Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги оммавий ахборот воситалари вакилларини Наманган вилоятида маҳаллабай ишлаш тизими ва ҳоким ёрдамчилари амалга оширган ишлар билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этди.
Дастлаб Наманган шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов ҳудудларда айни йўналишлардаги ишлар ва келгуси режалар хусусида сўз юритди.
Сўнгра иштирокчилар «Баркамол авлод» маҳалласида хонадонбай ишлаш тизими, кичик саноат зонасида амалга оширилаётган ишлар, янги инвестиция лойиҳалари ва чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Мастер класс дизайн» МЧЖ фаолияти билан танишдилар.
Уйчи туманида давом эттирилган тадбир чоғи, аввало, «Ёркатай» кичик саноат зонасига ташриф буюрилди. Ўз хонадонини кулолчилик корхонасига айлантириб, эллик нафардан зиёд хотин-қизни иш билан таъминлаган тадбиркор Илҳомжон Тўхтамирзаев етакчилигидаги жамоа тайёрлаётган, миллий ва замонавий нақшлар билан безак берилган чинни идишлар айни кунларда экспорт ҳам қилинаётганидан барча мамнун бўлди.
Ҳоким ёрдамчилари бажараётган ишлар билан танишиш Учқўрғон туманида ҳам давом этди. Журналистлар «Соҳил» маҳалласида «Учқўрғон форель балиқлари» МЧЖ очган кооперация ва балиқ етиштириш лойиҳаси билан таништирилди.
Масалага кенгроқ ёндашадиган бўлсак, ҳозир вилоятда мавжуд маҳаллаларда 784 нафар ҳоким ёрдамчиси фаолият юритмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 522 мингдан зиёд хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди ва жорий йилнинг беш ойи давомида 140 минг 300 та иш ўрни яратилди, 7300 нафар кишига жами 150,3 миллиард сўм кредит маблағи, 1790 кишига 2,3 миллиард сўм субсидия ажратилди. Ҳудудларда 4,6 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Инвестиция дастурига киритилмаган 1,7 мингта «Маҳаллабай» лойиҳа шакллантирилди.
Пресс-турнинг иккинчи куни журналистлар Янги Наманган туманидаги «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғинининг бошқарув идораси, кутубхона ва маданият маскани ҳамда давлат хизматлари марказини ўз ичига олган гузардаги ўзгаришларни, шунингдек, маҳаллада янги қад кўтарган 61-давлат мактабгача таълим ташкилоти, IT маркази фаолияти ва узумчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар самарасини ўз кўзлари билан кўрдилар. Улар Давлатобод туманининг «Янги тонг» маҳалласидаги «UITC» IT академияси, «Юксалиш» маҳалласидаги кулолчилик микро маркази, Поп туманининг Ором мавзесида қурилаётган 750 ўринли иссиқхона мажмуаси, Чодак қишлоғида барпо этилган кўп қаватли уйлар ва туризм объектлари фаолияти билан ҳам танишдилар.
Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»



