«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси бизга нима беради?

98

Кейинги даврда бутун дунё Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IT-Парк асосида ишлашга ўтди. Бундан 3-4 йил муқаддам Ўзбекистонда ҳам IT-Парк учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорлар иштирокида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширила бошланди.

Аслида IT-Парк Президентимизнинг 2018 йили Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғи эришилган келишув асосида Ўзбекистон ­Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривож­лантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндис­тоннинг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳамда бу ҳақда 2019 йил 10 январда ҳукуматимиз қарори қабул қилинган эди.
Ундан кўзланган асосий мақсад ва вазифалардан бири ахборот технологиялари соҳасидаги бошланғич ва кичик корхоналарга стартап ­лойиҳаларни амалга оширишда венчур молиялаштириш асосида кўмак­лашишдир. Ҳозир бу ерда ахборот, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги лойи­ҳалар амалиётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Масалан, АҚШдаги т­­ранспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Технопаркда тўртта йўналиш – резидентлар билан ишлаш, IT-Академия, венчур молиялаштириш ҳамда инкубация ва акселерация дастурларини ривожлантириш лойиҳалари бўйича иш олиб борилмоқда.
IT-Парк ҳудудини кенгайтириш ва янги инфратузилма объектлари қурилиши бўйича концепция ишлаб чиқилган. Қорақалпоғистон Респуб­ликаси ва вилоятлар марказларида унинг ҳудудий филиаллари очилган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Бирлашган Араб Амирликларининг «Дубай келажак жамғармаси» ўртасидаги келишувга биноан, мамлакатимизда «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси ишга туширилди. У АҚШнинг «Yudasiti» онлайн ўқув платформасида, 4 та дастурлаш йўналишида олиб борилди. Булар андроид, маълумотлар таҳлили, фулстек ва фронтенд курслари бўлиб, уларда, ёшидан қатъи назар, барча иштирок этиши мумкин.
Келинг, энди ўйлаб кўрайлик, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси бизга нима беради?
Биринчидан, бу – шунча иш ўрни, ишсизликнинг камайиши, аҳоли турмуш тарзининг яхшиланиши дегани. Ушбу эзгу ғоя замирида мисли кўрилмаган тараққиёт турибди. Негаки, ­дастурчи ўз замонасининг энг илғор тадбиркори, ижодкор инсон. Дастурчилик эса иш ўринлари кўпайиши, ишлаб чиқариш ривожланиши, даромад, валюта оқими ва инвестиция деганидир.
Зеро, инсонияту давлатлар ривожи моддиятга бориб тақалади. Аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланиши юрт тараққиётини англатади. Ҳудудлар ривожланса, ишсизликнинг томирига болта урилади, ҳамма меҳнат билан банд бўлади. Ҳар бир хонадон соҳиби оиласини моддий жиҳатдан таъминлайди. Бу ўз-ўзидан кайфиятга ижобий таъсир кўрсатади. Муаммолар камаяди. Пули бор оила фарзанди келажагига инвестиция киритади.
Шу зайл янги-янги ғоялар туғилади, тафаккур кенгаяди. Пировардида, Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тоши қўйилади. Ўзбекистонда янгиликлар кўпаяди. Қайсидир ўзбек олими кашф этган ихтирога дунё ҳамжамияти тан беради. Яна қай биримиз энг экспортбоп маҳсулот яратамиз. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўзгаришларга гувоҳ бўлаверамиз.
Модомики, шундай экан, биз «Қадаминг қутлуғ келсин, IT-Парк!» деймиз.

Зикрилла МАМАТОВ