Аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак: кашфиётларнинг энг буюги ҳисобланмиш китобнинг қиймати бугун анча тушиб кетди. Бунга китоб чиқаришни бизнес қилиб олганларнинг енгил-елпи асарларни ҳам нашр этаётгани ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилаётгани ҳам асло кўз юмиб бўлмас ҳақиқат.
Азал-азалдан илм олиш, ижод қилиш ҳар доим ҳам миллатнинг мавжудлиги ва у нимага қодир эканини кўрсатувчи омиллардан саналган. Арастудан Ибн Синогача, Афлотундан Берунийгача, Жалолиддин Румийдан Алишер Навоийгача юзлаб, минглаб мутафаккирларнинг шаклланиши, дунёга танилиши, замонлар ошса-да, аҳамияти йўқолмайдиган тадқиқоту кашфиётлари фақат ва фақат китоб шарофати билан рўй берди.
Кеча, бугун ва эртага ҳам бой маърифий, маданий мерослардан баҳраманд бўлиш, янги илмий изланишларнинг асоси учун хизмат қилувчи манбаларга мурожаат қилишнинг ҳам ўзига яраша сабаблари мавжуд. Мутафаккирларимиз томонидан яратилган китоблар бугун бебаҳо, нодир ва қимматли асарлар сифатида эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Зиё қоронғуликни ёритади. Китоб ҳам қалбларга нур, илиқлик бахш этади. Китобга ошно инсонлар ўз хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликка ҳисса қўшувчи шахс эканини эътироф этишимиз лозим.
Не саодатки, оилавий кутубхонаси бор хонадонлар ҳамон талайгина. Ўзим ҳам зиёли оилада туғилиб, вояга етганим боис, адабиётга, китобга меҳрим бўлакча. Таниқли шоир, адабиётшунос Туроб Мақсуднинг қизи эканимдан кўксим фахр-ифтихорга тўлади. Отам оилавий кутубхонамизни ноёб, нодир китоблар билан бойитишни канда қилмас, баъзи асарлар жуда камёб ва ягона нусхада эканлигини таъкидлаб, бизнинг китобга ошуфта бўлишимизга замин яратган. Ўрни келганда айтишим лозимки, оилавий кутубхона фақат безак, уй эгасининг «зиёлилиги»ни билдирувчи белги бўлмаслиги керак. Демак, китобнинг чиройлилиги, саҳифаларнинг букланмаганига эмас, аксинча, унинг қай даражада кўп ўқилгани муҳим.
Бугун дунё, мамлакатимиз оламшумул ўзгаришларга юз тутмоқда, янги ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ушбу воқеликларга бадиий ишлов бериб, пишиқ-пухта, тош босадиган асарлар яратиш даврнинг талабига айланди. Халқимиз ҳам айнан шундай китобларни кутмоқда. Айрим замондошларимиз замон ўзгариб, ҳозирги ёшлар негадир китоб ўқишга иштиёқи йўқлигидан нолиб қолишади. Йўқ, замон ўзгармади, инсонлар замонавийлашув ортидан маънавиятдан узила бошлади. Аммо бизнинг миллийлигимиз ўзгаргани йўқ. Ёшларимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, улар маънавий эҳтиёжини шакллантириш учун мазмунли китоб, асар тавсия этишни канда қилмаслигимиз лозим.
Мутафаккир боболаримиз гўзалликни кўрмаслик жоҳилликнинг биринчи белгисидир, дейишган. Муқоваси қалин, ўзига ром этувчи нақшлар, суратлар билан безатилган китоблар ўз навбатида мазмуни жиҳатдан ҳам чиройли бўлиши даркор. Шундай экан, китобларни чиройи учун жавонда сақлашдан кўра уни қўлга олиб, баҳраманд бўлишдан фойдалироқ юмуш йўқ.
Холбуви МАҚСУДОВА,
Шароф Рашидов туманидаги
28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси
