Хатларда ҳаёт акси

58

Ҳаёт. Биргина шу сўз замирида не-не тақдирлар, бахтиёрлик туйғуси-ю, эзгулик­лар, турфа синовлар, аччиқ қисматлар мужассам. Кимдир кимдандир яхшилик кўради, суюнади, кимдир жамиятдаги баъзи камчиликлардан оғринади, уларга ечим излайди. Шундай пайт­­да қувончини ўзгалар билан баҳам кўришга, дилидаги оғриққа эса мутасаддилар эътиборини тортишга интилади. Кимдир айни мақсадда қўлига қалам олади.
Таҳририятга газетхонлардан келаётган турфа хатлар ҳам ана шундай туйғулар маҳсулидир. Қуйида уларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Миннатдорлик

«ЧИМЁН»ДАН САЛОМ!

Қадрли «Ishonch» газетаси жамоаси!
Айни пайтда «Чимён» санаторийсидан салом йўллаяпман.
…Қувонганимдан, бахтиёрлигимдан қўлимга қалам олиб, миннатдорлик мактуби битмоқдаман.
Мен ҳозир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан берилган бепул йўлланма асосида Фарғона вилоятининг мафтункор гўшасида жойлашган «Чимён» санаторийсида дам олиб, саломатлигимни тиклаяпман.
21 йилдан буён Фарғона вилоятининг Беш­ариқ туманидаги 14-мактабда ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бераман. Меҳнат қилган инсон кам бўлмас экан. Шу касб орқасидан қадр топдим.
Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, шундай чиройли масканда бепул даволаниш имконига эга бўлдим. Бундай эъзоз ўқитувчига яна куч-ғайрат берар экан. Бу ерда ширинсухан ходимлар кутиб олишди. Озода ва шинам хоналарга жойлаштиришди. Эрта-ю кеч олдимизда парвона. Яратилган шароитлар аъло даражада. Муолажаларни олиб, кундан-кунга тетик бўлиб боряпман.
Бу ерда мендан ташқари яна бир гуруҳ ҳамкасбларим ҳам ҳордиқ чиқаришмоқда. Ҳамманинг кайфияти кўтаринки. Қайси бири билан суҳбатлашмай, дориламон замонда фаровон яша­ётганимиз, инсон қадри улуғланаётганини ­айтмоқда.
Очиғи, 21 йиллик фаолиятим давомида дам олиш, даволаниш учун вақт ва имкон топишим қийин бўлган. Бугунги кунда ўқитувчиларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилаётгани ушбу касбнинг жамиятдаги обрўси ва нуфузини оширишга, уларнинг меҳнати ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани бизни янада яхшироқ ишлашга руҳлантирмоқда.
Биз педагог-ўқитувчиларга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун, аввало, муҳтарам Президентимизга, Ўзбекистон касаба уюшмаларига чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Дилноза ЗУННУНОВА,
Бешариқ туманидаги 14-умумтаълим мактаби
математика фани ўқитувчиси

УЙЛИ БЎЛДИМ – ЎЙИМ КЕТДИ!

Шеробод туманидаги «Ёшлик» маҳалласида оддийгина кулбада қайнота ва қайнонам, икки нафар қайинукам ва уларнинг 5 нафар фарзанди билан аҳил-иноқ яшаб келдик. Икки йил бурун турмуш ўртоғим Жамшид Сафоев тўсатдан вафот этди. Оғир аҳволда қолдим. Бошим қотди. 3 нафар фарзандим – Азиза, Жавоҳир ва Асилбек отасини қўмсаб, соғиниб сўраганларида, аламимни кўз ёшимдан олар эдим. Аҳволим ўзимга аён. Овсинларимнинг болаларини оталари эркалаганларида, юрак-бағрим эзилиб кетарди. Тўғри, улар мени ва фарзандларимни ёлғизлатиб қўйишгани йўқ. Бор меҳр-мурувватларини аяшмади.
Очиғи, уйсиз ва ишсизман, деб эзилардим. Катта оила бўлганимиз учун оғир шароитда яшар эдик. Турмуш қийинчиликлари, йўқчиллик тинкамни қуритганди.
Ёлғиз она учун бу жуда оғир. Шундай кунларнинг бирида уйга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов билан бирга туманимиздан бир неча мутасаддилар кириб келиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Сўнгра, фарзандларимга кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишганини айтишди. Яхшиларнинг мурувватидан бошим кўкка етди. Дардимизни тинглашди, мени «Аёллар дафтари»га киритишди. Оилам ва фарзандларимга кўмак бериб келишди.
Жорий йилнинг бошида мен каби аёлларга бахт келтираётган «Аёллар дафтари»нинг 3-босқичига ҳам рўйхатга олишди. Яқинда ишчи гуруҳ мени қийнаб келаётган муаммони ҳал этди. Яъни, туман марказидаги «Тароқли» маҳалласидан уй-жой билан таъминлади.
Янги уйли бўлишнинг гашти ўзгача экан. Энди фарзандларимнинг боғча ва мактабга қатнашида ҳам муаммо бўлмайди. Чунки ҳар иккиси ҳам янги уйимизга бир қадам.
Бугун бениҳоя бахтиёрман. «Ishonch» газетаси орқали оиламизга нур олиб кирган, уйли қилган ва ушбу хонадонимни файзга тўлдирган, қувонч кўз ёшларимга сабабчи бўлган барча-барча яхши инсонларга ўз миннатдорлигимни билдирсам, деган эдим. Аминманки, газета жамоаси бу истагимни амалга оширади. Уйли бўлдим – ўйим кетди, раҳмат сизга, азиз Юртбошим, раҳмат сизга, яхши одамлар!

Дилором АЛИҚУЛОВА
Шеробод тумани

ҚАССОБЛАР УЮШМАСИ КЕРАК…(ми?)

Менинг фикримча, шаънига ижобий фикрлар кам айтиладиган касблардан бири бу – қассобчилик. Аслида, бу соҳага тўғридан-тўғри кириб келинмайди. Наслида бўлса ёки қандайдир туғма ҳиссиётлар устувор бўлган кишиларгина қассоб бўла олади. Халқимиз бежиз «чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», демайди. Ўта тозалик, озодаликка асосланган, луқма ҳалоллиги, увол-савобини гарданга олишнинг ҳам масъулияти бор.
Яна бир масъулиятли иш гўштни расамади билан тақсимлай билмаслик. Шу энг мураккаб иш туфайли номимиз ёмонга чиққан. Харидор норозилигига сабаб бўладиган тақсимотда доимо тушунмовчилик бор. Энг ачинарлиси, бу касб соҳибларининг бир қисми балои нафс йўлида одамлар ишончидан мосуво бўлишмоқда. Хуллас, соҳа сир-асрорларини очаверсак, гап кўп. Аммо мулоҳаза бу ҳақда эмас.
Турмушимизнинг муайян қисмида муҳим ўрин тутувчи бу касб соҳиблари анча эътибордан четда. Қассоб­ларнинг бошини қовуштирадиган, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этадиган бирор-бир уюшма йўқ. Тўғриси, фаолия­тини назорат қиладиган, тартибга соладиган ташкилотлар анчагина бўлса-да, уларнинг манфаати мутлақ эсдан чиқиб қолмоқда. Касб сифатида ёлғизланиб қолган соҳа. Аслини олганда, қассоб ҳам одам, унинг ҳам дарди, ташвишлари бор. Жамоа сифатида шаклланишни истайди. Менимча, мутасаддилар томонидан қассоблар уюшмаси ёки жамияти тузилиши ҳақида ўйлаб кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Бу ўй мени кўпдан бери қийнаб келарди. Ўйлаб-ўйлаб, мақсадимни қоғозга тўкиб, халқимизнинг севимли нашри бўлган «Ishonch» газетасига юборишга қарор қилдим. Газетада чоп этилса, тегишли ташкилотлар масъуллари бу ҳақда ўйлаб кўришармиди?..

Сулаймон ХОЛИҚОВ
Пастдарғом тумани

ЭШИК ҚОҚҚАН КИМ БЎЛДИ?

Тонгда эшик қўнғироғидан барчамизнинг уйқумиз қочди. Соатга қарадим: 03:27. Бу маҳалда безовта қилган ким экан? Дадам хонасидан чиқиб овоз берди:
– Ким?
– Эшикни очинг. Участка нозириман.
Шу онда хаёлларимиз қайси кўчаларга кириб чиқмади, дейсиз. Ахир ички ишлар ходими бекорга эшик қоқиб келмаса керак?
Ташқарида маҳалла профилактика инспектори Шоҳруҳ ­Раббимов бир неча нафар ички ишлар ходимлари билан бирга турарди. Дадамнинг ҳайронлигини сезган профилактика инспектори гапира кетди:
– Ака, машинангизни очиқ қолдирибсиз. Қараб кўринг-чи, ҳужжатларингиз жойида эканми? Бирон нарса йўқолмабдими?
Кўп қаватли тураржойда яшайдиганлар махсус автотураргоҳлар бўлмагани боис автомашиналарини кириш йўлаклари олдида қолдиради. Шу кунгача автоулов билан боғлиқ бирон нохуш воқеа рўй берганини эшитмаганмиз.
Кеча юкхонадан нарсаларни олган дадамнинг машинани ­қулфлаш эсидан кўтарилган экан. Йўлакка тушиб, апил-тапил машина ва ҳужжатларни текширди. Ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилгач:
– Доим машинам қулфланганига ишонч ҳосил қилиш учун икки-уч бора текшириб, кўнгилни тўқлаб, уйга кирардим. Бу сафар нима жин урди? Ҳа, майли. Сизларни овора қилган бўлсам, узр, – деди хижолатомуз.
Гап шундаки, ўша вақтда Жиззах шаҳридаги «Сайилжойи» маҳалла фуқаролар йиғинида профилактика инспектори Шоҳруҳ Раббимов ва Жиззах вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги ва патруль-пост хизмати бўлинмаси ходимлари биргаликда ҳудудда назорат тадбирларини олиб боришаётган экан. Улар машина ёнидан бепарво ўтиб кетолмай, бизни «безовта» қилишга мажбур бўлишган.
Шу воқеадан сўнг хизматига содиқ бўлиб, зиммасидаги вазифани астойдил бажараётган посбонларимизга ҳурматим янада ошди. Улар бор экан, тунимиз осуда, бемалол уйқуга кетамиз, уйғонганимизда тинчлик насимидан баҳра оламиз.
Қадрли «Ishonch» газетаси жамоаси. Шарафли ва машаққатли касб эгалари бўлган ватан посбонларининг бу каби эзгу ишлари газетангизда чоп этилишини жуда-жуда истайман. Зеро, эл тинчлиги йўлида хизмат қилаётган фидойи касб эгалари ҳамиша эътирофга лойиқдир.

Мадаминбек ЎРОҚБОЕВ
Жиззах шаҳри