Бугун туман ҳудудида қурилган маҳалла биносининг очилиш маросимидан репортаж тайёрлайман. Маҳалла фаолларининг битта хонага ҳам ёлчимай, нуқул қаровсиз қолган биноларда омонат жойлашиб, «кўча-кўч» билан ўтган кунлари унут бўладиган бўлибди.
Бино жуда тез қурилибди. Тез ҳам қурилмасинми, ахир тараққиёт асрида яшаяпмиз-ку?!.
Тайёргарликка эса гап йўқ! Кираверишга гиламлар тўшалган. Ҳамма тадбирлару кўргазмаларда намойиш этилавериб, яғири чиққан тикувчилик, тўқувчилик буюмлари, тувакка экилган гуллар…
Деворларига ранг берилган бинонинг тоқига маҳалла номи йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Шу фон ёқди: «чирқ» этиб расмга олиб қўйдим.
Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика нозири, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчисининг ҳар бирига алоҳида иш хоналари ажратилибди. Маҳалла аҳли учун кутубхона ҳам ташкил этилибди. Шу ерда бир-иккитасига китоб варақлатиб, камерам тугмасини босдим.
Аммо ҳамма тўпланган, бетоқат бўляпмизу, очилиш маросими бошланай демайди. Бизни бино билан таништириб юрган маҳалла фаоли «Раис бова» келишини кутишаётганини айтди. Ие, раис бованинг ўзлари қани, деймиз ажабланиб.
Раис бова шу яқин атрофдаги уйлардан бирига … борган эканлар. Тушундингиз, шунча хоналар қурилибди-ю, ўша «кичкина» хона унутилибди-да!
Ўзи ҳар доим шундай: нимадир албатта қолдиқда чиқиб келаверади-да… Бино жамоат жойи бўлса, бу ерга келган одам зарурат бўлганда қаерга чопади, деб ўйлайдиган мардум топилмаган…
Хаёл қурсин, лента қирқилгани-ю, сўзга чиққанлар суратини олишдан чалғитиб юборди.
Маҳалла раисини кўрдик, танишдик, суҳбатини олдик. Ҳалиги масалада сўраб билганимиз шу бўлди: лойиҳада кўрсатилмаган. Шунинг учун шароит яратилмаган. Қўшимчасига, жазирамадан сақлаш учун ҳаво совуткич ўрнатилгану, қаҳратон қишни унутишган. Иссиқлиқ тизими умуман йўқ. Бўш жой йўқлигидан ҳандақ ковлашнинг ҳам иложи бўлмаяпти экан.
Кетар чоғимиз «Раис бова» «тағин ҳалигилар ҳақида ёзиб юрманг, туманимиз шаъни тўкилмасин» дея илтимос қилди. «Шаънингиз ҳар куни «пана» жой ахтариш билан тўкилса майлими», дегим келди-ю, индамадим…
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»
