Адолат қарор топди

46

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига шу йилнинг 6 ойи мобайнида меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Хусусан, вилоят халқ таълими бошқармасининг 2022 йил 21 февралдаги буйруғи билан Марғилон шаҳридаги 21-сонли мактаб директори лавозимида ишлаётган Асрор Казимов билан тузилган меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан бекор қилинган.
Ўрганишлар давомида иш берувчи мазкур буйруқни амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига зид равишда чиқаргани маълум бўлди. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти апелляция судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 майдаги қарори билан А.Казимов ишга тикланиб, унга мажбурий бекор юрган кунлари учун 27 миллион 137 минг сўм ҳамда 5 миллион 500 минг сўм маънавий зарар ундирилди.
«Кварц» АЖнинг 2021 йил 28 декабрдаги 1912-сонли буйруғи билан Дилшодбек Имаров билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ходимнинг ўз меҳнат вазифасини бир марта қўпол равишда бузгани сабабли бекор қилинган.
Иш берувчига мазкур буйруқ амалдаги меҳнат қонунчилик талабларига зид қабул қилингани кенгаш ҳуқуқшунослари томонидан тушунтирилса-да, нафи тегмади. Иш судгача етиб борди.
Фуқаролик ишлари бўйича апеллация судлов ҳайъатининг 2022 йил 7 июлдаги ҳал қилув қарори билан Дилшодбек Имаров ўз иш жойига тикланиб, мажбурий прогул кунлари учун 20 миллион 920 минг сўм иш ҳақи ундирилди.
«Асакабанк» АЖ Фарғона вилояти филиалининг 2022 йил 5 январдаги 02-к-сонли буйруғи билан Наргиза Шокирова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 105-моддасига биноан шартнома муддати тугаши муносабати билан бекор қилинган. Иш берувчининг мазкур буйруғи қабул қилинишида амалдаги меҳнат қонунчилик талаблари бузилгани сабабли ­Н.Шокировани ишга тиклаш бўйича судга мурожаат қилинган. Суднинг ҳал қилув қарори билан Н.Шокирова ўз лавозимига ишга тикланиб, мажбурий прогул кунлари учун 30 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди.
Ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш касаба уюшмаларининг биринчи галдаги вазифасидир. Бу вазифа эса тўлиқ уддаланмоқда.

Авазхон ТЎРАХЎЖАЕВ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши Бош юристконсулъти
Мансуржон УСМОНОВ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори