Жазирамадан сақланинг

75

Шу кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилди. Аслида бу ёз фасли, хусусан, саратоннинг хусусияти. Аммо мутахассисларнинг қайд этишича, бу галги иссиқ ҳарорат одатдагидан юқорироқ бўлмоқда.

Қуёш нури инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Айниқса, инфрақизил нурлар танада қон айланишини яхшилаб, организмдаги барча ҳаётий жараёнларни фаоллаштиради.
Бироқ қуёшдан келадиган иссиқлик ҳар доим ҳам инсон танасига фойдали таъсир этавермайди. Хусусан, бугунгидек жазирама кунларда.
Бундай аномал иссиқлик, айниқса, кексалар, сурункали касалликлар (юрак-қон томир, эндокрин, нафас олиш аъзолари, метоболик ва руҳий хасталиклар) билан оғрийдиган беморлар учун хавфли.
Шу сабабли, бундай пайтда бир неча тавсияларга амал қилиш лозим.
Энг аввало, кўчага чиқаётганда очиқ ранг­­ли табиий матолардан тикилган енгил либос кийиш, иссиқдан сақлайдиган бош кийим, ­кўзойнак ва соябонлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, имкон қадар ёғли, дудланган таомларни истеъмол қилмаслик, тез бузиладиган овқатлардан эҳтиёт бўлиш керак.
Танада сув балансини ушлаб туриш учун кунига ўртача 2-3 литр суюқлик (совитилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар, қуритилган меваларнинг қайнатмалари) ичиш тавсия этилади.
Газланган, энергетик ва алкоголли ичимлик­лар, қаҳва истеъмол қилиш мумкин эмас.
Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.
Қолаверса, жазирама пайти имкон қадар тўғридан-тўғри қуёш нури тушадиган жойда жисмоний меҳнат билан шуғулланмаслик тавсия этилади. Агар шундай бўлган тақдирда қуёшдан ҳимояланиш учун бош кийим кийиш, ора-сира салқин жойда дам олиш мақсадга мувофиқ. Бу эса танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.
Жазирама пайти қуёш уриши – энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши натижасида юзага келади. Жабрланувчида кўнгил айниши, қусиш, бурундан қон кетиш, кўришнинг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди.
Оғир ҳолатларда эса алаҳсираш бошланади. Тана ҳарорати, ҳатто 41-42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин.
Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор ҳўл матони юрак соҳасига қўйиш керак.
Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби, қуёш урган инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлади.
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, соғлиқ, аввало, ўзимизга керак. Шу сабаб эҳтиёткорлик ҳеч қачон зарар қилмайди.

Севара УБАЙДУЛЛАЕВА,
тиббиёт фанлари
доктори