ушбу шиор қачон кундалик ҳаётда ўз ифодасини топади?
Мен ҳам мазкур масалада «Агробанк»нинг Избоскан филиалига мурожаат қилдим. Аммо банк ходимининг «пластик картангиз «Uzcard» бўлса, маблағни уч кундан сўнг нақдлаштириб беришимиз мумкин», деган гапини эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Елиб-югуриб, «Uzcard»даги пулларни «Humo»га ўтказиб (бир фоиз эвазига, албатта), маблағимни аранг нақдлаштирдим.
Кошки эди, бундай елиб-югуришлар бир марталик бўлса…
Ушбу жараён амалиётга жорий қилинаётган кезларда мутасаддилар пластик картадан фойдаланган мижозга икки фоизли устама қўшиб беришни ваъда қилишганди. Шунингдек, пластик картага ўтказилган нафақа пулларини нақдлаштириш жараёнида ҳеч қандай фоиз ушлаб қолинмаслиги ҳақида айтилганди. Аммо шу пайтгача бирон бир мижозга икки фоизли устама тўлаб берилганини эшитганим йўқ.
Аслида тижорат банклари томонидан аҳоли пластик картасидаги маблағларни банкоматлар орқали нақдлаштирганда, бир фоиз миқдорида комиссия тўлови ушлаб қолиниши ҳам қонунга зид. Мисол учун, аҳолининг 10 фоизи бир ойда ўртача 1 миллион сўмдан банкоматлар орқали пул маблағларини нақдлаштирса, ойига 30 миллиард сўм, йилига эса 350 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари банклар ҳисобига ушлаб қолинади. Ваҳоланки, банклар тўғрисидаги қонунда пластик карталардаги ойлик маошларни нақдлаштириш жараёнида максимал даражада 1 фоизгача банк хизмати ушлаб қолиниши белгиланган.
Хўш, шундай экан, нима сабабдан шу вақтгача мижозлардан максимал даражадаги бир фоиз ушлаб қолинмоқда?
Қолаверса, «Click», «Payme» ва бошқа онлайн тўловлардаги устамалар ҳам банк фойдасига. Халқаро пул ўтказмаларини олиш учун банклар эшиги ёнида соатлаб, баъзида кунлаб навбат кутаётган одамларни-ку, айтмаса ҳам бўлади.
Марказий банк мутасаддилари мазкур ҳолатни қандай изоҳлашади? Умуман, банклар пештоқини безаб турган «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» деган шиор қачон кундалик ҳаётимизда ўз ифодасини топади?
Анваржон ҲАЛИМОВ,
«ISHONCH»

