2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан еттита устувор йўналишдан иборат вазифалар белгиланган. Улардан олтинчиси умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашишдир. Ушбу муаммо глобаллашув жараёнида дунё аҳолисининг таркибий тузилиши ва ўзгариш жараёнлари билан ҳам боғлиқдир. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар Президентимизнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» асарида ва 2022 йил 28 январдаги «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонида аниқ кўрсатилган. Инчунун, жаҳон аҳолисининг турли йўналишлар бўйича таркибий тузилишини ўрганиш ҳозирги кунда ўта долзарб масалалардан бири саналади.
Дунё аҳолиси ва унинг ўзгариш тенденциялари олимлар томонидан кам тадқиқ этилган. Шуларни инобатга олган ҳамда интернет ва дунё статистикаси маълумотларидан фойдаланган ҳолда, унинг таркибий тузилиши бир қанча йўналишларда, хусусан, иқтисодиёт соҳаларида бандликнинг таркибий тузилиши, қитъалар миқёсида тақсимланиши, яшаш шароити, овқатланиши, бир суткадаги истеъмоли, тоза ичимлик сувини истеъмол қилиш даражаси, ўз уйида яшайдиганлар ва уйи йўқларнинг таркибий тузилишлари бўйича ҳам таҳлил қилинган.
Курраи заминимизда аҳоли сони тобора кўпаймоқда. БМТ маълумотига кўра, 2022 йил бошида бу кўрсаткич 7,8 миллиард кишини ташкил этган. Ҳар сонияда ўртача 2,6 нафар, йил давомида 82 миллион нафар бола туғилмоқда. 2050 йил охирига бориб жами аҳоли сони 9,7 миллиардга, аср охирида 11 миллиард кишига етади. Бу ҳақда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган Аҳоли ва тараққиёт комиссиясининг 52-сессиясида маълум қилинди.
Дунё миқёсида глобаллашув жараёни давом этмоқда ва йил сайин қамрови кенгаймоқда. Ҳозир аҳоли сони ўсиши унинг қариши, туғиш даражаси пасайиши ва жадал урбанизация билан бирга кечмоқда. БМТ маълумотлари бўйича ўртача туғиш даражаси бир аёлга 2,5 болани ташкил этаётган бўлса, 2030 йилда 2,4 болага тўғри келади. 65 ёш ва ундан катталар улуши умумий аҳоли сонида ошиб бормоқда. Европада улар умумий аҳоли сонининг 19 фоизини, Шимолий Америкада 16 фоизини ташкил қилмоқда. 2050 йилга бориб бу кўрсаткичлар мос равишда 28 ва 23 фоизгача ўсади.
Иқтисодиёт соҳаларига инновацион омилларни жалб қилиш натижасида дунё аҳолисининг соҳалар бўйича бандлиги ҳам шаклланиб, йилдан йилга ўзгариш тенденцияларига эга бўлиб бормоқда. Тадқиқотларимиздан аён бўлишича, жаҳон аҳолисининг 26,3 фоизи ёшлардан иборат.
Халқаро миқёсда хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганлар сони энг юқори бўлиб, 2022 йил бошида 23,5 фоизни ташкил қилди. Иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг ривожланиши ва такомиллашуви натижасида мазкур соҳанинг улуши аста-секин яна ўсиб бориши кузатилади.
Бандлик бўйича иккинчи ўринни қишлоқ хўжалиги эгалламоқда. Унинг улуши шу йилда 19,4 фоизни ташкил қилади. Албатта, дунё аҳлининг озиқ-овқатлар, айрим саноат корхоналарининг хомашёлар билан таъминланиши ҳам бевосита қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Бинобарин, унда банд ходимлар сони сақланиб қолади. Бироқ соҳага инновацион технологияларни ва ғояларни жалб қилиш натижасида ҳозиргидан ҳам кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини камроқ иш кучи билан етказиб берса ҳам бўлади. Шунга мувофиқ, бу жабҳада банд бўлганларнинг дунё аҳолиси таркибидаги улуши аста-секинлик билан камайиб бориши ҳам мумкин.
Кейинги вақтларда сайёрамизда ёши катталар сони ошмоқда. 2015 йилда уларнинг улуши 7,9 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 8,1 фоизга етди. Бу тенденция дунё аҳолиси соғлом турмуш тарзига ўтиши муносабати билан янада кенг қулоч ёйиши мумкин.
Бугунги кунда дунёдаги ишсизлар сони 6 фоизни ташкил қилади. Узоқ йиллар сақланиб келган бу кўрсаткич охирги пайтларда камайиш тенденциясига ҳам эга бўлмоқда. Дунё аҳолиси бандлигини ташкил қилувчи аҳоли қатлами асосан тадбиркорлар бўлиши керак. Аммо ҳозир барча банд аҳоли таркибида уларнинг улуши атиги 5,5 фоиздан иборат. Жамият ривожланиши билан ушбу кўрсаткич кўтарилиб бориши лозим.
Дунё аҳолисининг асосий қисми, яъни 60 фоизи ёки 4,7 миллиард нафари Осиё мамлакатларида яшайди. Улар асосан мусулмон динига мансуб бўлиб, тобора кўпаймоқда ва бу жараён келажакда давом этиши кутилмоқда.
Худди шундай ҳолат Африка қитъасида ҳам рўй бериши эҳтимолдан холи эмас. Аммо унда яшайдиганларнинг иқтисодий аҳволи қониқарли даражада эмас. Бу ҳудудда туғилиш каби болалар ўлими ҳам кўплиги туфайли аҳоли сони кескин ўсмаслиги табиий. Қолган қитъаларда аҳоли сони кам миқдорда ўсиши эвазига уларнинг умумий аҳоли ўртасида камайиши рўй бериши тайин.
Ҳозир глобал миқёсда шаҳарларда яшовчилар кўпаймоқда. ХХ асрда аҳолининг асосий қисми қишлоқларда яшаган бўлса, бугунги кунда уларнинг улуши бирмунча камайиб, шаҳар аҳолиси кўпайиши кузатилмоқда. Аниқроғи, шаҳарликлар дунё аҳолисининг 51 фоизини ёки 4 миллиард нафарини ташкил этмоқда.
Ривожланган мамлакатларда шаҳар аҳолисининг улуши катта. БМТ ҳисоботи бўйича келажакда бу борадаги ўсиш шаҳар аҳолиси кўпайиши эвазига юз беради. 2030 йилда шаҳарлар аҳолиси умумий аҳолининг 60 фоизини, 2050 йилда 68 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда шаҳар аҳолисининг улуши 50,6 фоизга, қишлоқ аҳолиси эса 49,4 фоизга тенглашади. Аммо Самарқанд вилоятида шаҳар аҳолиси улуши 36,9 фоизга, қишлоқ аҳолиси 63,1 фоизга тўғри келмоқда. Демак, вилоят аҳлининг аксарияти қишлоқларда умргузаронлик қилади. Қишлоқларда яшовчи болалар сони 5,47 миллион бўлиб, улуши 53,7 фоиздир. Мос равишда шаҳарда яшовчилар 4,71 миллион киши ва уларнинг улуши 46,3 фоизга тенгдир. Алқисса, келажакда ҳам вилоятда қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил қилади.
Бу ҳолат келгусида шаҳар аҳолиси кўпайишини тақозо этади. Аммо ўз хусусиятларимиздан келиб чиқиб, қишлоқдан шаҳарга кўчиб келиш эвазига эмас, қишлоқларга саноатни киритиб, уларни шаҳарга айлантириш эвазига шаҳар аҳолисини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бири аҳолининг овқатланиш даражасига боғлиқ. БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммаднинг маълум қилишича, охирги 25 йилда ўта ночор шароитда яшовчилар анча камайган, оналар ўлими кўлами 40 фоизга пасайган, одамларнинг умр кўриши давомийлиги бирмунча ошган.
Ночор аҳоли қатлами тўйиб овқатланиш имконига ҳам тўлиқ эга эмас. Дунё аҳолисининг 21 фоизи ёки 1,6 миллиард нафари кўп овқат ейдиганлар тоифасига киради, 63 фоизи (4,9 миллиард нафари) қанча хоҳласа, шунча ейиши мумкин. Аммо 1,3 миллиарди тўйиб овқатланиш имконига эга эмас. Уларнинг аксарияти очарчиликдан азият чекмоқда. Ана шундай бир вазиятда айрим мамлакатларда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари исроф бўлмоқда. Дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун унинг истеъмолини меъёрлаштиришга, тежамкорликка амал қилишга катта аҳамият бериш зарур. Бугунги кунда биргина Ўзбекистонда ҳар йили 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига айланмоқда. Тошкент шаҳрида ҳар куни 2 тоннага, йилига 730 тоннага яқин нон маҳсулоти чиқиндига ташланади. 2019 йилда дунёда 1,64 миллиард тонна озиқ-овқат ташлаб юборилиши айтилган эди. Ҳолбуки, исроф қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг атиги 25 фоизи билан дунёдаги очлик муаммосини тўлиқ ҳал этиш мумкин.
Дунё аҳолисининг 48 фоизи ёки 3,7 миллиард нафарининг озиқ-овқатга боғлиқ муаммоси бўлмаса-да, камбағаллик даражасида яшайди. Агар халқаро меъёрлар асосида қарайдиган бўлсак, 2022 йил 1 январь ҳолатига жаҳон аҳлининг бир суткадаги истеъмол даражаси бўйича таркибий тузилиши буни яққол кўрсатиб турибди. Бир суткада яшаш даражаси 2 АҚШ долларидан кам бўлган камбағаллик чегарасидаги аҳоли сони 3,7 миллиард кишини ёки умумий аҳолининг 48 фоизини ташкил қилади. Булар камбағаллик чегарасидаги аҳоли қатлами ҳисобланади. Бир суткада яшаш даражаси 2 АҚШ долларидан кўп бўлган камбағаллик чегарасидан чиқиб яшаётган аҳоли 4,1 миллиард кишини ёки дунё аҳолисининг 52 фоизини ташкил қилади. Камбағаллик чегарасидан чиқаётган аҳоли улуши йил сайин ошиб бормоқда. Аммо уларнинг улуши ҳамон кўплигича қолмоқда.
Устига-устак, охирги пайтларда экологик муаммолар янада урчимоқда. Юзага келган демографик тенденциялар аҳоли сони жадал кўпайишига олиб келмоқда. Аҳоли таркибида кекса ёшлилар улушининг ошиши ва урбанизация жараёнлари жиддий экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Булар бир томондан тараққиётнинг янги имкониятлари учун йўл очаётган бўлса, иккинчи томондан турли муаммоларни авж олдирмоқда. Чунончи, аҳоли сонининг ўсиши ва шу асосда иқтисодий ўсишга эришиш ишлаб чиқариш ва истеъмол кўлами кенгайишига сабаб бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, атроф-муҳитни оғир оқибатларга дучор қилмоқда. Шулардан бири ичимлик сув танқислигидир. Ҳозир ушбу бебаҳо неъматни жами аҳолининг 87 фоизи ёки 6,8 миллиард киши истеъмол қилади. 1 миллиард киши (аҳолининг 13 фоизи) эса бундай имкониятдан маҳрумдир.
Аҳоли фаровонлигини таъминлашга боғлиқ айрим муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Булардан бири ўз имкониятларини инобатга олмаган ҳолда исталмаган ҳомиладорликлар кўпаяётганидир. DSW мутахассисларининг таъкидлашича, аҳоли сони ўсишининг жадал давом этиши сабабларидан бири исталмаган ҳомиладорликлар кўплиги ҳисобланади. Чунки талай ҳудудларда, айниқса, учинчи давлатларда аёллар ва қизларнинг эрки ўз қўлида эмас. Оқибатда ҳар беш ҳомиладорликдан иккитаси исталмаган саналади. DSW маълумотларига кўра, бу борада оғир вазият Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубидаги ҳудудда юзага келган. У ерда охирги йилларда туғуруқ даражаси камайганига қарамай, ҳамон бир аёлга ўртача 4,4 бола тўғри келади. Ваҳоланки, дунё бўйича ушбу кўрсаткич 2,4 тадан ошмайди. БМТ маълумотларига қараганда, бунинг натижасида ушбу минтақа аҳолиси сони 2050 йилга бориб ҳозирги 1,3 миллиарддан 2,5 миллиард кишига етади. Бундай кескин ва асоссиз кўпайишлар бир қатор муаммоларни пайдо қилади. Жумладан, дунё аҳолисининг бир қисми ҳамон ўз уйига ҳам эга эмас. Ўз уйида яшайдиганлар сони 6 миллиард кишини ёки жами аҳолининг 77 фоизини ташкил қилса, ўз уйига эга бўлмаганлар сони 1,8 миллиард нафарга ёки дунё аҳолисининг 23 фоизига тенгдир.
Тадқиқот натижаларидан шундай хулоса қилиш мумкинки, жаҳонда одамлар сони кўпайиб бормоқда. Бу бир қанча ижобий ҳолатлар билан бирга, глобал муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Биринчидан, ҳозир дунёда аҳоли сони ўсиши унинг қариши, туғишнинг камайиши ҳамда жадал урбанизация билан бирга кечмоқда. Аҳолининг чорак қисмидан ортиқроғи ёшлардир. Уларга ёши катталарни қўшиб ҳисобласа, учдан бир қисмидан кўпроқни ташкил этади. Агар ишсизларни ҳам қўшсак, дунё аҳолисининг 40,4 фоизи (26,3+8,1+6) фақат истеъмолчи ролида эканлигини билиб оламиз.
Иккинчидан, моддий неъматлар ишлаб чиқариш билан дунё аҳолисининг 36,1 фоизи (19,4 қишлоқ хўжалиги +11,2 саноат +5,5 тадбиркорлик) шуғулланади, холос. Жаҳон миқёсида хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаётганлар сони энг кўп, таҳлил даврида 23,5 фоиз бўлган. Иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг ривожланиши ва такомиллашиши натижасида мазкур соҳанинг улуши аста-секинлик билан яна ўсиб бориши кузатилади.
Учинчидан, алоҳида бандлик бўйича қишлоқ хўжалиги иккинчи ўринда. Унинг улуши шу йилда 19,4 фоиз бўлади. Дунё аҳолисининг озиқ-овқатлар билан, айрим саноат корхоналарининг хомашё билан таъминланиши ҳам қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Зеро, уни янада ривожлантириш лозим. Фикримизча, ушбу соҳада банд ходимлар сони сақланиб қолади. Бироқ унга инновацион технологияларни ва ғояларни жалб қилиш натижасида ҳозиргидан ҳам кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини камроқ иш кучи билан етказиб беришга эришиш йўлларини кўришга тўғри келади. Бинобарин, мазкур соҳада банд аҳолининг дунё аҳолиси таркибидаги улуши оҳиста камайиб бориши ҳам мумкин.
Тўртинчидан, XX асрда аҳолининг асосий қисми қишлоқларда яшаган. Эндиликда уларнинг улуши бирмунча камайиб, шаҳар аҳолиси кўплик қилмоқда. Ҳозир дунё аҳолисининг 51 фоизи ёки 4 миллиард нафари шаҳарда, қолгани қишлоқда яшамоқда. БМТ ҳисоботида таъкидланишича, келажакда аҳоли ўсиши шаҳар аҳолиси ҳисобига юз беради. 2030 йилда шаҳарликлар жами аҳолининг 60 фоизини, 2050 йилда 68 фоизини ташкил қилиши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистонда эса шаҳар аҳолиси 50,6 фоиз, қишлоқ аҳолиси 49,4 фоиздир.
Бешинчидан, бугунги кунда бир суткада яшаш даражаси 2 АҚШ долларидан кам бўлган камбағаллик чегарасидаги дунё аҳолиси сони 3,7 миллиард кишини ёки умумий аҳолининг 48,0 фоизини, камбағаллик чегарасидан чиқиб, фаровон яшаётган аҳоли 4,1 млрд. кишини ёки дунё аҳолисининг 52 фоизини ташкил қилади. Келажакда камбағаллик чегарасидан чиқаётган аҳолининг улуши йил сайин ошиб бориши кузатилади.
Олтинчидан, бугунги кунда юзага келган жорий демографик тенденциялар аҳоли сони жадал ортишига олиб келмоқда ва мос равишда экологик муаммолар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Булар бир томондан тараққиётнинг янги имкониятларини очаётган бўлса, иккинчи томондан турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, аҳоли сонининг ўсиши ва шу асосда иқтисодий ўсишга эришиш ишлаб чиқариш ва истеъмол кўлами ошишига олиб келмоқда. Булардан бири ичимлик сув танқислиги муаммоси билан боғлиқдир. Чунки ҳамон тоза ичимлик суви билан таъминланмаган аҳолининг улуши 13 фоизлигича қолмоқда.
Сўнгсўз ўрнида. Даврлар ўтиши, замонлар алмашиши натижасида дунё, коинот, табиат, инсоният ва бутун башарият доимий ўзгаришда, янгиланишда давом этмоқда. Ҳозир олам миқёсида ҳар куни қандайдир янгиликлар рўй бермоқда, дунёнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида жадал ривожланиш босқичига ўтилмоқда. Шунингдек, интеграция ва глобаллашув жараёнлари ҳам ижобий ва салбий омиллари билан тезлашиб бормоқда. Бундай шароитда ҳар бир мамлакат жаҳон майдонида ўзининг эзгу мақсадларига эришиш учун муттасил олдинга интилиши, ҳаёти ва тафаккурини ислоҳ қилиши, янгиланиш ва яратувчанлик руҳи билан яшаши лозим. Айнан Янги Ўзбекистонни барпо қилиш, Учинчи Ренессанс даврига қадам қўйиш оламшумул ютуқларни қўлга киритишни тақозо этади. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамаюнус ПАРДАЕВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори
Озода ПАРДАЕВА,
ТДИУнинг Самарқанд филиали кафедра мудири
