Меҳнат қонунчилиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида тузилган тармоқ келишувига кўра, тиббиёт ходимлари махсус иш кийимлари билан бепул таъминланиши керак.
Бироқ ҳамма иш берувчилар ҳам ушбу меъёрларга риоя қилавермайди. Молия идоралари бу мақсад учун тегишли маблағ ажратмагани сабабли аксарият ҳолларда деярли барча тиббиёт ходимлари иш кийимларини ўз ҳисобидан харид қилишади.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши томонидан ушбу ҳолатга барҳам бериш, касаба уюшма аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъинлаш мақсадида вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларида ўрганишлар амалга оширилиб, мутасаддиларга зарур тавсиялар берилмоқда.
– Хоразм вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази раҳбарияти вилоят кенгашининг тавсияси ижросини таъминлашга биринчилардан бўлиб киришди, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси Рашид Йўлдошев. – Муассасада ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, берилган ёзма кўрсатмага асосан марказда ишловчи 19 нафар шифокор ва 74 нафар ҳамширага тиббий халат, 33 нафар кичик тиббий ходим ва 3 ошхона ишчисига махсус иш кийими берилди.
Марказда ходимлар учун қулай шароитлар яратилган. Айниқса, ходимлар тиббий кўрикдан ўтишда чиқимдор бўлмаётганидан хурсанд. Касаба аъзолари ишдан бўш вақтида спорт билан шуғулланиш, ўз маҳоратларини ошириб бориш имкониятига эга. Маънавий-маърифий тадбирлар уюштириш анъанага айланган. Ходимларга концерт дастурларига, музейларга чипталар олиб берилмоқда. Тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилмоқда.
– Касаба уюшмалари билан ҳамкорликда ходимлар ижтимоий-иқтисодий муҳофазасини кучайтиришга муваффақ бўлдик, – дейди марказ раҳбари Акмал Искандаров. – Барча тадбирларимизни, режаларимизни касаба уюшма билан бамаслаҳат амалга оширяпмиз. Натижада тиббиёт ходимлари меҳнатдан рози бўлмоқда, марказимизда муолажа олаётган беморлар эса шифокорлардан мамнун.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«ISHONCH»
