Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир!

65

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН руҳи сингаётган Бош қомус

Халқ ва давлат учун Конституция нима? Нима учун бугун биз бирлашиб, бир бутун халқ бўлиб «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида фаол қатнашяпмиз?

Далил керак бўлса, марҳамат: Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамаси эътиборига ҳавола этилган сана, яъни 25 июндан то 21 июлга қадар жами 88 515 та таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Бу фаоллик мамлакатимизда сўнгги 6 йил ичида амалга оширилган ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ислоҳотларга ишонч, сўз эркинлиги, шаффофликка ва ниҳоят, катта-ю кичик амалдорлар халқнинг муаммо ва ташвишларига қулоқ тута бошлагани, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган сиёсатга хайрихоҳликдан сув ичаёганидан далолат эмасми? Қолаверса, бугун халқ муҳокамасидан ўтаётган Конституциявий қонун лойиҳаси Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга масала эканини жуда кўпчилик теран тушуниб турибди.

Жайдаричасига айтганда, Конституция – ҳар бир давлатнинг пас­порти. Унда халқларнинг эзгу орзу-умидлари, сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллари, давлат тутуми, дунёга, ўзи яшаб турган жамиятга нигоҳи, бугуни ва эртаси акс этади. У догма эмас, балки ҳаракат учун ҳуқуқий дастурдир! Жамиятда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Бусиз адолат ҳам, тартиб-интизом ҳам бўлмайди, бошбошдоқликка йўл очилади. Конституция шандай бир эҳтиёжки, у давлатнинг, жамиятнинг, халқнинг, шахснинг мавжудлиги учун, тинчлик, барқарорлик учун, юртнинг келажаги учун жуда муҳим!
Бундан салкам 30 йил муқаддам қабул қилинган Конс­титуциямиз Ўзбекистоннинг мустақил мамлакат сифатида оёққа туриши, мус­таҳкам давлат бўлиши, 90-йилларнинг оғир қийинчиликларидан эсон-омон ўтиб олиши, кейинги йиллардаги ривожланишига беқиёс хизмат қилди. Салкам ўттиз йил мобайнида диёримизда яшовчи халқлар бирдамлигини, давлатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаб, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ифодалаб келди.
Амалдаги Конс­титуциянинг ўтган даврлардаги тараққиётимизда тутган ўрни, қадр-қимматини камситмаган ҳолда айтиш жоизки, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмайди – ҳамиша ўзгаришда. Худди шунингдек, ҳар қандай конс­титуцияни ҳам тугал деб бўлмайди. Aсосий қонунга ҳуқуқни қўллаш амалиётидан, жамиятда, қолаверса, дунёда рўй бераётган турли жараёнлардан келиб чиқиб, тузатиш ва қўшимчалар киритиш мумкин ва баъзан ўта зарур ҳамдир.
Дарҳақиқат, бугунги Ўзбекистон – олти йил аввалги Ўзбекистон эмас. Ўтган қисқа фурсат ичида жамиятимиз, ҳаёт тарзимиз, одамлар тафаккури, дунёқарашида ижобий ўзгаришлар юз берди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик, шаффоф­лик ва адолатга асосланган сиёсати нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ва энг асосийси, бу жараён ортга қайтмас тус олди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда бугун Янги Ўзбекистоннинг ­мустаҳкам пойдевори барпо этилаётгани исботидир.
Аммо дунё тарозиси ҳам кун сайин, ой сайин, йил сайин ўзгариб бормоқда. Таҳликали замонда янги жараёнлар, таҳдид­лару муаммолар бўй кўрсатмоқда. Бир томондан давлатимиз раҳбари бошлаган туб ислоҳотлар самараси ва бу ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурати, иккинчи томондан, дунёдаги ва ён-атрофимиздаги таҳликали вазият мамлакатимиз тараққиётининг барча йўналишларини уйғунлаштириш, тизимлаштириш, тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Янги Ўзбекистонни замон билан ҳамнафас бўла оладиган, янгиланган Конституция билан қуриш мантиқан жуда тўғри қадамдир.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекис­тон ­Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конс­титуциявий комиссия аъзолари билан учрашув чоғида бу масаланинг қанчалик муҳимлигини таъкид­лар экан, шундай деди: «Албатта, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарди.
Олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор. Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.
Бу ўринда табиий саволлар туғилади. Мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай?
Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, ­қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади?
Энг муҳими, конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради? Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конс­титуциямизда акс эттириш – давр тақозосидир».
Учрашувда давлатимиз раҳбари инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, «Ўзбекистон – ижтимоий давлат», эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Бу нафақат мамлакат эртасини ўйлаётган раҳбарнинг, балки бутун халқнинг ўй-хаёлидан, юрагидан ўтаётган орзу-ниятлардир. Давлат раҳбари янгиланган Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.
Аслини олганда, амалдаги қонунчиликка кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конс­титуцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Лекин давлат раҳбари конституциявий ислоҳотни фуқаролар, оддий халқ ­фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширишни маъқул кўрди. «Бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман. Бу «Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир» деган тамойилга тўла мос келади», дея таъкидлади ­Шавкат ­Мирзиёев.
«Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дас­турхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз. Биз ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак.
Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!
Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман. Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекис­тонни албатта биргаликда барпо этамиз.
Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди. Ана шундай буюк бахт ва шараф барчамизга ёр бўлсин!» деди давлат раҳбари.
Бу – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатини яратиш борасидаги дастлабки катта қадам. Навбатдаги қадам ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлган Конституцияни қабул қилиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш, амалдаги қонунчилик базасини янгиланган Конституцияга мослаштириш бўлади. Табиийки, бу жараённинг аҳамияти ҳам Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан асло кам эмас. Зеро, давлатнинг, халқнинг барча орзу-­умидларини Асосий қонунда мустаҳкамлаб қўйиш бошқа, уни дастуриламал билиб, ҳаётга татбиқ этиш бошқа масаладир.
Албатта, ҳали кўпчиликнинг турмушини яхшилаш учун мамлакатимизда ҳал этилиши керак бўлган муаммолар, қилиниши керак бўлган ислоҳотлар анчагина. Аммо дунёнинг қайси давлатида муаммолар йўқ? Бугунги кунимизнинг энг катта ютуқларидан бири – биз ана шу муаммоларни тилга олишга, уларнинг ечимини излашга имкон топяпмиз. Ўз ютуқ ва камчиликларини англаган, инсон қадри улуғланган келажакни ҳадафлаган халқ эса, шубҳасиз, тўғри йўлдан адашмайди!
Барқарорлик, хавфсизлик, фаровонликни ва одамлар учун муносиб ҳаётни фақат тараққиёт орқали, фақат биргаликда ва фақат ўзимиз таъминлай оламиз. Мамлакатимиз суверенитети, келажакдаги ютуқ ва марраларимиз масъулиятимиз, самимий ватанпарварлигимиз, ғамхўрлигимиз, унинг тарихи, маданияти, тили, урф-одатларини ҳурмат қилишга таянади.
Бугун биз ўзимиз яшаб, меҳнат қилаётган, фарзандларимиз ҳамда келгуси авлодларга мерос қолдирмоқчи бўлган мамлакат Конституциясини яратяпмиз. Бу Конституция фақат қоғозларда эмас, балки амалда ўз ифодасини топиши эса нафақат сиёсий элитага, балки ўзини шу Ватан билан боғлаган, унинг бугуни ва келажагига дахлдор деб билган ҳар бир ўзбекистонликка боғлиқ!

Жаҳонгир НАҲАНОВ,
«ISHONCH»

 

Жамоавий таклифларнинг ўзига хослиги нимада?

Умумхалқ муҳокамаси қизғин давом этаётган «Ўзбекистон Рес­публикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан нафақат фуқаролар, балки ташкилот ва муассасалардан ҳам Конституциявий комиссияга ­кўплаб жамоавий таклифлар келмоқда.
Жамоавий таклифлар, асосан, парламент палаталарининг турли қўмиталари, партиялар фракциялари, вазирлик ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти ­институтлари, таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари томонидан юборилмоқда.
Бундай жамоавий таклифларнинг ўзига хослиги нимада?

Биринчидан, бу хатларда Конституциявий қонун лойиҳасининг барча моддалари бўйича имкон қадар тизимли таклифлар жамланган.
Иккинчидан, таклифларнинг изчиллиги ва ўзаро уйғунлиги таъминланган бўлиб, улар деярли бир-бирини инкор этмайди.
Учинчидан, таклифлар ҳам тегишли тор соҳа мутахассислари, ҳам малакали ҳуқуқшунослар экспертизасидан ўтказилгани туфайли нисбатан аниқ ва пишиқ-пухта шаклдадир.
Бу омилларнинг барчаси, шубҳасиз, Конституциявий комиссия таркибида фаолият олиб бораётган қонун ижодкорларининг катта ҳажмдаги ва машаққатли ишларини бир қадар енгиллатишга хизмат қилади.
Шу ўринда Конституциявий комиссия­га яқинда келиб тушган иккита жамоавий таклифнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўз юритамиз.
Булардан бири – Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосасидир. Ушбу «Хулоса» Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан тақдим этилган.
Маълумки, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конс­титуциявий қонун лойиҳасида Асосий қонуннинг 37-моддаси янги таҳрирда берилган бўлиб, бешта янги банд қўшилмоқда. Хусусан, айни шу модданинг 3-банди қуйидаги нормадан иборат:
«Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади».
«Хулоса»да қайд этилишича, «Ушбу нормада боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан устун ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни келтириб чиқариши мумкин».
Бу фикрнинг ҳуқуқий тасдиғи сифатида Халқ­аро меҳнат ташкилотининг Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига таянилган. Ҳақиқатан ҳам, мазкур Конвенциянинг 1-моддасига кўра, камситиш – бу меҳнат ёки иш турлари соҳасидаги муомала ёки имкониятлар тенглигининг йўқолишига ёки бундай тенгликка путур етказилишига олиб келувчи фарқлаш, чеклаш ҳамда устун қўйишлардир.
Миллий қонунчилигимизда, хусусан, сайлов тўғрисидаги қонунларда хотин-қизлар орасидан номзодлар сайловларда кўпроқ кўрсатилишини рағбатлантириш учун квота ажратишга қаратилган «камситиш»ли нормалар мавжуд бўлиб, жаҳон қонунчилиги амалиётида улар «ижобий дискриминация» деб юритилади. Шунга қарамай, Конституциявий комиссия ушбу таклифни асос­ли ва чуқур ўрганиб чиқишига аминмиз.
«Хулоса»даги кейинги таклиф Конс­титуциявий қонун лойиҳаси 37-моддасининг 4-бандига тааллуқли. Ушбу бандда шундай дейилган:
«Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзанд­ликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга».
«Хулоса»да изоҳланишича, ушбу норма амалдаги миллий қонунчиликка мос келмайди. Янада аниқ қилиб айтганда, айни шу конституциявий нормада кўзда тутилаётган ҳуқуқий кафолатлар Меҳнат кодекси ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда нисбатан кенгроқ қамровга эга.
Хусусан, Меҳнат кодексининг 234-моддасида болани парваришлаш учун таътиллардан отаси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиши мумкинлиги кўрсатилган. Кодекснинг 235-моддасига мувофиқ, янги туғилган болаларни бевосита туғруқхонадан фарзандликка олган, яъни болага васий этиб белгиланган шахсларга ҳам нафақа тўлаган ҳолда таътил берилиши ва уларнинг хоҳишига кўра, бола уч ёшга киргунича қўшимча таътиллар берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида бола туғилиши муносабати билан она ҳам, ота ҳам, ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Конституциявий қонун лойиҳаси 37-моддасининг 4-бандидаги янги нормада эса ушбу имкониятлар кўлами жуда торайиб қолган. Яъни болани парваришлаш учун таътиллардан «ҳар бир ишловчи аёл» фойдаланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда, холос.
Бу, ўз навбатида, мазкур конституциявий нормада халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликда мустаҳкамланган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари таъминланиши зарурлигини кўрсатиб турибди. Ишончимиз комилки, Конституциявий комиссия бу ҳолатни ҳам инобатга олади.
«Хулоса»да Конституциявий қонун лойиҳасига фақат танқидий-таҳлилий таклифлар билдириш билангина чекланилмаган. Аксинча, айрим нормаларга ижобий баҳо берилган ва уларнинг аҳамияти ҳуқуқий негизда талқин этилган.
Жумладан, «Хулоса»да қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасининг 63-моддаси 2-бандидаги норма: «Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», деган шаклда мазмунан тўлдирилгани эътирофга лойиқ. Чунки амалдаги Асосий қонуннинг худди шу нормаси аниқ баён этилмагани боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган эди.
Лойиҳада никоҳ томонлари аёл ва эркак эканига аниқлик киритилган. Натижада, турли баҳсларга замин яратаётган масала ижобий ҳал этилган.
Яна бир эътироф: амалдаги Конституциянинг 65-моддасида фақат оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши кўзда тутилган. Конституциявий қонун лойиҳасида эса 63-модданинг 3-бандидаги норма қуйидагича: «Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади».
Яъни мазкур конституциявий норма гендер тенглик талабига мувофиқлаштирилган. Натижада, «Хулоса»да қайд этилганидек, ота-онанинг тенг ҳуқуқлиги ва оилавий муносабатлар тенглигини таъминлашга ҳуқуқий имконият яратилмоқда.
Конституциявий комиссияга келиб тушган эътиборга лойиқ жамоавий таклифлардан яна бири – Конституциявий қонун лойиҳасини лингвис­тик экспертизадан ўтказиш бўйича таққослаш жадвалидир. Бу ўринда лингвистик экспертиза, Конституциявий комиссия сўровига асосан, Атамалар комиссияси ҳузуридаги етук тилшунос олимлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
«Таққослаш жадвали» – 31 бетдан иборат ниҳоятда салмоқли ҳужжат. Унда Конституциявий қонун лойиҳасида қўлланган юридик жумлалар ўзбек адабий тилининг расмий иш услуби қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинган ва зарур ўринларда тегишли сўз ҳамда ибораларнинг талабга мос шакллари тавсия этилган.
Мисол учун, «Таққослаш жадвали»да Конституциявий қонун лойи­ҳасидаги (умуман, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳам баъзан учрайдиган) «қўлланилади» сўзини – «қўлланади», «норма» сўзини – «меъёр», «умум эътироф этилган» иборасини – «умум­эътироф этилган» шаклида ёзиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, лойиҳанинг 26-1-моддаси охирги бандидаги: «…тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас» деган жумлани қуйидаги: «…тинтув ўтказишга ёки кўздан кечиришга ҳақли эмас» тарзида янги таҳрирда бериш сўралмоқда. Чиндан ҳам, бундай ёндашув давлат тилининг расмий иш услуби қоидалари, талаби, қолаверса, юридик тил ифода услубининг ҳам талабидир.
Бинобарин, таклиф этилаётган жумлада конституциявий қоидани ифода этишда ихчамликка амал қилинган. Яъни 9 та сўздан ташкил топган аввалги таҳрирдаги матнга нисбатан янги матнда 2 та сўз тежалган.
Албатта, «Таққослаш жадвали»да миллий қонунчилик тили учун махсус жорий этилган айрим қоидалар инобатга олинмаган таклифлар ҳам учрайди. Масалан, тилшунос экспертлар «халқ депутатлари Кенгаши» иборасида «Кенгаш» сўзини барча ўринларда кичик ҳарфда ёзиш зарур, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, қонунчилик тилида «Кенгаш» сўзини бош ҳарфда ёзиш юзасидан алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинган.
Энг муҳими, Конституцияга киритиш тавсия этилаётган янги қоидаларни онгу тафаккур билан чуқур мушоҳада этиб, қалб тарозисидан ўтказиб, холис ва ҳаққоний асосда билдирилган бу каби таклифлар янгиланган Асосий қонунимизнинг мукаммаллигини таъминлашга, унинг том маънодаги халқ Конституциясига айланишига қаратилган.

Абди РАҲИМ,
журналист