2022 йилнинг 10 март куни «Cotton Сampaign» халқаро коалицияси ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди. Бу янгилик халқимизни жуда шод этди. Зеро, мазкур натижа сўнгги 3-4 йилда болалар ва мажбурий меҳнатга қарши олиб борилган муттасил кураш, тинимсиз саъй-ҳаракатлар самараси эди.
Гап шундаки, 2009 йилдан сўнг «Cotton Сampaign» халқаро коалицияси тарғиботи билан 271 та давлат Ўзбекистон пахтасини ва ундан тайёрланган ҳар қандай маҳсулотни сотиб олмасликка қарор қилган эди. Бунга сабаб юртимизда пахта етиштиришда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилганидир.
Оқибатда, шу пайтгача биз пахтамиз ва ундан тайёрланган текстиль маҳсулотларини ёнимиздаги қўшни давлатларга, нари борса, Россия ва Беларусга экспорт қилиб келаётгандик, холос. Бой ва кенг Европа Иттифоқи бозори, хусусан, дунёнинг энг машҳур 331 та бренд фирма ва компаниялари, жумладан, «Adidas», «Zara», «C&A», «Gap Inc.», «H&M», «Levi Strauss & Co.», «Tesco» ва «Walmart» кабилар ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган тола ҳамда ип-калава маҳсулотларини сотиб олмаслик шартларига имзо чекканди. Бу эса Ўзбекистон учун 550 миллионга яқин аҳолига эга Европа бозорини ёпиб қўйганди.
Пахтамизга эълон қилинган бойкотнинг бекор қилиниши ўша 271 та давлатнинг Ўзбекистондан маҳсулот сотиб олмаслик тўғрисидаги келишуви ўз кучини йўқотишига сабаб бўлди. Шу билан бирга, эндиликда юртимиз тадбиркорлари «GSP+» переференциялар тизими орқали Европа бозорига 6200 хил турдаги маҳсулотни имтиёзли божлар билан олиб чиқиш имкониятини ҳам қўлга киритди.
«GSP+» имтиёзлари ва шартлари нимада?
«GSP» тизими халқаро қадриятлар ва тамойиллар, хусусан, инсон ва меҳнат ҳуқуқлари асосида ривожланаётган мамлакатларга камбағалликни қисқартириш ва иш ўринларини яратишга кўмаклашишни кўзда тутади. Хусусан, бу тизим ташкилотчилари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлар, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Канада, Австралия, Швейцария каби давлатлар ҳисобланади. Стандарт «GSP» паст ва ўртача даромадли мамлакатларга берилади. Бошқача айтганда, мазкур тизим Жаҳон банкининг «юқори ўртача даромадли» таснифидан кам даромадга эга мамлакатларга тақдим этилади. Бироқ «GSP+» имтиёзларига эга бўлиш учун номзод мамлакат инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, табиатни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарувга оид 27 та халқаро конвенцияни ратификация қилиши ва улар бўйича ўз мамлакатида ислоҳотлар олиб бориши лозим. Ўзбекистон 2017 йилдан бери юқоридаги зарур йўналишларда олиб борган қатор ислоҳотлари, айниқса, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бергани сабабли «GSP+» имтиёзларига эришди.
Хўш, бу имкониятдан текстиль саноати қандай фойдаланади, ўтган давр мобайнида Европа бозорига кириш учун қандай қадамлар ташланяпти? Ушбу савол билан Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамировага мурожаат қилдик.
«Сифат сертификатлаштириш соҳаси – асосий муаммомиз»
– Ўзбекистон 1 миллион гектар ҳудудда пахта етиштиради. Илгари пахта фақат хомашё сифатида 1 миллиард АҚШ долларига экспорт қилинган бўлса, сўнгги 2-3 йилдан бери пахта тўлиқ ўзимизда қайта ишланмоқда ва 2020 йилда тайёр маҳсулот сифатида 3 миллиард 300 миллион АҚШ долларига, ўтган йили эса 4 миллиард 500 миллион АҚШ долларига сотилган, – дейди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов. – Сўнгги йилларда текстиль саноатимизда ривожланиш яққол сезилди. Сабаби, юртимизда туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаётган кўплаб текстиль корхоналари ҳар жиҳатдан юксалишга эришди. Шунга қарамай, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Хусусан, Европа бозорига чиқиш имкониятидан оқилона фойдаланиш учун тадбиркорларимиз ўз маҳсулотлари сифати ва ишчилар учун яратилган меҳнат шароитларини янада яхшилаш устида ишлашлари зарур.
Бангладеш, Ҳиндистон каби давлатларда ҳам текстиль жуда яхши ривожланган. Бироқ улар Европа бозорига имтиёзли кириш имкониятига эга эмас. 9,2 фоиз бож тўлайди. Биз эса 6200 хил турдаги маҳсулотни, хусусан, текстиль саноати маҳсулотларини ҳам божсиз олиб чиқишимиз мумкин.
Ҳозирда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш ниятидаги Европа бозорини эгаллаган компаниялар корхоналаримизда яратилган меҳнат шароитларини ўрганмоқда. Масалан, сўнгги уч ой ичида Испаниянинг «INDITEX», шунингдек, Покистон ва Франциянинг бир қатор йирик компаниялари юртимиздаги корхоналар фаолиятини ўрганиш билан боғлиқ ҳаракатларни бошлашди. Яқинда АҚШга ташриф буюрган Танзила Норбоева бошчилигидаги ўзбек делегацияси АҚШнинг мода индустрияси уюшмаси Президенти Жулия Хьюз билан учрашиб, Америка брендлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди. Мазкур давлат юртимиз корхоналарида яратилган меҳнат шароитлари, инсон ва меҳнат ҳуқуқларига амал қилиниши билан қизиқмоқда. Франция ва Италиянинг айрим компаниялари бу борада ўрганиш ишларини якунлади ҳам. Ҳозирча ўрганиш асосидаги хулосалар тайёрланмоқда. Агар уларнинг хулосалари ижобий бўлиб, келишувга эришилса, тадбиркорларимиз учун ҳам иқтисодий, ҳам тажриба орттириш жиҳатдан янги имконият эшиклари очилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамированинг айтишича, Европа бозорига чиқишда сифат ва сертификат масаласи энг муҳим муаммоларимиздан бири бўлиб турибди. Ўтган бир йил давомида Европа мамлакатларига экспорт қилинадиган маҳсулотни турлари 79 тага (жами 643 тага етган, ваҳоланки, 6200 хил турдаги маҳсулотни экспорт қилиш мумкин) ошган. Тадбиркорлар сони 102 нафарга (жами 579 нафар) кўпайган, холос. Мамлакатимизда қуритилган мевани экспорт қилиш имконияти кенг бўлишига қарамай, бунинг учун зарур бўлган 27 хил турдаги таҳлил лабораторияларининг мавжуд эмаслиги, тўқимачилик маҳсулотлари учун 61 хил лаборатория таҳлилининг 16 таси йўлга қўйилмагани панд бермоқда. Тадбиркорларимиз ўз маҳсулотларини Европа бозорига олиб боргандагина бундай талаблар мавжудлигидан хабар топиб, ортиқча харажатга тушиб, қимматли вақтни ҳам бой бермоқда. Бу эса тадбиркорларнинг экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бўлган интилишига салбий таъсир қилиши турган гап. Шу боис стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида самарадорликни ошириш ниҳоятда муҳим бўлиб, мазкур ташкилот фаолиятини янада жонлантириш лозим. Шунча таъкидланаётганига қарамай, сифат ва сертификатлаштиришга масъул идоралар экспортни кўпайтириш масаласига устувор вазифа, деб қарамаяпти.
Текстилдаги силжишлар ва оғриқлар
Аёлларимиз яхши билади. Ҳар куни эрталаб телефонингиздаги телеграм тармоғига кирсангиз, 5-6 та гуруҳга қўшилиб қоласиз. Уларнинг икки-учтаси, албатта, турк либосларини реклама қилувчи гуруҳ бўлиб чиқади. Туркияда тайёрланган кийимларга талаб шунчалик ошганидан, айрим опа-сингилларимиз уйида ўтириб ҳам телеграм тармоғи орқали яхшигина даромад қилишмоқда. Майли, изланиб, интилиб топаётганларнинг ҳалоли бўлсин! Опа-сингилларимизнинг чиройли кийимлар кийиб юришгани яхши, албатта. Аммо вазиятни кузата туриб, кўнглингизнинг бир чеккасини бир савол ҳам безовта қилади: қачонгача хориж кийимларини кийишда давом этамиз? Бу аҳволда кийим-кечак ишлаб чиқариш саноатимиз тақдири нима бўлади?
– Албатта, сифат ва сертификат масалалари ҳал этилган тақдирда ҳам текстиль, мато ва кийим-кечак ишлаб чиқариш саноатимиз олдида турган қатор масалалар бор, – дейди Даврон Ваҳобов. – Ҳозирда мамлакатимизда пахта толасидан кимёвий номи «КСД», «КСМ» ва «ОЕ» деб номланувчи уч хил мато тайёрланади. КСД – ички кийимлар учун мўлжалланган юмшоқ, 100 фоиз пахта толасидан тайёрланувчи мато бўлса, «КСМ» – болалар ва ўсмирлар, катталарга устки кийим, асосан, футболка ва кофта каби трикотаж маҳсулотлари учун мўлжалланган. «Тканси» деб номланувчи «ОЕ» эса таркибида пахта ва бошқа сунъий толалар аралашган, ҳар хил устки кийимлар учун ишлатиладиган матодир. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган матоларнинг 98 фоизи табиий, яъни «КСД» ва «КСМ» ҳиссасига тўғри келиб, 2 фоизигина сунъий – ОЕ матоларидир. Дунёда эса, аксинча, ўтган йили жами 107 миллион тонна ишлаб чиқарилган матонинг 33 миллиони табиий, 74 миллион тоннаси эса сунъий бўлган.
«Нега мамлакатимизда аёллар ва эркаклар устки кийимини ишлаб чиқариш ривожланмаяпти?» деган саволга жавобни эса шу кўрсаткичдан ҳам билиб олиш мумкин. Чунки бизда таркибида сунъий толали матоларни тайёрлаш жуда кам бўлиб, оқибатда, ранг-баранг аёллар ва эркаклар кийимини ишлаб чиқара олмаяпмиз. Чунки табиий толадан ранги ўчмайдиган, замонавий бичимга эга устки кийимларни тайёрлаш имконияти кам. Бу имкониятга пахта толасига бошқа сунъий толалар аралаштириб тайёрланадиган бошқа пишиқ материаллар орқали эришилади. Қолаверса, дизайнер-модельерлар масаласида ҳам анча қолоқмиз. Ёшлар орасида дизайнерлик йўналишига қизиқувчилар ҳам, фарзандининг шу соҳада мутахассис бўлишини истовчилар ҳам кам. Оқибатда, аёллар ва эркаклар устки кийимларини ишлаб чиқаришда ўзига хос дизайн яратаётган корхоналаримиз, бренд фирмаларимиз деярли йўқ. Модельер-дизайнер ва матолар бўйича технологларга жуда катта эҳтиёж бор. Ҳозирда яхши ривожланаётган текстиль саноатимизда ҳам маҳаллий кадрлар етишмагани боис 3 минг нафардан ортиқ модельер-дизайнерлар туркиялик мутахассислар ҳиссасига тўғри келмоқда. Улар 1,5 мингдан 3 минг АҚШ долларигача ойлик маош олиб, мамлакатимизда ишламоқда.
Депутат Олтиной Мамированинг фикрича, бу масалада олий таълим соҳасида катта оқсоқлик бўлиб, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг моддий базасини ҳам қайтадан кўриб чиқиш, хориждан педагог-мутахассисларни жалб қилиб, ўзимизда малакали кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарур.
– Биз бозорларимизда ранг-баранглик ва хилма-хиллик тарафдоримиз, аммо шу билан бирга, ўзимизнинг миллий рақобатбардош кийим-кечакларимиз ҳам кўпайишини, саноатимиз ривожланиб боришини истаймиз, – дейди депутат.
Савдо-саноат палатаси ҳозирда эътиборни ана шу масалага қаратиб, келгуси 4 йил ичида сунъий толали матоларни ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш орқали, тадбиркорларимиз томонидан тайёрланган замонавий услубга эга кийимларни кўпайтириш режалаштирилаётганини айтди.
Хулоса шуки, ўзгариш ва янгиланишлар ҳеч қачон осон кечмаган. Аммо амалий ишлар яқин келажакда соҳада ўз натижаларини беришига ишонч уйғотади.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»

