Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши

91

Ёхуд мен матбуотда ўтказган  амалиёт даврида нималарни ўргандим?

Амалиёт – олийгоҳлардан талабаларнинг олган назарий билимларини амалда қўллаб кўриш, танлаган соҳаларида ўзларини синаб кўриш имкониятидир.

Бирор соҳа йўқки, фақат назарияни ўрганиш билан чекланиб қолса. Ана шу ўрганилаётган яъни назарий билимларни олаётган китобларимиз ҳам қайсидир профессорлар, катта-катта ўқитувчиларнинг амалиётда синаб кўрган ишлари, ўтказган тадқиқотларининг ёзма шакли.

Бундан хулоса шуки ҳар қандай назарий тушунчаларнинг замирида амалий изланишлар ётади. Айниқса, бизнинг соҳамизни – журналистикани амалиётсиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Нафақат журналистикани, балки бошқа соҳаларда ҳам амалиётнинг ўрни катта. Масалан, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги йўналишда таҳсил олаётган талабалар дарсликларда тракторнинг тузилиши, унинг матори, двигатели, ёқилғи баки каби эҳтиёт қисмлардан ташкил топганини ўрганишлари мумкин. Лекин амалийда матор қаерда жойлашгани унинг ҳажми, ташқи кўриниши, у ишдан чиққанда қандай йўллар билан тузатиш мумкинлигини, ёки сув хўжалигида насос нималиги унинг соатига ёки дақиқасига неча литр сув торта олиши каби жараёнлар билан танишмасалар, қўлларига олиб синаб кўрмасалар келажакда уларни қандай қилиб малакали кадр бўлиб етишади дея олиш мумкин. Ахир айтишадику, “Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши”, деб. Энди қишлоқ ва сув хўжалигини қўйиб ўзимизнинг журналистика соҳамизга қайта қолайлик.

Журналистика кенг қамровли соҳа. Унинг радио, телевидение, матбуот, интернет каби турлари бор. Ҳар бирининг қийинчилиги ўзига яраша. Буни сизларга ўзим ўқийдиган университет мисолида тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Мен Қорақалпоқ давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил оляпман. Бизда журналистиканинг фаолият турлари, ахборот хизмати, ноширлик иши каби йўналишлари бор. Мен шуларнинг фаолият турлари йўналишида ўқийман.

Журналистика бу амалий соҳа бўлгани учун ҳали 1-курс бўлишимизга қарамай 4 ҳафталик амалиётга чиқдик. Ҳамма талабанинг таълим олаётган йўналишига қараб амалиёт ўтайдиган жойлари белгилаб берилди. Номидан маълумки «ноширлик иши»нинг талабалари матбуотга, республикада фаолият юритаётган газеталарга юборилди. «Ахборот хизмати»нинг талабалари эса ўзларини давлат корхоналари ва вазирликларда матбуот котиби лавозимида синаб кўрадиган бўлишди. Бизнинг йўналишимиз журналистиканинг барча соҳасини қамраб олганлиги сабабли гуруҳимиздаги талабалар ўзларини қизиқтирган йўналиш бўйича кичик гуруҳларга бўлинди. Бизга берилган яна бир имкониятлардан бири бу – амалиётни ўз яшаш жойимизда бажариш мумкинлиги бўлди.

Мен ёзувчиликка, таҳририятга қизиққаним учун матбуот йўналишини танладим ва Тошкент шаҳридаги машҳур газеталардан бири бўлган «Ишонч» газетасини танладим. Гуруҳдаги менга ўхшаб матбуотда ўзларини синаб кўрмоқчи бўлган бир нечта курсдошларим ўз вилоятларига қайтишди, қолганлар эса ўша ердаги «Нукус ФМ» радиоси, «Амударё ТВ» телеканали «Қорақалпоқ тонгги», «Эркин Қорақалпоғистон» газеталарига юборилди.

Тўғри 4 ҳафта оз муддатдек кўриниши мумкин, лекин мана шу давр мобайнида биз профессионал журналист бўла олмасак-да, ўзимизнинг танлаган касбимизга оид бир талай сир асрорларни ўрганишимиз учун етарли муддат деб ўйлайман. Мен ҳам ўзим бириктирилган ўқитувчиларимдан таҳририятда ишлашни ўрганяпман. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман.

Севинчой ҚЎЧҚОРОВА,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ

давлат университети талабаси