом турмуш тарзига риоя қилганингиз учун натижангиз зўр чиқди. Мен хурсандман.
Ёшини катта чиқарганидан жаҳли чиқиб, ускунага ишонмаганлар, психологни башоратчига йўйганлар ҳам бўлди.
Пресс-туримиз ниҳоясига етгач, марказ директори Акром Бердиевдан: «Ускуна алдамайдими?» деб сўрадим. У киши: «Йўқ!» деди.
Ўша кундан олган хулосам шундай бўлди: танамизни касалликлар эгаллаб олмасидан бурун уни тозалаб туриш керак.
Маълумот учун айтишим керакки, мен бир кунда 10 минг қадам юришни кундалик одатга айлантирганман. Ва яна, ҳафтада икки марта сув ҳавзасига бориб, 1000-1500 метр масофага сузаман. Бундан ташқари, ёғли ва хамирли овқатларни камайтириб, кўкатлар, мева-сабзавотлар истеъмол қилишни кўпайтирганман. Шу зайл тўрт ойда вазним 111 килодан 96 килога тушиб, соғлом турмуш тарзига қайтдим. Энг муҳими, юқори қон босими – гипертония касаллигим тузалди. Иккинчидан, қорним дам бўлиши йўқолди. Учинчидан, юрагим спортчиларникидай оҳиста ура бошлади. Тўртинчидан, жигарим тозаланиб, баландлаган ферментлари меъёрига тушди. Бешинчидан, қийшайган ўт қопим тўғриланяпти…
Мана, сизга натижа. Мен қандай қилиб ёшарганимнинг сири.
Фозил ФАРҲОД
