Инсон ҳаёти давомида сон-саноқсиз одамлар билан учрашади ва танишади. Қай бири билан дўстлашади, қай бири билан ёнма-ён яшайди, бирга ишлайди ёки ҳамкор, ҳамроҳ бўлади. Шу жараёнда аксариятидан қандайдир ўрнак олади. Аммо инсонга энг яқини, энг меҳрибони, мудом суянчиқ бўладигани ва ҳамиша яхшилик қиладигани ота-онаси саналади.
Биз бир оилада ўн икки фарзанд туғилганмиз, шундан икки нафари – Оводон ва Ўғилжон исмли опаларим гўдаклигида нобуд бўлишган. Қолганларини вояга етказиш, уйли-жойли қилиб, ҳаётда ўрнини топиб олишларига кўмаклашиш учун ота-онам озмунча заҳмат чекишмаган. Қуйидаги эсдаликларим шулар ҳақида.
Ярим тунда пиширилган ош
Мен болалигимда тез-тез касал бўлиб, ота-онамни кўп қўрқитган эканман. Бир гал, ўшанда 3-4 яшар эканман, совуқ қиш оқшомида инжиқлик қилиб, палов пишириб беришини сўрабман. У пайтлар газ йўқ. Сабзини ташқаридаги ўрадан қазиб олиш керак. Ўтин ёқиб, пахта ёғини доғлашнинг ўзи бир машаққат. Шунга қарамай, онам палов пишира бошлабди. У тунги соат 2-3 ларда тайёр бўлибди, лекин бу пайтда мен ухлаб қолган эканман.
Катта бўлганимда бу воқеани эшитгач, онамга «Ярим кечаси совуқда қийналиб юрмай, гуруч қайнатиб берсангиз ҳам бўларди-ку», дедим. Онам эса «Э, болам, ўша пайтлар сен овқат емай қўйгандинг. Кутилмаганда палов пишириб беришимни сўраганингда беҳад қувониб кетдим. Сени тиззасида ўйнатиб ўтирган отангга айтиб ҳам ўтирмай, ҳовлига чиқиб, бостирмадан ўтин ва ўрадан сабзи олиб келдим. Ўша оқшом менга совуқ ҳам, уйқусизлик ҳам билингани йўқ», деди.
Ёмғир қаттиқ ёққан кеча
1981 йилнинг ноябрь ойи охирлари. Йўлдошбой укам иккаламиз Тошкент давлат медицина институтида ўқир ва ижарага олинган уйда яшардик. Кечаси соат ўн иккилар атрофида эшик тақиллади. Очиб қарасам, ташқарида отам турибди. Уст-боши ёмғирда ивиб, ҳўл бўлмаган жойи қолмаган. Яна икки қўлида мева-чева тўла тўрхалта.
Дарвоқе, отам бизни деб Тошкент ва Хоразм орасида бир неча йил автобусларда, поездларда қатнади, аэропортда самолёт учмай неча кунлар қолиб кетган пайтлари ҳам бўлди. Энг муҳими, ҳеч қачон катта мансабларга интилмади, имкон қадар эл-юрт хизматида бўлди. Бизни эса билимимиз, хоҳишимиз ва иқтидоримизга қараб, касб-ҳунарли қилди. Барчамизни меҳнаткаш ва камтар-камсуқум инсонлар қилиб тарбиялади.
Онамнинг биринчи сурати
Эсимда, 1995 йил эди. Урганчда кўп қаватли уйда турардик. Ота-онам меҳмон бўлиб келганида, сал наридаги фотостудияга бориб, бирга суратга тушдик. Эртаси куни тайёр бўлган суратларни олиб келдим. Онам уларни кўриб, ғоят қувонди. «Олтмиш ёшдан ошган бўлсам-да, паспортимдагидан бошқа расмим йўқ эди. Эсдалик учун қилган бу ишинг яхши бўлди, болам!» деди. Кейин суратларга тикилиб, чуқур ўйга толди.
Мен онамни тушундим. У умр бўйи бола тарбияси, уй ишлари, чорва моллари ва паррандалар боқиш, деҳқончилик қилиш билан шуғулланган, эрта тонгдан кун ботгунга қадар меҳнат билан банд бўлган. Ўзига қарашга вақти бўлмаган, янги кийим кийишни хаёлигаям келтирмаган. Кеча эса илк бор фарзанди ва набиралари билан бирга суратга тушди. Демак, «Эрта бир кун дунёдан ўтиб кетсам, зурриётларим мана шу суратларни дам-бадам қўлга олиб, мени эслаб туришади», дея кўнгли хотиржам тортган бўлиши мумкин…
Улар ҳамон ҳаётдек
2020 йил кўпчилик қатори бизнинг оиламиз учун ҳам ташвишли келди. Дастлаб турмуш ўртоғим ва қизим коронавирусга чалинди. Улар энди оёққа тура бошлаганида ўзимнинг аҳволим оғирлашди. Узоқ муддат кислородга уланган ҳолда ётдим. Наргиза қизим шифохонада неча тунларни бедор ўтказди. Мен у ҳам касал бўлиб қолмасин, деб хавотирланардим.
Кўп ўтмай, касалликнинг энг оғир босқичи бошланди. Кўзим илиниб, 20-30 дақиқа ухлабман. Шу асно туш кўрибман: аллақандай нарсанинг устига ётиб олганча, қаергадир шитоб билан кетиб бораётирман. Ёмғир ёғиб, қулоғимга шувиллаган овоз эшитилади. Мен бир оёғим билан тепсиниб, «Опа!.. Опа!..» деб чақираман (Хоразмда онани опа дейишади). Бир маҳал отам кўриниб, «Жим» дегандай, кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйди. Худди шу пайт ярқ этиб кўзим очилди-ю, оғзимдан ҳаво отилиб чиқди. Қарасам, кислород трубкаси бурнимдан чиқиб кетибди. Бир амаллаб уни илдирдим.
Кейин ўйлаб ётдим. Ота-онам мен учун ҳамон ҳаётдек. Қийин вазиятларда негадир уларни ўйлайман. Балки тушимга ҳам шунинг учун киргандир…
* * *
Ота-онам ҳақида бунга ўхшаш айтар гапларим кўп. Асосийси, улар менинг шамчироғим бўлишган. Ҳаётда нимаики ютуққа эришган бўлсам, бу, аввало, уларнинг хизматлари, тарбиялари, ўгитлари самарасидир. Ҳозир иккиси ҳам ёнимда йўқ, лекин уларнинг меҳри тафтини ҳар лаҳзада ҳис этиб тураман. Ҳар куни ота-онам руҳига дуо қиламан. Ўзим ҳам улар каби меҳрибон, жафокаш ота бўлишга интиламан.
Бектурди НОРМЕТОВ,
тиббиёт фанлари номзоди
