Чала қолган иш қачон охирига етказилади?

69

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 15 январь сонида «Қўрғончалик­лар токайгача қийналиб яшайди?» сарлавҳали мақола чоп этилган ва унда Учкўприк тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 7 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 60-қиш­лоқ оилавий поликлиникасининг таъмирталаблиги, беморлар учун ҳам, шифокорлар учун ҳам шароит йўқлиги, муолажа хоналари совуқлиги, иссиқлик тизими ишламаслиги, қишнинг совуқ кунларида беморлар ўзлари билан ўтин олиб келиб, хоналарни иситишга мажбур бўлаётгани баён этилган эди.

Мақола газетада чоп этилгач, кўтарилган масала бўйича туман ҳокими, Учкўприк тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари поликлиникадаги аҳвол билан танишиб, иссиқлик таъминоти ҳамда бино таъмирлашга муҳтож эканини аниқлашган. Ўрганишлардан сўнг бинони таъмирлаш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланган, лекин март ойида тўхтаб қолган.
Таъмирлаш ишлари давомида фақатгина бинонинг олд қисмигагина пардоз берилган. Бино ичидаги ҳолат эса урушдан кейинги харобани эслатади. Хоналардаги тиббиёт жиҳозлари, таъмирлаш ишлари пайтида олиб ташланган иссиқлик батарея­лари бино ўртасига уйиб ташланган. Таъмирлаш ишлари бинонинг ярмида олиб борилган бўлса-да, бирорта хонада пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Таъмирлаш ишлари бошланган пайтда хоналарнинг эски ромлари олиб ташлангани боис бино очиқ қолиб кетган. Ташқаридан кўтарилган чанг-тўзон муассасага киряпти. Бу эса муолажа олишга келаётган беморларга кўплаб ноқулайликлар туғдирмоқда.
– Бинони таъмирлаш ишлари бош­ланганда хурсанд бўлдик, – дейди Умаржон Тўрақулов. – Энди поликлиника чиройли, хоналар иссиқ, асосийси, беморлар учун шароитлар яратилиб, касаллар ўзлари билан ўтин кўтариб келмайди, деб ўйлагандик. Эрта хурсанд бўлибмиз. Муассасада таъмирлаш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетди. Биз маҳалла-кўй билан поликлиника тезроқ битсин деб, усталарнинг озиқ-овқатигача тайёрлаб бердик. Аммо шифохонада бирорта ўзгариш бўлмади.
Ҳудуд аҳли ҳам ишларнинг чала ташлаб кетилганидан норози. Мана, уч ойдирки, поликлиникада ҳеч қандай таъмирлаш ишлари олиб борилмаяпти.
Бу ердаги усталар поликлиникага яқин жойдаги боғчада ишлаётган экан. Улардан поликлиникада нима сабабдан ишлар чала қолдириб кетилганини сўраганимизда, «пулимизни берса, ишлаймиз-да, қолганини прораб билади», деган жавобни олдик. «Прораб»ни эса топа олмадик. Ҳатто телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади.
– Поликлиникадаги аҳволни қаранг, ҳаммаёқ остин-устун, – дейди 62 ёшли Олия­хон Тўрақулова. – Муолажа олгани умуман шароит йўқ. Таъмирлаш ишлари чала қолиб кетган. Ишқилиб, шифохона қишли-қировли кунларга қолмасдан битсин. Бўлмаса, қишда яна ўтин кўтариб келишимизга тўғри келади.
Чала битган хоналардан ташқари, муолажа, патронаж, эмлаш, УАШ хоналарининг таъмирига қўл ҳам урилгани йўқ.
– Мана, ёзнинг биринчи ойи ҳам тамом бўляпти. Кўп ўтмай, куз ҳам келади. Аммо негадир мутасаддиларнинг парвойи фалак, – дейди шу ҳудудда яшовчи Зулфияхон Маннонова. – Муассаса битмаса, кимга қийин, яна биз, аҳолига қийин. Яна қачонгача сарсон бўлиб юрамиз, билмайман…
Таъмирлаш ишларининг охирига етказилмаганидан туман ҳокими ва туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари яхши хабардор. Поликлиникада таъмирлаш ишлари нега бошланди-ю, нега тўхтаб қолди? Нима сабабдан таъмирлаш ишлари пайсалга солинмоқда? Муаммо нимада ўзи? Чала қолиб кетган ишлар давом эттириладими ёки йўқ? Бу саволларга масъуллардан жўяли жавоб кутиб қоламиз.

Мақсадимиз кимдандир камчилик ёки айб топиш эмас, балки масъулларни тўхтаб қолган ишларни жонлантиришга ундаш, холос. Чунки ёзнинг иссиқ кунлари қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб бориш учун энг қулай пайтдир. Иссиқ кунлар эса – ғанимат.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»