ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЛИМЛАРИ ВА «КОМИССИЯ»ЛАР КЕРАКМИ?

237

Мактаб даҳлизида қизимнинг дарси тугашини кутиб ўтиргандим. Бир маҳал бу ўқув даргоҳига беш-олти нафар «текширувчи» кириб келди. Уларни мактаб директоридан тортиб ўқитувчиларгача – барчаси қўлларини кўксига қўйиб кутиб олишди, аммо меҳмонлар лоақал саломга алик ҳам олмай ўқитувчилар хонасини «ишғол» қилишди. Кейин баъзилари қўлида дафтар билан машғулот ўтилаётган синфхоналар сари равона бўлишди.

Мактаб директори ва ўринбосарларининг оёғи қалтирашидан бу «комиссия» аъзолари юқори органдан бўлса керак, деган хаёлга бордим. ХТБ методисти эса «Мана шу кўрсатма ­бўйича тумандаги мактабларни текширяпмиз», деди. У кўрсатган қоғоз сиртида «2021-2022 ўқув йили давомида фан ўқитувчиларига методик кўмак бериш, уларни қўллаб-қувватлаш ва малакасини ошириш бўйича режа» деган ёзув бор эди. Мен уни ўқигач, директорга булар текширувчилар эмас, аслида методик кўмак берувчилар эканини тушунтиришга уриндим. Бироқ у қон босимини туширувчи дори ичаётиб, ходимларига «мошний обед» тайёрлашни буюрди…

Рақамли бошқарув даври

Аслида электрон технологиялар ривожланган бугунги кунда узоқ масофага хабар етказиш ёки ҳужжатларни тақдим этиш учун минглаб чақирим йўл босиш шарт эмас. Чунки муҳим аҳамиятга молик масалалар ҳам 30 дақиқалик видеоконференцияда ўз ечимини топиши мумкин. Фақат бунинг учун мақсад қатъий бўлса, бас. Борди-ю, у қоғозда бошқа, амалда бошқа бўлса-чи?..
Айрим туман халқ таълими тизимларида эскича бюрократик усулда ишлаётган, ходимларни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга ҳукмронлик қилишга иштиёқманд кадрлар ҳамон топилади. Республикамизда бугунги кунда 208 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлими (ХТБ) мавжуд. Уларда 7369 нафар ходим фаолият юритмоқда. Меъёрий ҳужжатларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасаларида ўқув-методик фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда АКТни жорий этиш асосий вазифаси этиб белгиланган туман (шаҳар) ХТБ фаолиятини назорат қилиш 14 та ҳудудий бошқармадаги халқ таълими ходимларининг ҳам зиммасига юклатилади. Демак, педагогнинг иши мактабдаги фан методик бирлашмасида, бирлашмадан кейин туман (шаҳар) ХТБ методисти ва ундан кейин бўлим бошлиғи ва ҳоказо бошқарма методисти ҳузуригача ҳисобот тарзида етказилади ва таҳлил этилади. Айни чоғда, 10 мингдан зиёд умумтаълим муассасасидаги директорларнинг ўқув ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари тинимсиз ҳаракатда эканини ҳам эсдан чиқармайлик. Бу ишлар жамланмаси Халқ таълими вазирлигида таълим ислоҳоти учун ўрганилади. Барча расмиятчиликдан ягона мақсад ўқувчининг сифатли билим олиши бўлса, «Шолғом» эртагидаги «бобо бувини чақирибди, буви набирасини…» каби оворагарчилик ва қоғозбозлик керакми, деган савол туғилади. Бизнингча, ушбу тизим бошқарувида ҳам электрон ёки тўғридан-тўғри мактаб директори билан замонавий ишлаш амалиётига асосланган тамойилни синаб кўриш вақти аллақачон келган.
Масаланинг яна бир ачинарли томони – бу занжир ўқитувчига услубий ёрдам бериш ўрнига унинг ишини текширадиган «комиссия»лар сонини кўпайтиряпти. Ҳолбуки, ҳукуматнинг 2019 йил 25 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби бўйича» низомда мактабни текшириш ваколатига эга 6 та давлат органи белгилаб қўйилган. Аниқроғи, бу ишлар Ички ишлар, Банд­лик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ёнғин хавфсизлиги хизматининг махсус бўлинмалари, санитария-эпидемиология назорати республика марказлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан амалга оширилиши, жараёнда ўқувчиларга давлат таълим стандартларига мувофиқ сифатли таълим берилишини таъминлаш учун шароитлар яратилиши ва ижро интизоми мустаҳкамланиши зарурлиги қайд этилган.

«Зудлик билан йиғилиш чақирилади»

– «Районо» атамаси узоқ йиллардан буён умумтаълим муассасалари педагогларига таниш бўлиб, улардан топшириқ олиш ҳам одатга айланган, – дейди Олтинсой туманидаги 63-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Нормамат Эшонқулов. – Топшириқлар мазмуни ҳам турлича: «Биз жоҳилликка қаршимиз» мавзусида иншо олиш», «Саломатлик бўйича баён ёздириш» ва ҳоказо. Бу эса машғулот ўтаётган фан ўқитувчисининг ишига халақит беради. Туман халқ таълими бўлими масъ­уллари 80-90 фоиз ҳолатда топшириқларни соат 9-10 ларда бериб, соат 12 га қадар бажарилишини талаб қилишади. Бу пайтда мактаб жамоаси дарс ўтиш билан банд бўлади. Оқибатда топшириқни бажармаган мактабларнинг узун рўйхати эълон қилиниб, «билдирги»лар ёзилади.
Ҳозирги ХТБлар фаолияти деярли мана шундай тарзда кечади. Биргина мисол: эрталабки йиғилишда мактаблараро ўтказиладиган «Заковат» интеллектуал ўйини координаторлари учун соат 15:00да «Zoom»да йиғилиш бўлиши айтилди. Бу йиғилиш учун қилинган ишлар тартиби ва рўйхатининг электрон ҳаволасини директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига тақдим этиш ва мактабимизнинг телеграм гуруҳига жойлаштириш вазифаси топширилди. Биз топшириқни бажардик, аммо маънавиятчимиз туман ХТБга бориб, йиғилишда қатнашишимиз лозимлигини хижолатомуз эслатди. Мен «Zoom»да ўтказилаётган йиғилиш учун бориш шарт эмаслигини тушунтирдим. ХТБ масъул ходими эса боришимиз зарурлигини уқтирди. Мен, барибир, йиғилишга бормадим. Янада тушунарлироқ қилиб айтганда, салкам 40 йиллик педагогик фаолиятим давомида илк бор раҳбарлар йўриғига юрмадим…

Хориж тажрибасига назар

АҚШда бола 11 ёшга тўлгач, ўрта мактаб даври бошланади. Бу вақтда ўқувчилар бир қатор мажбурий фанлар (математика, инглиз тили, табиий фанлар, ижтимоий тадқиқотлар, жисмоний тарбия ва санъат)ни ва танлаш учун бир нечта фанларни (хорижий тил, санъат ва технология, журналистика, риторика, театр санъати ва бошқалар)ни ўрганади. Буларнинг барчаси давлат томонидан федерал, штат ҳамда маҳаллий ҳукуматлар даражасида назорат қилинади ва молиялаштирилади. Ушбу мамлакатда таълим тизимини бошқариш, аввало, бозор қонунларига таянади. Демак, таълим сифатига талабни ҳам бозор белгилаб беради.
Финляндия мактабларида имтиҳонлар ўтказилмайди, ўқувчилараро фарқ, яъни билим-савия жиҳатидан табақалашув сезилмаслиги талаб этилади. Мамлакат Миллий таълим кенгашида Таълим ва маданият вазирлигининг болалар боғчалари, мактабгача таълим, асосий мактаб ва қўшимча мактаб таълими, олий (гимназия) ўрта таълим муассасаларини назорат қилувчи ва бошқарувчи бўлинмаси мавжуд. Бу ерда бошқарув тамойиллари ахборот, қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришдан иборатдир.
Сингапурда таълим тизими Таълим вазирлиги томонидан юритилади. Вазирлик 10 та низом кенгашларини, жумладан, давлат ва хусусий мактаблар ривожланишини назорат қилади. Сингапур ҳозир ўз миллий бюджетининг бешдан бир қисмини таълимга сарфламоқда. Шунга кўра, у Осиёнинг энг қашшоқ давлатидан иқтисодиёти кучли ва турмуш даражаси энг юқори мамлакатга айланди.
Японияда мактаб таълими губернаторлар томонидан тайинланадиган 3-5 кишилик таълим кенгаши орқали бошқарилади. Бу давлат таълим бошқарувида маҳаллий бирликларга жуда катта мустақиллик берилган бўлиб, таълим сифати, аввало, ўта кучли рақобат натижасида таъминланади. Таълимда бир босқичдан иккинчисига ўтиш имтиҳонлари шу даражада қатъий ва шаффоф синовлар воситасида бўладики, натижада ойига 5 минг доллар тўлаб ўқийдиган бола билан оддий муниципалитет мактаби ўқувчисининг имкониятлари тенглашади.
Бельгияда эса Халқ таълими вазирлиги йўқ, бу борадаги барча бошқарув маҳаллий раҳбарлар (мэрлар) ва кенгашлар зиммасида бўлиб, мактабларга жуда катта мустақилликлар берилган.

Таълим сифати учун масъул  саналган методист ким ўзи?

Уч йил аввал Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) ХТБларда умумтаълим фанлари бўйича методист ўрнига ментор лавозими жорий этилиши, менторлар ўқитувчиларга услубий кўмакдош бўлиш­лари, уларнинг билим-кўникмаларини оширишга ҳисса қўшишлари лозимлиги айтилганди. Афсус­ки, номи ўзгаргани билан иш сифати ўзгармади. Мактабдаги олий маълумотли, пухта билим ёки бой тажрибага эга, ўз устида ишлайдиган мутахассисларга ҳақиқий методикани ўргата оладиган методистларни топиш мушкул. Қолаверса, кўп йиллик тажрибага эга, билимли устозларга методистнинг кераги ҳам йўқ. Ёш педагоглар улардан «устоз – шогирд» анъанаси бўйича билмаганларини ўрганишлари мумкин.
Дилноза АҲМЕДОВА, Тошкент туманидаги 17-мактаб директори, олий тоифали педагог:
– Мен хорижий таълим тажрибасига кўп қизиқаман, уларнинг бошқарув тизимига ҳавас қиламан. Қаранг, Японияда ҳам халқ таълими бўлими деган тизим йўқ экан, олий ўқув юртини битирган ёш педагогга ўқитувчи бўлиб ишлаш ҳуқуқи берилишидан олдин у ёрдамчи ўқитувчи сифатида ишлаб, тажриба орттирар экан. Бизнинг ХТБларда эса кейинги вақтларда мактабда дарс беролмайдиган, ўқувчиларни тинчлантира олмайдиган, техник ишларни бажариб юрадиган педагоглар методист бўлиб ишлаётганини кўряпмиз. Қизиғи, улар мактабга келса, фан ўқитувчиси улардан азроилдан қўрққандек ҳайиқишади.
Бундан ташқари, методистларнинг 99,9 фоизи юқоридан бериладиган топшириқларни бажариш, жадвалларни тўлдириш билан овора, десам, муболаға бўлмайди. Биз ҳозир қоғозбозликни камайтиришга ҳар қанча уринмайлик, кунига 2-3 та ҳужжат тўлдирамиз. Методистлар ҳам керакли-кераксиз жадвалларни тўлдириш билан банд ва улар ҳам қоғозбозликни талаб қилиб «текширишади», холос. Қисқаси, билим масканлари статистика марказига айланиб қоляпти. Баъзан кун бўйи фақат рақамлар ва жадвалларга боғлиқ ишлардан бош кўтаролмаймиз. Масалан, яқинда туман ХТБдан «Мактабдаги неча нафар бола ёзги оромгоҳга боради, уларнинг неча фоизи бувисиникида дам олади, қанчаси тўгаракка қатнайди?» каби саволлар бор жадвални тўлдириш топшириғи келди. Мактабимиздаги 1100 нафар ўғил-қизнинг уч ой қаерда юришини қайси жадвалга сиғдириш ва бундан қандай мантиқ қидириш мумкин? Бу жадваллар билан болаларнинг савиясини ўстиролмаймиз-ку. Аксинча, синф раҳбарлари ҳам қоғозларга ўралашиб қоляпти-ку. Ҳаммасидан афсусланарлиси, таълимни такомиллаштиришга оид асосий қарорлар тизимнинг қуйи қатламига етиб келмаяпти.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаларига бўйсинадиган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари)нинг номи 2019 йилдан эътиборан қисқартирилди, бироқ қоғозбозлик қисқармади.
Бинобарин, вазирлик Низомини бутунлай қайта кўриб чиқиб, тизимнинг замонавий бошқарув тамойилларини белгилашга жиддий аҳамият берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Гоҳида оддий бир сертификат ёки диплом нусхаси учун ҳам тумандаги барча мактабларнинг фан ўқитувчилари зудлик билан ХТБга чақирилади. Вилоятлардаги чекка ҳудудларда айрим мактаблар туман марказидан 30-40 чақирим узоқда жойлашган ва улар қанча маблағ ва вақт сарфлаб транспортда юриши керак? Топшириқлар ва ҳужжатлар электрон тарзда амалга оширилиб, туман халқ таълими бўлимлари эмас, ҳудудий халқ таълими бош­қармалари услубий кўмакчига айланса, айни муддао эмасми?
Ишончимиз комилки, топшириқлар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тўғридан-тўғри мактабларга онлайн ташланса, туман ХТБлари вужудга келтираётган сунъий тўсиқлар ҳам бартараф этилади.

Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист