Мамлакатимиз миқёсидаги нашр саналган «Қишлоқ ҳаёти» ижтимоий-иқтисодий газетасининг нашр этиб келинаётганига 50 йилга яқинлашяпти. Муассислар деган жойида «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекси таркибидаги ҳамда бошқа дахлдор вазирлик ва идоралар» дея қайд этилган. Уларнинг умумий сони 22 та.
(Тўғри, ўзгаришлар ҳисобига бир-иккита фарқли ҳозир).
«Қишлоқ ҳаёти» газетаси муассислари
Ана, сизга нашрнинг омади, деяётгандирсиз? Халқимиздаги бир мақол айнан шу нашрга тегишли. Яъни «Бир чўқимдан берса, тўйдиради, бир муштдан урса, ўлдиради», деган. Яшириб нима қилдик, бундан бир неча йиллар бурун ҳам мақолнинг биринчи жумласи, позитив қисми амалда бўлган фаолиятда эдик. Камида ўртача 27-28 минг нусха адади бор газета том маънода тўқ бўлади-да. Тўқ бўлиш бу жамиятга тўлақонли хизмат қилиш маъносида ҳам тўғри бўлади. Бунда, шубҳасиз, шу муассислар қўл қовуштириб ўтирмаганлиги натижаси бор. гап фақат ададда эмас, муассисларнинг ижодий ва молиявий томондан ҳамкорлиги ҳам кўплар ҳавас қилгулик эди. Сал ноқулай бўлсаям айтайин, касб байрами кунлари уларнинг моддий ва маънавий қутловлар билан кириб келишлари-ю, қўнғироқлари жуда ёқимли эди. Фаолият ҳам шунга мос эди, шубҳасиз. Газетамиз чиндан шу муассислар аҳлининг минбари эди.
Хуллас, «эди» барибир «эди»-да, ўтган замон. Бугун-чи? Бугун вазият бошқа, муаммо ҳамма нашр бошида, деярли кўплаб нашрларда, адад камайиб кетди ва шу сабабдан иқтисодий тақчиллик. Боиси маълум. Бу ҳақда биз жар солмаган минбар ҳам қолмади. Аммо айнан бизга аламли томони бор. Бир пайтлар кўпгина нашрларга орзу бўлган биздаги ҳолат ҳамманикидан ачинарли. Ахир атиги 1300-1400 нусхада газета чиқариб, кимга фойда берамиз, нимага эришамиз? Нега шундай бўлди? Нега бу тақчиллик? Тақчилликдаям ҳаммадан ёмони «Қишлоқ ҳаёти»да.
Бу ўринда нашр яхши бўлса, унинг аҳволи ҳам ўз-ўзидан яхши бўлади, деган газетани тушидаям кўрмаганларам уқтираётган чучмалгина фикрниям майли тан олайлик. Шу фикр билан таҳририятни койиб тургунингизча бошқа сабаблар ҳақида сўйлаб берамиз.
Деярли кўпгина нашрларни бундай вазиятда озгина бўлсаям муассислар моддий ва ташкилий (айтайлик, обуна ташкиллашда) қўллади. Аммо муассислари кўп ва хўблигига акс ҳолда бечора «Қишлоқ ҳаёти»нинг ҳолини сўрайдиган қолмади. Қаранг, «Чўпон кўп бўлса…» деб бошланувчи негатив мақол ҳам бизга тегишли бўлиб қоляпти. Ҳали номи зикр этилган номдор муассислардан баъзиларининг бош офисига айни дамда газетанинг ўзи бормайди. Газета маблағ сарфланадиган зарурият эмас, деган хулосага келиб бўлишган. Чунки ҳамманинг фикру хаёли моддий неъмат олиб келадиган вазифаларга қаратилган. Қуйида эса, газетанинг қандай моддий неъмат олиб келиши айни бор ҳақиқатлиги борасида баҳслашаман…
Аввало, ҳали нашр яхши бўлса, нашр иши ҳам ўз-ўзидан юришади, деган фикрни ўртага ташлагувчиларга озгина киноя қилиб ўтганимга изоҳ берай. Яъни нашр ишининг моддий неъмат олиб келмайдиган фаолиятга чиқариб қўйилганлиги яхши нашрнинг ҳам қадрини ўлдирди. нафсиламрини айтганда, бугун яхши нашрлар бор, бор бўлгандаям анчагина. Газетада ўқийдиган нарсанинг ўзи йўқ, дегувчиларнинг ўзи газета ўқимаса, яхши нашрни қандай фарқлайди? Уларнинг ўзида ўқув учун уқув йўқ. Бу биз келиб қолган ҳолат. Одамларимиз онгида ўқишли деганда фақат танқид, танқид бўлгандаям раҳбарларни, раҳбар бўлгандаям каттароқ раҳбарларни танқид қилишни, олди-қочди, ёлғон-яшиққа тўла ёзғирмаларни тушуниш ҳукмрон бўлиб қолгани ачинарли. Бу «ўқимишли»ларнинг ўқишли дегани шу. Нега, маърифий, таҳлилий, меҳнат тажрибаси ёритилган, ижтимоий фойдали мақолалар ўқишли бўлмай қолди? Бугун «Қишлоқ ҳаёти» газетасида эълон қилинган агромаслаҳатни ўқиш ҳатто фермергаям «не выгодний» бўлиб қолди. Худди қарғага бошқа ҳудудга бориб келиш малол бўлиб қолганидек. Ана, масала қаергача чалкашган? Бугун давлат бюджетидан рақамлари калькулятор кўрсаткичига сиғмайдиган даражада молиялаштириладиган вазирлик ва идораларимиз ҳам ўз фаолиятида нашрнинг, хусусан, ўз муассислигидаги газетанинг нафақат маънавий-маърифий, балки иқтисодий фойдаси ҳам борлигини умуман ҳис этмайдилар. Ходимнинг, ишчи-хизматчининг маънавий оламини, саводини, савиясини ошириш бесамар ишми? Шундай қуролланган, борингки, тарбияси рисоладагидек одам бошқачароғига нисбатан ўз ишига масъулиятлироқ бўлади-ку? Нимага коррупция ботқоғидан чиқиб кетиши қийин бўляпти ташкилотларнинг? Ҳар ҳолда, нашр ўқиб юрганлар ҳисобига эмас бу ҳолат. Бу – бир томони. Иккинчи томони, ҳар бир касб соҳибининг маҳорат мактаби, тажриба оммалаштирадиган, юқори ташкилотнинг қарашларини етказадиган қуроли газета эмасми? Нега электрон вариантдан фойдаланяпмиз, ҳамма интернетда, деган важ билан ўзимизни алдаймиз? Яқинда энг оммабоп чиқишлари билан республикага танилган бир блогер дўстимизнинг тумандошидан ўша блогерни сўрасам, умуман танимади. Кейинроқ ўзига бу гапни эслатсам, «Менинг қўшним ҳам ижтимоий тармоқдаги фаолиятимни билмайди, бизда кам одам интернетга киради, мени печкачи деб сўранг», деди. Демак, «Қишлоқ ҳаёти» сингари нашрларнинг қишлоқдаги муштарийлари ҳали интернетдан баҳраманд эмас. Газета энди ўқилмайди, деб юзгачопарлик қилиш осон. Қани, бир синаб кўринг, газетани манзилга етказинг-да, бир ҳафтадан сўнг бориб сўранг, ўқибдими, йўқми? Ўқийди, оилада ўнтагача одам яшайди, нега шундоқ столида турган нарсага беэътибор бўларкан? Мана, столимда «Узоқ умр кўриш сирлари» номли реклама газета. Мен бу газетани сотиб олармидим? Йўқ, албатта. Уйимдан бирови обуна бўлай шу газетага, десаям, қўйсанг-чи, дердим. Унда нимага бу нашр қўлимда ва мен кўриб ўтирибман? Дарвозанинг тирқишига ўзлари тиқиб кетишган. Теппа-текин, ўз оёғи билан келган. Қаранг, мен ўзим журналист бўлиб бундай нашрларни ёмон кўраман. Аммо уйимда пайдо бўлгач, кўриб ўтирибман. Ҳеч бўлмаса танқидий назар билан қараб. Оиламизнинг бошқа аъзоларигаям нималаридир қизиқ бўлиб турибди. Ҳамма гап шунда. Одамларимизнинг қўлига газета етгунча бўлган сарф-харажат ва жараёндан қочяпмиз. Ҳа, шунга келганда иқтисодчилигимиз «асқатяпти». Ташкилот сметаларида бундай бандлар ортиқчалик қиляпти. Шу йўл билан аста-секин аҳолини газета-журнал мутолаасидан узоқлаштирдик. Энди уларнинг онгига бу воситанинг харидори бўлишдан, унга обуна бўлишдан кўра бўлмаслик афзаллигини сингдириб қўйдик. Обуна қилишга қаршилик, (жумладан, газетани тобутда тасаввур қилишга чорловчи мақолалар) интернет ҳамма жойда оммалашди каби ярим ёлғон тарғиботлар… Энди одамларнинг шиори шу: газета ўзи нимага керак? Газета бу таъм билиб танлайдиган, тана билан ҳисланадиган мато эмаски, бу эҳтиёжни ҳамманинг ўзи англайверса.
Хўш, масала қандай ечимга эга? Ечим шуки, аҳолини қайси даражадаги фаоллик билан босма нашрдан бездирган бўлсак, шунинг икки баравар даражасидаги фаоллик билан қайтариш керак.
Бунинг йўли бугун очилди. Мамлакатимиз Президентининг яқинда имзоланган «Оммавий ахборт воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш зарур. Афсуски, бу ҳужжат юзасидан 22 муассисдан ҳали биз томонга шамол тугул, елпиғич елиям эсгани йўқ. Албатта, таҳририятнинг ўзидан нимага мурожаат бўлмаяпти, деган саволни биров бермасаям ўзимизга ўзимиз берамиз. Мурожаатларнинг бунгача бўлганиям кам эмас эди. Айнан шу қарор муносабати билан эса ушбуни мурожаат деб тушунилишини сўраймиз. Зотан, бу идораларнинг ҳар бири эшик оғалик ташкилотлар. Бунинг устига, қачон бу идоралар битта қўнғироқда раҳбарни улаб берган? Қачон идоранинг биринчи раҳбаридан бўлак биронта ходими бизнинг илтимосни ўз наздида шунча муҳим масалалар турганда энсақотар гап деб ҳисобламаган? Қачон ташаббус қилиб, масалани ҳал қиладиган раҳбарга ижобий ечимли таклиф олиб кирган?
Биз бу ўринда ҳалиги мақолнинг иккинчи қисминиям ёддан чиқармаймиз. Яъни «…бир муштдан урса, ўлдиради» деган негативиям бор. Агар бир чўқимдан бериш лозим топилмаса, бу жумладан келадиган хулосани бажариш керак. Буям қонунларимизда бор ҳуқуқ. Яъни газета фаолиятини тугатиш керак. Ахир, шунча гигант вазирлик ва идоралар таъсис этган, бурун 30-40 ходим ишлаган нашрда бир бош муҳаррир ва бир ўринбосар арзимаган маош эвазига номигагина (асосан обуначидан қарзини узиш мақсадида) ҳафтада тўрт саҳифали (илгари ҳафтада уч марта чиқарди) битта сон газета чиқариб ўтириши шу икки ижодий ходимнинг ҳам виждонини қийнайди.
Чори ЛАТИПОВ,
«Қишлоқ ҳаёти» газетаси
бош муҳаррири,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист

