Китоб дўконларимизда…

97

Тарозининг икки палласи бор. Бир томонида оғирлик ўлчови – тош турса, бошқа томонида харид қилинаётган нарса бўлади.

Қачон мурод ҳосил бўлади? Қачонки, тарози паллалари тенг келиб, мувозанат ҳосил бўлса. Шунда сотувчи ҳам, олувчи ҳам мамнун қолади.
Қушнинг ҳам икки қаноти бор. Қуш шулар воситасида парвоз қилади.
Одамга бўлса, иккита оёқ ато этилган… Битта бўлса-чи? Ҳаккалаб қоларди у. Узоққа боролмасди. Энг яқин манзилларга етиш ҳам фақат хаёлга айланарди.
Хўш, бу аналогиялар нима учун керак?

Шунинг учунки, бугун ёшларимизнинг учмоғи учун икки қанотга эҳтиёжи бўлгани ҳолда, уни битта қанот билан парвозга чорлаяпмиз. Битта қанот билан парвоз қилмоқчи бўлганларнинг эса ҳоли маълум: хиёл, ўтмай оғзи-бурни тупроққа қоришиб ерга йиқилади.
Мана, ниҳоят, масаланинг ўзагига келдик.
Мен бугун китоб дўконларини айландим. Чорсудаги бир вақтлар турфа китоблар сотгич дўконлар асосан диний китоблар дўконларига айланиб бўпти. Дунёвий китоблар, бадиий адабиёт, бошқа ҳар турли илмий адабиётлар йўқ ҳисоби. Бўлса ҳам, бир бурчакка тиқиб қўйилган. Ижарадаги қўли юпқа талабага ўхшайди улар. Хўжайиннинг қош-қовоғига қараб кун кўради, «чиқиб кет!» деса, чиқиб ҳам кетаверадиган алфозда.
Бу ҳолни кўриб, неча ўн йиллардан бери фақат бадиий адабиёт намуналарини чоп этиб келган машҳур бир нашриёт директорининг: «Улуғбек ака, биз ҳам диний китоблар босиш ҳақида жиддий ўйлаяпмиз, бунинг йўлларини қидиряпмиз» дегани ёдимга тушди. «Бош­­қа чораси йўқми?» дея сўрасам, «Қани энди бўлса» дея жавоб берганди у.
Ўйлаб кўрилса, мазкур суҳбат бугунги ўзбек жамияти кўпроқ қандай китобларни ўқиётгани-ю, одамларнинг эътибори қайси томонга қараб силжиётганини ҳаққоний кўрсатиб берадиган барометр бўлган экан.
Хўш, бунинг нимаси яхши-ю нимаси ёмон?
Халқимизга динимизнинг қайтгани – яхши.
Халқимизнинг дунёвий илм-фану, бадиий адабиёт, санъатдан узоқлашаётгани – ёмон сигнал.
Чунки шунча диний адабиёт ёнида яна шунча бадиий адабиёт, санъат, илм-фанга доир, керак бўлса, ҳаёт мамот-масаламизни ҳал қилгувчи ҳодисалардан сабоқ бергувчи илмий адабиёт ҳам бўлиши керак-да! Гап шу ҳақда. Қанот жуфт бўлсин, ахир!
Бизнинг қоракўз ўзбекларга «дўппини олиб кел» десангиз, биратўла бош билан кўтариб кела қолишади. Гап шу ҳақда.
Диний таълим керак. Дин керак. Ўлимдан кейинги ҳаётга бўлган умидни инсондан тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шўролар тортиб олган эди. Одатда, тақиқ қўйилган нарсаларга соғинчу интилиш кучли бўлади. Динга бўлган ана шундай соғинчу интилиш шунчалар кучли эдики, «Мустақиллик шарофати билан муқаддас динимизга рухсат берилди», дейилиши билан аксар одамларимиз, айниқса, ёшларимиз боши билан динга шўнғиди. Шунчаларки, тарозининг иккинчи палласини – дунёни унутди. Тарози палласининг бири оғди-кетди. Иккинчиси эса осмони фалакка кўтарилди. Бунинг нима оқибатларга олиб келишини камина «Мувозанат» романида, Амир образи орқали озми-кўпми очиб беришга уринган эдим. Амир охиратини ўйлаб, бу дунёсини, наинки ўз дунёсини, айни пайтда, оиласининг – умр йўлдоши-ю ўғил-қизининг дунёсини ҳам хавф остига қўйганди…
Мактабга энди чиққан, ёшимиз етти-саккиз, кимники тўққиз-ўнда эди. Мактаб совет мактаби бўлиб, унда Ленин «бобо» ғоялари жадал тарғиб қилинаётган палла. Хуллас, «Дин халқ учун афъюндир» дея ярми узиб олиниб, нотўғри талқин қилинган шиор баралла янграган давр.
Шунга қарамай, қишлоғимизда бир эски масжид доимо ишлаб турарди. Ўшандай даврда биз ёш болалар уйга мол-қўй ҳайдаб келарканмиз, қўққисдан азон саси эшитилиб қолса, дарров чўккалаб олардик. Азон айтилиб бўлгунча эса, ҳайвон-ҳайвон-да, кетиб қоларди узоқ-узоқларга, – биз чопардик кейин изидан «қайдасан?» деб. Лекин муаззин саси – азон тугамагунча ўрнимиздан турмасдик. Азон тугар ва биз ўрнимиздан тура солиб оёқни қўлга олганча югурардик.
Етиб борсак, ҳайвон тушмагур ё қўшнининг экинига тумшуқ суққан ёки яна бировнинг дарахтига оғиз урган бўларди. Лекин ортиқча уруш-жанжал бўлмасди. Масжиду азондан ташқари яна намозни билардик: бобомиз, момомиз намоз ўқирди. Уларнинг қўлларида арабча ёзилган китоблар бўларди. Фақат улар яширин сақланарди. Диний руҳ, диний иқлим мана шу тарзда биз ёшларга ҳам озми-кўпми кўчган эди десам, муболаға бўлмас-ов.
Биз ана шундай – далада молу қўй боқиб, Ленин «бобо»га бағишланган «Ўқинг аъло, бўлинг доно, деган бизга Ленин бобо!» деган жўқича тизмани ёддан айтиб юрган кезларимизда денг тамомила бошқа бир олам – Қуръони Карим дунёсига бир-икки қадам кириб борганмиз. Балки «бўйлаганмиз» десам, тўғрироқ бўлар.
Абдусаттор бува деган маҳалламизнинг машҳур домласи бўларди – Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин! Биз маҳалланинг беш-ўнта ёшлари молу қўйдан тинчиб бўлгач, шом тушгач, ҳафтиякни қўйинга яшириб, ўша домланинг уйига йўл солардик. Токи, биров кўриб қолмасин, кўриб қолиб, мактабга айтиб бормасин, дея шомда уйдан чиқардик.
Ҳафтиякни (Қуръоннинг еттидан бири) ҳам Андижон шаҳридан хуфёна олиб келишарди. Адашмасам, 15 рубль турарди. Бадиий китоблардан 50, ҳатто кўпроқ харид қилиш мумкин эди бу пулга. Лекин ҳар йили маҳалланинг ўн-ўн беш чоғли ўсмиру ўспиринлари Қуръон оламидан озроқ хабардор бўлиш учун жон дея ўша пулни тўлашарди.
Шундай қилиб, камина кундуз кунлари мактабга, дунёвий ўқишга, кечқурун эса домланинг уйига, диний таълимга қатнай бошлаганман.
Назаримда, тўғри йўлда эдим. Кўнг­лим ҳам тўқ эди чунки. Мактабда ўқиётганимларим менинг битта қанотим бўлса, Абдусаттор домланикида ўрганаётганларим иккинчи қанотим эди гўё.
Мен шу кетишда бўлса, парвоз қила олишимни ич-ичдан ҳис қилардим. Чунки дунёвий ва диний таълим ­бир- бирини тўлдирар, менга куч бағиш­ларди. Ахир, инсон деганимиз – Аллоҳнинг махлуқи бўлиб, бир пайтнинг ўзида ҳам тана, ҳам руҳдан иборат-да. Танаси бу дунёга, руҳи эса охиратга тегишли. Бас, танасининг яшамоғи учун дунё билан тиллашмоғи, уни яхши билмоғи, танимоғи керак бўлса, руҳининг парвози учун эса, диний-руҳоний таълим-тарбияга эҳтиёжи бор унинг. Ўлимдан кейинги ҳаётга бўлган ишонч­­ни инсоннинг юрагидан олиб ­қўйинг-чи, нима бўларкин: у дунёдаги энг ёвуз махлуққа айланади. Унинг олдида қутурган туя нима бўпти-ю оч йўлбарсу йиртқич арслон нима бўпти!.. Шунинг учун ҳам маърифатпарвар француз Вольтер ўз даврида: «Агар худо бўлмаганда, уни ўйлаб топиш керак бўларди» дея ҳайқирганди. Чунки айнан худодан қўрқишгина инсонни бу дунёда инсондек тутиб туришини у яхши билган. Ўша художўй Достоевский ҳам бир қаҳрамони тилидан шундай дея бўзлаганди: «Агар худо ўлган бўлса, демак, ҳамма нарса мумкиндир». Бу даҳшатли эркинлик эди. Улар – Вольтеру Достоевский каби даҳолар худосизликнинг қаерларга олиб боришини жуда яхши билишган. Достоевский «Иблислар» («Бесы») деган романида ҳам айнан худосиз жамият қурмоқчи бўлган советларни олдиндан башорат қилган эди, уларни иблислар деб атаганди, ҳа…
Лекин дунё экан: унинг тарози палласи гоҳ у томонга, гоҳ эса бу томонга оғиб яшаркан. Ўртадаги мувозанатни топиш эса ҳар доим ҳам, ҳамма даврларга ҳам, ҳамма инсонларга ҳам насиб қилавермас экан. Узоққа бормайлик: ана, шўро даврида дунёвийликка урғу берилган бўлса, бугун диний йўналишга кириб боряпти жамият. Қани улар ўртасидаги мувозанат?..
Қадимда туркий қавмлар 17 марта катта империя қургани ҳақида ўқиб қолгандим. Бунинг сабаблари ҳақида ёзган туркиялик профессор Усмон Турон туркий қавмларнинг модда ва руҳ ўртасидаги мувозанатга эришиб яшаганида, деб билади. Яъни, бир томондан ягона Тангрига, кейинчалик Аллоҳга бўлган ишонч, иккинчи томондан эса дунёвий ишлардаги илғорлик туркийларнинг катта ва умрзоқ империялар қуришига омил бўлган экан.
Яна Совет империясини эслайлик. Нега у бунчалар тез қулади? «АҚШ доллар билан йиқитди» деган қарашлар бор. Лекин империянинг ўзи ичкаридан заифлашиб қолмаса, ташқаридан уни қулатиш осон эмас-да!.. Советларнинг ўзи умумий тараққиётдан ҳар томонлама орқада қолиб кетган эди: моддий жиҳатдан ҳам, ғояви-ю руҳоний жиҳатдан ҳам. Бундай заиф империяни кўп нарса билан уриб йиқитиш мумкин, дейлик, молиявий (доллар билан!), ҳарбий, ғоявий ва ҳ.к. тўқмоқлар унга кифоя.
2022 йил 10 апрель куни телевизорда марҳум диний уламо Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бир чиқишини кўриб қолдим.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Суриядаги урушларда мусулмонларнинг ўзини қандай тутаётгани ҳақида куйиниб сўзлаётган эди. Ҳазрат сўзларининг қисқача маъноси шундай эди: Сурияда ҳукуматга қарши диний тоифалар бор. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳукуматга қарши курашади, ҳам ўзаро уришади. Шундай бир вақтлар эдики, камина ўша ерга мусулмон уламоларнинг раҳбари бўлиб бордим, урушни тўхтатиш борасида музокаралар ўтказдик. Келишилди. Урушмаймиз, дея ваъдалар берилди. Лекин биз қайтиб келгандан кўп ўтмай яна баҳс-мунозара янгиланиб, ҳам ҳукуматга қарши, ҳам ўзаро уруша бошлашди, деди.
Шайх ҳазратларининг, айниқса мана бу гапи – улар четдан қурол-яроғ сотиб олиб, бир-бирини қирғин қилишни жуда яхши билишади. Лекин урушаётган ўша диний тоифаларнинг бари бир бўлиб ҳам битта пистолет ихтиро қила олмайди. Майли, пистолетни қўйинг, унинг битта ўқини ишлаб чиқара олмайди, – дегани менга жуда катта таъсир қилди.
Қаранг, шайх ҳазратлари нимага урғу беряпти – диний билимлар билан қуролланиб олган тоифалар дунёвий билимлардан ноль эканига!
Шундай эмасми! Хўш, дунёвий билимлари ноль экан, диний билимларининг ҳоли қандоқ экан? У ҳам жуда ҳавас қилгулик эмас. Зеро, Ислом дини – ўзининг ўзак-ўзагида тинчлик дини, сулҳ дини, бағрикенглик дини. Бас, шундай экан, икки ёки ундан ортиқ, ҳаммаси исломий бўлган гуруҳлар нега бир-бирига қараб ўқ узади?.. Буни жаҳолатдан озиқланувчи нафсдан бош­­қа нарса билан изоҳлаш мушкулдир, эҳтимол.
Бир расм кўриб қолдим, дея давом этди шайх. Унда икки мусулмон бир-бирини тўқмоқ билан уряпти. Тўқмоққа «Аллоҳу акбар!» деб ёзиб ­қўйилган. Ҳар иккиси ҳам Аллоҳнинг номидан иш тутяпман деяпти, лекин бири бош­қасини ўлдирмоқчи бўляпти. Бу ёқда эса, уларни кузатиб турган икки ажнабий ўзаро гаплашяпти. Бири сўраяпти: улардан қайси бири ютади? Иккинчиси жавоб беряпти: биз ютамиз!..
Ана, сизга айрим мусулмонлар ­дунёсининг аянч ҳоли!
Хаёлимда улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни» достонидан бир эпизод гавдаланди. 1978-79 йилда битилган достонда ҳинду билан мусулмон бир-бирини уриб ўлдираётган эпизод тасвирланади. Мусулмон «алқасос» дея бақирса, ҳунду «будда учун!» дея қичқиради. Ҳар бири ўзича муқаддас урушга отланган. Лекин бу уруш оловини ёққанлар бошқа. Фақат буни на ҳинду кўради ва на мусулмон. Тафаккур кўзи боғлиқ бўлгани учун одамкушликни муқаддас уруш деб ўйлашади. Уруш оловини зимдан ёқиб қўйган одам эса томошабин. Ким у? Оврупалик оқтанли жаноб! У ичкарида қора қаҳва ичган кўйи мусулмону ҳиндунинг ўзаро қирғинбарот урушини деразадан мазза қилиб кузатиб ўтиради.
Аслида-ку ҳаёт оғу,
Турмуш ўзи зимистон.
Айбдор эмас бунга ҳинду,
Гуноҳкормас мусулмон.
Аслида-ку…
Беизтироб
Ҳўплаб қора қаҳвани
Деразадан оқтан жаноб
Кузатар можарони.
Ана, сизга шайх ҳазратлари яқинларда – 2015 йилда вафот этишидан бироз аввал айтган оғир бир гапининг бундан салкам 40 йил бурун ўзбек адабиётида акс этган фоже манзараси!..
Ҳей, динни деб дунёвийликдан узоқ тушган биродарим, бир қадам дунёга яқинроқ кел! Эй, дунёни деб, диндан йироқлашган биродарим, бир одим динга – маънавиятга ёвуқ юр! Токи, ўртада мурод ҳосил бўлсин! Муродки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ўрта йўл – «Ҳеч қачон ўлмайдигандек бу дунё учун, эртага ўладигандек охират учун яша!» амрига кел! Келайлик! Токи, ҳаёт деганимиз улуғ бир неъматдир. Бу неъматни ҳимоя қилишнинг эса бошқа чораси йўқ ҳозирги глобал дунёда: бизнинг кўнглимиз, Нақшбанд ҳазратлари буюрганидек, Аллоҳ билан, қўлимиз эса фойдали иш билан машғул бўлиши шарт («Дил ба ёру даст ба кор»)!
Фақат охират хаёли билангина яшаган миллат тарих саҳнасида узоқ қололмайди, фақат дунёвий юмушгагина умрини сарфлаган халқ ҳам ҳалокатга маҳкумдир. Нажот уларнинг ўртасида, ҳадисда буюрилганидек, дунё-ю охират ўртасига кўприк сола билишда. Зеро, «ҳеч қачон ўлмайдигандек бу дунё учун яшаган» инсоннинг ҳаётда қилган ҳар бир иши гўзал бўлади, пишиқ-пухта бўлади, эзгу бўлади, магар уста бўлса, у қурган бинолар асрлар бўйи яшайди, энди «эртага ўладигандек охират учун яшаган» инсон-чи, у ҳар бир кунини сўнгги кун дея билиб, неки амали бўлса, барини савобга ўраб-чулғайди, бировнинг кўнглини оғритмайди, ўғирлик қилмайди, одам ўлдирмайди ва ҳ.к… Чунки вақт чегараланган – эртагача! Бас, имкон қадар кўпроқ савоб ишлар қилиб қолишга интилади.
Демак, ҳадиснинг маъно-мантиғидан кўриниб турибдики, тўғри яшаш дегани бу дунёни деб охиратни, охиратни дея дунёни унутиб қўймасликдир. Бас, шундай экан, нега бугун ўзбек жамияти дунёдан, дунёвийликдан, уни тадқиқ этишга йўналтирилган илму фандан, санъату адабиётдан узоқ тушмоқда?.. Бунинг ҳалокатли эканини наҳотки билмаймиз, наҳотки билмасак?!.. Динга муккасидан кетиб, гўёки унинг йўриғида юраётган айримлар нега диндаги соғлом чақириқларга лаб­бай деб жавоб беришнинг ўрнига дунёни, дунёвийликни инкор қилади, ўзига ва миллатига, алалоқибат эса, уммати оёғи остига чоҳ қазийди?..
Айтилганлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, кутубхоналардаги, китоб дўконларидаги мувозанатни тузатиб қўяйлик: дунё ва охират ҳозирлиги учун зарур бўлган барча адабиётларни ўзаро мутаносиб нисбатда ҳозиру нозир қилайлик. Улардан фақат биттасининг бўлиши ҳар қандай қавм, ҳар қандай миллатни тўппа-тўғри учуримга элтиши муқаррарлигини ўйлаб кўрайлик.
Бундай бўлмаслиги учун эса ҳукуматнинг халқ билан қўлни қўлга берган ҳолда, диний адабиётлар ёнида, улардан кам бўлмаган миқдорда ­дунёвий илму фан, санъату адабиётнинг ўрни ҳақида бот-бот тушунтириш ишларини олиб бориши яхши натижалар бергуси. Токи, миллатимиз ҳар соҳада баланд-баланд парвоз қилиш учун икки соғлом қанотга эга бўлсин: бири ­дунёвий – моддий бўлса, бошқаси руҳоний – маънавийдир… Янада тўғрисини эса Аллоҳ билгувчи!..

Улуғбек ҲАМДАМ,
ёзувчи

2022 йил май – июнь