Яқинда бир ҳамкасбимнинг «Ҳозир маърифатни кенг тарқатаётганлардан бири матбуот, ҳа, айнан босма матбуотдир», деган гапини ўқиб қолдим. Мен салкам 50 йиллик тажрибага эга журналист сифатида бу фикрни қўллаб-қувватлайман ва унга «Янги авлод, янги Ўзбекистон барпо бўлаётган ҳозирги даврда жамиятга босма нашрлар, албатта, керак!» деган жумлани қўшиб қўйишни истайман. Чунки қайсики, хонадонда газета-журнал ўқилса, ўша оилага илм-маърифат, зиё ва маънавият, ижодкорлик кириб боради, китобхонликка интилиш, мутолаага иштиёқ кучаяди.
Сабаби аён. Газета-журналларда тафаккурнинг барча қирралари хусусида баҳс юритилади. Ҳар куни газета варақлаган кишига унинг «чанги» ўз-ўзидан юқаверади. Таҳририятларда ишлайдиганларнинг маданий-маънавий савияси эса бошқаларникидан бирмунча юқорироқ бўлиши ҳам бор гап. Давлат арбобларидан бирининг «Ҳар қандай журналист вазир бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай вазир журналист бўлолмайди» деган гапи бот-бот такрорланиб туриши ҳам бежиз эмас.
Битта таҳлилий мақола ёзиш ёки кўтарилган муаммо ечимини топиш учун газета мухбири озмунча тер тўкмайди. Керак бўлса, мавзуни ҳафталаб, ойлаб, йиллаб ўрганади, кузатади, таҳлил қилади, зарурат туғилса, мутахассисларни жалб этади. Босма нашрларда чоп этилган мақолаларни телевидениеда ярим соатда айтиб ўтиладиган ахборотга ёки содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси, жиноят тўғрисида ички ишлар бўлими терговчиси, йўл ҳаракати инспекторидан изоҳ талаб қилишга тенглаштириб бўлмайди. Газета журналисти ёзган мақола танқидий ёки ижобийлигидан қатъи назар, соҳа мутахассисларига мотивация, туртки беради, уларни сергаклантиради. Алқисса, жамият тараққиёти учун хизмат қиладиган ташкилотчи ва тарғиботчи вазифасини бажаради. Шу жиҳатларига кўра, босма матбуот нафақат жамият тараққиёти, давлат учун ҳам ўта муҳимдир.
Газетанинг яна бир яхши томони шундаки, унда босилган илмий рисолалар, мақолалар, изланишлар натижалари ва ихтиролар тарих саҳифаларида қолади. Асрлар оша дунё тан олиб келган Ибн Сино, Беруний, Ал-Хоразмий каби улуғ аждодларимиз ихтиролари бугунги авлодларимизда ҳам фахрланиш ва ғурурланиш туйғуларини кучайтиряпти, ёшларимиз ҳам улардек илмли ва саботли бўлишлари учун мотивация беряпти.
Наманган вилоятининг Норин тумани Андижон вилоятининг Избоскан тумани билан чегарадош. Бир неча йил муқаддам иккала туман ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларидан зах сув кўтарилиб, бир неча юзлаб гектар майдонлар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолди. Ана шундай бир пайтда норинлик иқтисодчи олим, публицист Расулжон Абдумажидов билан ҳамкорликда захни бартараф этиш ҳақида туман, вилоят ва республика газеталарида уч-тўртта мақола эълон қилдик. Шундан сўнг собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги аралашуви билан 2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, юзлаб гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг, минглаб аҳоли томорқаларининг суви қочирилди. Шунингдек, Калифорния дарахтининг момиқ чиқаришининг соғлиққа зарари тўғрисидаги мақола сабабли бу ўсимликнинг 4 ёшдан катталарини оммавий равишда кесиб ташлаш бўйича ҳукумат қарори чиқарилди.
Дарвоқе, юзага келган ҳар қандай муаммога ечим топиш учун 3, 4, 5 бор чиқишлар қилиш, ҳатто йиллар мобайнида ўша мавзуни қайта-қайта ёритиш асосан газета-журналларга хос хусусият. Муҳими, мамлакатимиз аҳолисининг деярли 65 фоизи қишлоқларда яшайди. Улар телевизордаги турли-туман хорижий фильмларни кўришади-ю, мулоҳазали кўрсатувларга кўп ҳам эътибор беришмайди. Бу ҳолатни кузатарканман, халқимиз миллий урф-одатларимиз ва менталитетимиздан узоқлашиб кетмаяптимикин, деб ташвишланаман. Пировардида газеталар қишлоқ аҳли жамият тараққиёти ва кундалик ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришлар билан узлуксиз танишиб боришлари учун ҳам муҳимлигини сезаман. Зеро, бир вақтлар ҳар бир оила 3-4 хил газета-журналга обуна бўларди. Бу нашрлар дала шийпонларида ҳам ўқиларди. Босма матбуотни давлат қўллаб-қувватларди.
Президентимиз бутун ўй-фикри ва эътиборини маҳаллага қаратаётгани бежиз эмас. Ҳамма маҳаллада яшайди. Бироқ ҳали қишлоқларимизда тоза ичимлик сув, йўллар, электр энергияси, камбағалликдан чиқариш, янги иш ўринлари яратиш, халқни рози қилиш борасида муаммолар кўп. Уларни ҳал қилиш ўрнига ҳаммаси бартараф этилгани ҳақидаги сохта ҳужжатга имзо чекиб, юқори ташкилотларга жавоб йўллаётган мансабдорлар ва ҳокимлар ҳам топилади. Улар амал курсисидан ажралиб қолишни исташмайди. Шунинг учун ҳам матбуот керак эмас, деган фикрни илгари суришади. Ошкоралик ва очиқликка асосланган, салбий иллатларга қарши курашадиган, ҳаёт ва ҳақиқат ойнаси ҳисобланган матбуотдан қўрқишади. Бу билан аслида ўзларининг маърифатсизлиги ва маънавиятсизликларини намоён этишаётганини, жамият тараққиётига ғов бўлишаётганини, халққа ва давлатга хиёнат қилишаётганини тушунмайдилар, тушунган тақдирларида ҳам тан олмайдилар.
Муқаддам газеталарда босилган танқидий мақолалар туман, вилоят ҳокимликларида муҳокама қилинар, хато-камчиликларга йўл қўйганларга нисбатан жиддий чоралар кўриларди. Эндиликда бундай назорат, ижро интизоми бузиляпти. Бу газеталарни менсимаслик, уларга тош отиш демакдир. Аслида эса танқидни қабул қилиш маданиятини ўрганиш, газеталарни ўқиб бориш, ҳаёт билан ҳамнафас бўлиш, баҳсларга киришиш, фикр билдириш ҳар томонлама фойдалидир.
Хулоса шуки, газета хонадонларга зиё, маънавият олиб кирган. Шу боис ҳам яшаб келган ва ишончимиз комилки, келгусида ҳам яшаб қолади. Чунки зиёга ҳеч қандай куч соя сололмайди.
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
журналист
