Инсон ҳуқуқлари – конституциявий ислоҳотлар марказида

92

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегия­сида белгиланган вазифалар инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашдек олижаноб мақсад сари етакловчи Конституциявий маконни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Конституцияни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ижроси, ва умуман, давлатимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлиги учун йўналтирилган аниқ позицияни маълум қилиш фурсати етди.
Шу нуқтаи назардан, Конституциямиз мазмун-моҳияти ва унда инсон ҳуқуқларининг акс этиши хусусида баъзи ­фикр-мулоҳазаларимизни билдириб ўтишни лозим топдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ва 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонлари доирасида белгиланган мақсад ҳамда вазифалар мазмун-моҳияти инсонга йўналтирилгани, унинг улуғлиги, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият экани билан янада қадрлидир.
Айнан ана шу нуқтаи назардан, Конституциявий ислоҳотлар комиссияси томонидан амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда кафолатларини кенгайтириш ва такомиллаштириш юзасидан юборилаётган таклифларнинг халқаро ҳужжатлар кесимида қиёсий таҳлил асосида очиб берилиши муҳим аҳамиятга эга.
«Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси» муқаддима ва 30 моддадан ташкил топган бўлиб, ундаги барча қоидалар кўриб чиқилганда, Конституциянинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли қоидалари билан ҳамоҳанглиги ва мазмунан уйғунлигининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 3-моддаси, яъни «Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир», деган қоидаси Конституциямизнинг 24-моддаси, яъни «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир», деган қоидаси билан мазмунан ўхшаш эканини кўриш мумкин. Худди шундай, Декларациянинг 5-моддасидаги «ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муо­мала ва жазога дучор этилмаслиги керак»лиги тўғрисидаги меъёр Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси иккинчи қисмидаги «…ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас» деган меъёрига мос. Декларациянинг 9-моддасида баён этилган ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида Конституциямизнинг 25-моддасида акс этганини қайд этиш мумкин.
Буларни таъкидлашдан мақсад, ҳозирги ислоҳотлар жараёнида ушбу йўналишда шаклланаётган ғоя ва таклифларни халқаро меъёрлар билан бойитиш муҳим ҳисобланади.
Юқорида тилга олинган миллий қонунчилигимизнинг ижро механизми сифатида инсон ҳуқуқлари бўйича узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу йўналишда давлатимиз сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор ва ҳурмат муносабатини босқичма-босқич таъминлаб бориш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинги ҳамда индекслардаги мавқеини яхшилаш имконини беради.
«Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси»га мурожаат қилсак, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилаётгани яққол кўзга ташланади.
Фуқаролик позициясидан ёндашганда, Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ва умуман, конституциявий ислоҳотлар бошланган бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида инсон қадрини белгиловчи бош ҳуқуқий мезон бўлган конституциявий қоидаларга ҳозирги реаллик ва халқаро ҳуқуқий стандартларни ҳисобга олган ҳолда таклифлар ишлаб чиқиш, бу борада фикрлар алмашиш ҳар биримиз учун ўта муҳим ва долзарб ҳисобланади.

Рустамжон РЎЗИЕВ,
юридик фанлар доктори, профессор,
Айюбхон МУҲАММАДИЕВ,
юридик фанлар доктори, профессор