Кейинги йилларда Қўшработ тумани ғаллачилигига жиддий путур етмоқда. Масалан, аксарият фермерлар буғдойнинг қоракуя касаллигига қарши курашишда ожизлик қилишмоқда.
Бултур 39 минг гектар майдонда деҳқончилик қилган туман фермерлари давлатга ёлчитиб буғдой сота олишмади. Бунга об-ҳавонинг қуруқ келиши-ю, қоракуя касаллигини сабаб қилиб кўрсатишди.
Биз эса «Қоракуяга қарши қандай агротехник тадбирлар қўлланиляпти?» деган саволимизга туман мутасаддиларидан тайинли жавоб ололмадик.
– Қоракуяга буғдой донининг 15-20 фоизи чалинади, – дейди кекса деҳқонлардан бири. – Ғалла катта идишдаги сувга солинса, касалланганлари юзага қалқиб чиқади. Чунки уларнинг ичи қуруқ кукунга тўла бўлади. Шу боис сувга чўкмайди. Буғдойнинг қолган қисмини эса, у сифатлими-сифатсизми, фермер ўз омборхонасига тўкиб олади. Уруғ сифатига эътибор сусайиб кетганининг асосий сабаби мана шунда.
Аниқлашимизча, бу йил Қўшработ туманида сифатли буғдой уруғи сепилмаган. Фермерларнинг кўпчилиги ўзлари бултур асраб қўйган касалланган буғдой донини экишга мажбур бўлишган. Негаки, шартнома асосида иш юритиб келаётган «Оқтошдон» акциядорлик жамияти уларга бир килограмм ҳам сифатли уруғлик етказиб бермаган.
Биз масалага ойдинлик киритиш ниятида ушбу корхона бош ҳисобчиси Улуғбек Ортиқов билан телефон орқали боғландик.
– Анча йиллардан буён қўшработлик фермерларни уруғлик ғалла билан таъминлаб келяпмиз, – деди у. – Лекин, қўшимча ҳосилни-ку, қўя турайлик, лоақал берган уруғимиз пулини ҳам қайтариб ололмаяпмиз. Бунга асос сифатида ҳар йили бир баҳонани рўкач қилишади. Қолаверса, бизнинг корхонамиз сифатли ун ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шу боис қоракуя тушган буғдойни қабул қилмаймиз. Бу йил туман фермерларига сифатли уруғлик етказиб бермаганимизнинг сабаби ҳам шу. Айни чоғда, уларнинг биздан муддати ўтган 14 миллиард сўмлик қарзи мавжуд. Эндиликда масалани суд орқали ҳал қилишимизга тўғри келяпти.
Бу жавобни эшитгандан сўнг масалага янада ойдинлик киритишга аҳд қилдик. Айни мақсадда, туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутасаддилари билан келишган ҳолда, нисбатан кичикроқ Очил Қодиров номидаги ҳудуд деҳқон-фермер хўжаликларида ток, картошка, дуккакли ва сабзавот экинлари экилиши билан боғлиқ аҳволга қизиқдик. Бироқ бўлим томонидан тайёрланган маълумотлар шу қадар айқаш-уйқаш эдики, уларга аниқлик киритиш учун бир кунлик вақтимиз кетди. Масалан, бизга тақдим этилган маълумотномада 21 та фермер хўжалиги тасарруфида 685 гектар ер борлиги қайд этилганди. Таҳлил жараёнида ушбу кўрсаткич 1346 гектар бўлиб чиқди. Бундан-да ачинарлиси, фермерлар томонидан режалаштирилган экинлар экилган-экилмаганини ҳеч ким сўраб-суриштирмаган. Айтайлик, маълумотномада мазкур хўжаликларда 115 гектар ерда ғалла ўстирилаётгани қайд этилганди. Амалда бу майдонлар 290 гектар экан. Ёки нўхат етиштирилаётган майдонлар 116,6 гектар эмас, 209 гектар, бошқа экинлар экилган, аниқроғи, бўш қолдирилган ерлар эса 38,5 гектар эмас, 136 гектар бўлиб чиқди.
Шу ўринда бу фермерларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш режаларига ҳам бирров кўз югуртирайлик. Улар 18,5 гектар ўрнига 6,5 гектар ерга картошка, 7 гектар ўрнига 2,7 гектарга сабзи, 7 гектар ўрнига 2,8 гектарга пиёз, 14 гектар ўрнига 8 гектар майдонга мойли ўсимликлар экишган. Бу қоғоздагиси, амалдагиси бундан бошқача бўлиб чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Жумладан, 5 гектарга мойли экин етиштиришни режалаштирган «Шакар ота» фермер хўжалиги жамоаси амалда сўзи устидан чиқмаган. Тасарруфидаги 133 (аслида 135) гектар майдоннинг 60 гектарига буғдой, 20 гектарига нўхат эккан бўлса-да, юридик мақомга эга ташкилот билан ҳамкорлик шартномаси тузмаган. Устига-устак, 40 гектардан зиёд экинзордан яйлов сифатида фойдаланмоқда.
Ўрганишлар давомида Қўшработ тумани деҳқон бозоридаги аҳвол билан ҳам танишдик. Ундаги ноз-неъматларнинг 90 фоизи, айниқса, дуккакли, сабзавот ва полиз маҳсулотлари қўшни Иштихон, Каттақўрғон ҳамда Пайариқ туманларидан келтирилар экан.
– Туманимизда бу маҳсулотларни сотишимиз анча қийин, – дейди иштихонлик Зуҳра Валиева. – Қўшработда бир кунлик савдодан тушган пулни ўзимизда ҳафта-ўн кунда ҳам тополмаймиз. Чунки бизда рақобат кучли. Бу ерда эса вазият батамом бошқача. Аниқроғи, қўшработликлар нарх-наво масаласида талашиб-тортишиб ўтирмайдилар, борига шукур деб, индамайгина харид қилаверадилар.
Ғалла бозорида бир кило буғдойнинг баҳоси сифатига қараб 5500 сўмдан 6000 сўмгача экан. Маккажўхори ва арпа дони ҳам бундан кам эмас. Шунинг учун ҳам уйидаги тўртта паррандага озуқа олишга қийналаётганлар кўп.
– Биз учун ўнта товуқ боқиш ҳам катта муаммога айланди, – дейди Зебуннисо исмли аёл. – Авваллари оиламиз билан ижарага 1-2 гектар ер олиб, деҳқончилик қилардик. Даромадимиз ижара ҳақини тўлашдан ташқари, бир йиллик унимиз учун ҳам етарди. Энди эса ерлар бекор ётса-ётибдики, биз сингари қўли калталарга берилмаяпти.
Туман қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Зафар Аминов эса бизга ўша ҳудуддаги 370 гектар ерга онлайн танлов эълон қилинганини, қизиқиш билдираётган инвесторлар ҳам борлигини эслатди. Аммо бу ишониш қийин бўлган жавоб эди. Бундай дейишимизнинг сабаби, бир вақтлар инвестиция киритади деб, 190 гектар ер «Organic Solutions Qo‘shrabot» фермер хўжалигига берилганди. Мана, орадан салкам ўн йил ўтибдики, бу майдонларга чўп ҳам қадалмади. Туман қишлоқ хўжалиги бўлимидагиларнинг ўша жойга ким эга эканини эслашлари ҳам қийин кечди.
Ёки бошқа мисол. Боғдорчиликка ихтисослаштирилган «Тувадоқ асл навли узум», «Тувадоқ асл узумлари» фермер хўжаликлари боғдорчиликка мўлжалланган ерга узоқ йиллар ғалла ва нўхат экиб фойдаланишди. Бу йил эса уни ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Нима эмиш, ерни кавлаб, 30 метр чуқурликдан сув чиқариш қийин бўлаётганмиш.
Боя юқорида 21 та фермер хўжалигига қарашли 1346 гектар майдоннинг тенг ярмига ҳеч нарса экилмаганини айтгандик. Таажжуб, мутасаддилар ғойибдан бирор «бойвачча» келиб, бу ерларни ўзлаштиришини кутишяптими? Ёки улар ушбу ҳудудда 800 нафардан зиёд киши ишсиз эканини, ёшларнинг бир қисми хорижда ёки Самарқанддаги мардикор бозорида меҳнат қилишаётганини билишмайдими? Бўш ётган ерларни ижара асосида ёки кооперация усулида ишсизларга бўлиб бериб, мавжуд имкониятлардан иложи борича унумли фойдаланиш чораларини кўрсалар бўлмайдими?
– Очиғини айтсам, бизнинг туман шароитида айрим фермерларнинг қурби 20 гектар ердан оқилона фойдаланишга ҳам етмайди, – дейди Зафар Аминов. – Шунинг учун ҳам деҳқон-фермер хўжаликлари ёппасига чорвачилик хўжаликларига айлантирилиши жоиз. Шунда ердан фойдаланиш имкони ҳам, олинадиган даромад салмоғи ҳам ортади.
Биз бу мутахассис икки ўт орасида қолганини тушундик. Чунки юзлаб гектар ерларни эгаллаб, улардан истаганича фойдаланаётган ўзи хон, кўланкаси майдон деҳқон-фермерни тартибга чақириш ҳам, бирор ўзгариш қилиш учун соҳанинг вилоятдаги мутасаддилари розилигини олиш ҳам ўзига хос муаммолар саналади. Бу тўсиқлар бартараф этилса, Қўшработдаги қолоқ ҳудудлар жонланишига шубҳа йўқ.
– Яқин-яқингача маҳаллий аҳолининг асосий қисми лалми ерлардан ижара асосида бинойидек фойдаланарди, – дейди Камол ака. – Гектаридан 1-1,5 тонна буғдой ва нўхат олардик. Бу рўзғоримизга ҳам, давлатга ҳам наф келтирарди. Ҳосилни йиғиштириб олгач, пайкалларда мол боқиб, қўшимча даромад орттирардик. Энди эса ҳаммаси чекланяпти. На экин бор, на даромад. Яқинда денг, бир фермер ўзига тегишли ерга яқин яйловда мол боққан қарияни калтаклабди. Кўрдингизми, баъзи одамлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ҳам унутиляпти…
Саксон ёшни қоралаб қўйганига қарамай, ҳамон ер билан тиллашаётган Абдукарим Абдувоҳидов – заҳматкаш инсонлардан бири. У ўз тасарруфидаги ерларнинг 22 гектарини боғ ва токзорга айлантирган.
– Саккизта мактабгача таълим ташкилотини сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаб келяпман, – дейди отахон. – Давлатга эса ер солиғидан ташқари 20 миллион сўм даромад солиғи ҳам тўладим. Лалмикор ер шароитини эътиборда тутиб, арзимаган миқдорда ер солиғи белгилагани учун давлатимизга раҳмат. Бироқ бу ишонч кўплаб фермерлар томонидан суиистеъмол қилиняпти. Улар арзимаган 4-5 миллион сўмлик ер солиғини тўлаб қўйсак бўлди, қутуламиз, деб ўйлашади. Лекин даромад-чи?.. Эл юкини ким кўтаради? Халқни ким боқади? Масаланинг бу жиҳатларини ҳам ўйлаш керак-ку!..
Биз бир неча кун мобайнида 21 та фермер хўжалиги фаолияти билан танишиш, мулоқотлар ва таҳлиллар натижасида шундай хулосага келдик: Қўшработ туманидаги талай фермерлар деҳқончилик учун энг қулай келган жорий йилда ҳам ғалвирни сувдан қуруқ олиб чиқишга тайёр туришибди. Агротехник тадбирлардан батамом мосуво бўлган ғаллага қоракуя касаллиги хавф солмаслигига кафолат йўқ. Боз устига, етиштирган маҳсулотини биржа орқали сотувга чиқаришни эмас, ўз омборига тўкишни ўйлаётганлар ҳам кўп. Чунки улар билан шартнома тузилмаган, демакки, зиммаларида масъулият ҳам йўқ. Туман раҳбарлари эса шунчаки бир томошабинга ўхшайдилар.
Ҳолбуки, ер – умумхалқ мулки. Уни хор қилиш – катта гуноҳ! Қолаверса, Президентимиз бир сафар Самарқандга ташриф буюрганида, «Келинглар, Қўшработни ривожлантириш тўғрисида махсус қарор қабул қилайлик, таклиф беринглар», деган эди. Ўшандан буён орадан бир неча қовун пишиғи ўтди. Лекин шу пайтгача туман аҳлининг дард-ташвишларини кўтариб чиқадиган мард топилмаётир. Бизни масаланинг ана шу жиҳати ғоят ажаблантиради.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»
