Барвақт улғаяётган болалар…

54

Мен бу болакайни деярли ҳар куни кўраман. У кўча бошида салқин ичимлик – морс сотиб ўтиради. Катта-катта кўзларига мунг ва армон соя солган…

– Отам анча йил аввал оламдан ўтган, – дейди болакай. – Оилада тўрт фарзандмиз. Тўнғичи мен. Кузда 6-синфга чиқаман, онам мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Тоғам бекор юрмагин, деб шу ишни гаплашиб берди. Ҳарна, оиламга бир-иккита бўлса ҳам нон олиб бориб турибман. Иккита ўртоғим ҳам менга ўхшаб таътилда ишлайди – автобусда чипта сотади.
Кунларнинг бирида ўша бола айтгани каби 11-12 ёшлардаги болакайнинг жамоат транспортларидан бирида чиптачилик қилиб юрганини кўрдим. Болакай автобус полига тушиб кетган тангаларни шоша-пиша териб олар, йўловчиларнинг: «Санашни биласанми ўзи? Нега қайтимни кам бердинг?» деган танбеҳларини эшитишига ҳам тўғри келарди. Бола бошини хам қилганча танга санар, пешонаси ва юз-кўзларидан оқиб тушаётган терми ё ёшми ажратиб бўлмасди… Автобусдаги ўриндиқларнинг бирида отаси билан ястаниб ўтирган тенгқури уни калака қилаётганига парво қилмасликка интиларди.
Аслида меҳнат қилишни ўргатиш ёки оиласига кўмак беришга ундашнинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Аммо бу каби ҳолатлар бола руҳиятининг синишига, ҳаётдан бироз бўлса-да, кўнгли қолишига сабаб бўлмасмикан? Натижада, уларнинг ўқишга, илм олишга бўлган иштиёқи сўниб қолмайдими?
Беихтиёр ўйга толасан киши. Бу ҳам қайсидир маънода болалар мажбурий меҳнатининг бир кўриниши бўлиб қолмаяптими?
Балки мажбурият остида тирикчилик тафтида тобланаётган, «эрта улғаяётган» болажонлар меҳнатини қонунийлаштириш, уларнинг оиласи моддий аҳволини яхшилаш учун қилаётган ҳаракатларига ҳам муносиб ҳақ тўлаш тартибини белгилаш зарурдир…
Болаликда ёзилган хотиралар абадий қолади. Бу хотиралар армон кўзёшлари билан қалбларга муҳрланмасин…
Сиз нима дейсиз?

Шаҳло АБДУРАҲМОНОВА,
«ISHONCH»