Меҳнат шартномаси тузилмаган, оқибат-да…

90

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 31 майдаги сонида «Кўчатчини ким ўйлайди?» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, мутасаддилар эътиборига ҳавола этилган эди. Унга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан қуйидагича жавоб келди:

Мақоладаги ҳолатда кўчат экувчилар ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш билан банд ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг 703-моддасига мувофиқ, бундай шартнома бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан хизматни бажариш, буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ҳисобланади, чунки тарафларнинг муносабатларини Меҳнат кодекси эмас, балки Фуқаролик кодекси тартибга солади. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар муддатли бўлади.
Ушбу шартнома аниқ хизматлар кўрсатиш даврида тузилгани боис унинг муддати ижрочига буюртирилган ҳажмига мувофиқ бўлади. Таъкидлаш жоизки, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган фуқаро ташкилот билан меҳнат муносабатларига кирмайди. Унинг тарафлари ходим ва иш берувчи эмас, балки ижрочи ва буюртмачидир.
Фуқаролик кодексининг 105-моддасига мувофиқ битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади. Демак битимда ижрочи билан буюртмачи ўртасида меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш масалалари ҳам ўзаро келишиб олинади.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларидаги масалалар ва низолар кўриб чиқилади.
Мақоладаги ҳолатда, яъни шоли кўчатлаш ишларида асосан 18-30 ёшлардаги аёллар иштирок этиши юзасидан;
Меҳнат кодексининг 77-моддасига мувофиқ ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.
Шоли кўчатлаш ишларида фермер хўжаликлари ва ёлланма ишчилар ўртасида меҳнат шартномаси имзоланмайди.
Кодекснинг 74-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорининг 2-иловасига мувофиқ меҳнат шартномаси ёзма шаклда икки нусхада тузилади ҳамда сақлаш учун ҳар икки томонга берилади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам меҳнат шартномаси қонунчиликка мувофиқ ёзма равишда тузилади. Оғзаки тарзда шартнома тузилишига йўл қўйилмайди.
Иш ҳақи нақд пул шаклида оғзаки келишув асосида тўланади.
Кодекснинг 153-моддасига мувофиқ меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.
Меҳнатга ҳақ қоида тариқасида, пул шаклида тўланади. Меҳнат ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади, ҳукумат томонидан белгиланган ҳоллар бундан ­мустасно (қишлоқ хўжалиги ишларида ишлагани учун натура шаклда, яъни етиштирилган маҳсулот эвазига ҳақ тўланиши мумкин).

Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирининг ахборот сиёсати
масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Мирзаева