Свердловскда нималарни кўрдик?

52

2019 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си Хоразм вилояти кенгаши ҳамда Россиянинг Свердловск области касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланган эди.

Яқинда, ушбу келишувга мувофиқ, Челябинск шаҳрида ўтказилган «Касаба уюшмаларининг инновацион дастурлари» мавзусидаги касаба уюшмаларининг XII Ёшлар слётига таклиф қилиндик.
Касаба уюшмалари соҳасида халқаро ҳамкорликни ­мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Урал федерал округи томонидан уюштирилган учрашувлар барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбирлар Челябинскдаги «Сеҳрли шаҳарча» («Волшебный городок») пансионатида бўлиб ўтди.
Слёт дастурига мувофиқ, маданий-маърифий тадбирларда, балиқ овида иштирок этдик. Спорт ўйинларида қатнашдик, бирга қўшиқ куйладик.
«Касаба уюшмалари ҳаракатларининг долзарб масалалари ва бунда ёшларнинг ўрни» мавзусида ўзаро фикр алмашдик. Гуруҳларда ишлаб, мавзу юзасидан ўз таклифларимизни билдирдик.
Суҳбат асноси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини мисоллар ёрдамида сўзлаб бердик. Ёшлар учун ташкил қилинаётган танловлар, акциялар россия­лик касаба уюшма фаолларида катта қизиқиш уйғотди. Жамоа келишуви ва шартномаларида ёшлар манфаатлари алоҳида бобда ифодалангани юқори баҳоланди. Ҳамкасбларимиз қадимий ва нав­қирон Хива ҳақидаги ҳикояларимизни зўр ҳаяжон билан тинглашди.
Мухтасар айтганда, тадбирлар ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлди. Ёшларни қўллаб-қувватлашда касаба уюшмаларининг ўрнини янада ошириш юзасидан дастурлар ишлаб чиқилди.
Россиядан қайтгач, таассуротларимизни ҳамкасбларимиз билан ўртоқлашдик.

Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раисининг
ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси