Баҳодир аканинг бахт формуласи

91

Мамлакатимизда сўнг­­ги йилларда бунёдкорлик ишлари юқори чўққига чиқди. Қай ерга борманг, баланд-баланд иморатлар қад ростлаяпти. Бундай қурилиш ишларида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Шундай инсонлардан бири «Пойтахт қурилиш» МЧЖ таъсисчиси Баҳодир Раҳмоновдир.

Юртимизнинг воҳасида туғилиб ўсган Баҳодир Раҳмонов ёшлигидан қурилиш соҳасига меҳр қўйди. У шаҳарга тушганида баланд-баланд иморатларга ҳавас билан боқар, қачондир шундай биноларни ўз қўлларим билан бунёд этаман, деб ўз олдига қатъий мақсад қўярди.
Яхши ният ярим давлат, деганларидек, тинимсиз ҳаракати, изланишлари ортидан орзулари рўёбини кўра бош­лади. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 1979 йилда Тошкент политехника институти бино ва иншоотларни қуриш факультетининг кечки бўлимига ўқишга кирди. Шу билан биргаликда, Тошкент бош қурилиш бошқармасига қарашли «Пардозлаш» трестида сувоқчи сифатида ишлай бошлади.
Шу-шу Баҳодир Раҳмоновнинг фао­лияти қурилиш соҳаси билан буткул боғланди. У кўп ўтмай ишга бўлган меҳри, изланувчанлиги билан эътиборга тушди. Бир зум бўлсин тинмас, бошқалардан ҳам ёрдамини аямасди. Тўғрисўз, ушлаган жойини қўйиб юбормайдиган йигитни касаба уюшмаси раиси ўринбосарлигига тавсия этишганда жамоа бир овоздан маъқуллади. Кўп ўтмай у касаба уюшма раислигига сайланди. Ҳар бир ходим унга бемалол мурожаат этиб, ўзини қийнаган дардини айта оларди. Ўртада масофа сақламас, ўзи ҳам ходимларни қийнаётган муаммолар билан қизиқар, ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашар эди. Аввало, ишчи-ходимни қийнаётган дардга малҳам топишимиз лозим, бу муҳим, шу билан бирга, уйида бирор муаммо бўлса, бу иш самарадорлигига ҳам таъсир этади, дерди. Қай бирини қийнаётган масала бўлса, тезда ечим топишга уринар, бунинг уддасидан чиқарди. Раҳбарият у билан бамаслаҳат иш олиб борар, нимаики, масалани кўтарса, қўллаб-қувватларди. Жамоада шундай муҳит шаклланган эдики, барча ишчилар иш жойини иккинчи оиласи деб билар, касабақўмга ўз ака-укасидек суянишарди. Меҳнат унуми ҳам ошиб, ташкилотнинг қилаётган ишлари юқори раҳбарият томонидан доимий эътироф этиб келинарди.
Кейинчалик бир муддат Яккасарой тумани ҳокимлигида ишлаган Баҳодир ­­Раҳмоновни танлаган касбига бўлган меҳри яна қурилиш соҳасида ишлашга ундади. Бу пайтлар мамлакатда тадбиркорликка катта эътибор қаратилган, кўпчилик ўзини бизнесга урганди.
Ўз ишининг устаси бўлган Баҳодир ака ҳам 1994 йилда қурилиш соҳаси бўйича тадбиркорликни йўлга қўйди. Давлат миқёсида муҳим аҳамиятга эга кўплаб бино-иншоотлар қурилишига бош-қош бўлди. Уларнинг лойи­ҳасидан бош­лаб, битгунча бўлган жараёнда тиним билмас, объектнинг бирор нуқтаси бўлсин кўздан қочирмас эди. Таклифлар кўпайиб, ишлар ривож топиб кетди. 2003 йил февраль ойига келиб «Пойтахт қурилиш» МЧЖга асос солди. Янги ташкилот ҳам тез орада тилга тушди.
– Жамоамиз аҳил-иноқ, ишимиздаги самарадорлик ҳам шунга яраша. Ютуқларимиз ортида эса раҳбаримиз Баҳодир Раҳмоновнинг инсонийлиги, қўл остидагиларга алоҳида меҳри ётибди, десам муболаға бўлмайди, – дей­ди «Пойтахт қурилиш» МЧЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Комил Жўрақулов. – Бу инсон ходимлар билан бамаслаҳат иш олиб боради. Ўринбосардан тортиб оддий ишчини ҳам ўзига жуда яқин олиб, дўстона суҳбатлашади, оилавий шароити билан қизиқади, камчилиги бўлса, дарров ёрдам қўлини чўзади. Ўзи ҳам касаба уюшмасида кўп йиллар фаолият юритгани учун ишчи-ходимлар ҳимоясига ўзгача эътибор қаратади. Ишчи-ходимлар ҳам шундай инсон билан ёнма-ён, елкадош бўлиб ишлаётганидан фахрланиб юришади.
Ташкилотдаги самарадорлик раҳбарнинг ишни қандай ташкил этгани, жамоа­даги муҳитга бевосита боғлиқ. Кўп йиллик тажрибага эга, ўз касби фидойиси, қўл остидагилар манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўядиган Баҳодир Раҳмоновнинг бу борадаги фаолиятини қайсики, ишчи-ходими билан гаплашманг, кўзлари қувнаб ­эътироф этади.
Айни пайт­­да Баҳодир ака турмуш ўртоғи Орзугул опа билан икки ўғил, икки қиз, саккиз нафар набира ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли, бугунги кунда турли жаб­ҳаларда эл хизматига камарбаста бўлиб келишяпти.
Инсон бу дунёда танлаган касбини севиб, меҳр берса, умрини шунга бағиш­ласа, қилган ва қилаётган ишлари билан ўзгаларга эзгулик улашса, яхшилик уруғини сочса, бундан ортиқ бахтнинг ўзи йўқ.
Баҳодир ака ҳақида гап кетганда эса кўнгилга биргина ўй келади: касбидан бахт топган инсон… У кишининг бахт формуласи оддий: меҳнат доимо бахт келтиради.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»