Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Республика комиссияси аъзолари – вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, туман ҳокимлари, тегишли ҳудудий бошқарма ва бўлимлар бошлиқлари, Ўзбекистон касаба уюшмаларидан ҳудудларга бириктирилган масъул раҳбарлар, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишни Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбари Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Дастлаб «Аёллар дафтари» тизимининг 3-босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, долзарб вазифалар белгилаб олинди.
– Президентимиз ташаббуси билан амалиётга жорий этилган «Аёллар дафтари» тизими бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ноёб тизим бўлиб, бу орқали юртимиз хотин-қизларининг кўплаб муаммолари ҳал этилишига эришилмоқда, – дея таъкидлади ўз сўзида Қудратилла Рафиқов. – Ушбу тизим ишга туширилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, опа-сингилларимиз, онахонларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин яратилмоқда. Энг муҳими, ишлар такомиллаштирилиб, сезиларли натижаларга эришилмоқда.
Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда «Аёллар дафтари» бўйича ишларнинг 3-босқичи қизғин давом этмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларидаги 9 минг 349 та маҳалланинг ҳар бирида хонадонма-хонадон юриб, 30 ва ундан катта ёшдаги 7 миллионга яқин хотин-қизнинг муаммолари ўрганилиши натижасида Вазирлар Маҳкамасининг 145-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида жорий йилнинг апрель ойида «Аёллар дафтари» тизимининг 3-босқичи рўйхатига 6 та тоифа бўйича 644 минг 849 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз киритилган эди. Ҳудудларда олиб борилаётган ишлар сарҳисобига кўра, жорий йилнинг 1 август ҳолатига «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг 524 минг 880 нафарига, яъни 81,4 фоизига амалий ёрдам берилишига эришилган.
Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз бўлган 185 589 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 23 842 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган 40 819 нафар (78,5 фоиз), ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож 121 966 нафар, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 63 046 нафар хотин-қизга 322 миллиард 922 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Оғир ижтимоий аҳволда эканини инобатга олиб, секторлар раҳбарлари тавсияномаларига асосан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 3 263 нафар ҳамда уй-жойга муҳтож 263 нафар хотин-қизга ҳам 2 миллиард 160 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, боқувчисини йўқотган 2 463 нафар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож 1 462 нафар – жами 3 925 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 3 452 нафар хотин-қизга томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашилди. Уй-жойга муҳтож 4 754 нафар хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, тоифасидан қатъи назар «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга қўшимча бир қатор амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 109 902 нафар хотин-қиз ва уларнинг 25 065 нафар вояга етмаган фарзанди тиббий кўрикдан ўтказилди ва натижалари асосида даволаш ишлари ташкил этилди. 118 388 нафар хотин-қизга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш ишлари амалга оширилди. 107 310 нафар хотин-қизга малакали психологик маслаҳатлар берилди. 13 265 нафар хотин-қизга деҳқончилик билан шуғулланиш учун 4 833 гектар ер майдони ажратилди. 2082 нафар хотин-қизга ажратилган ер майдонларини суғориш тизими ва электр энергияси билан таъминлаш, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, тадбиркорлигини рўйхатдан ўтказиш харажатини қоплаш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш ва ҳоказо йўналишларда 3 миллиард 967 миллион сўм субсидиялар берилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган 24 нафар хотин-қиз ва «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг 26 нафар фарзандига таълим шартномаси тўловининг бир қисмини қоплаб бериш учун 119 миллион сўм тўлаб берилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Республика комиссиясининг жорий йил 29 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Аёллар дафтари»га 6 та тоифа бўйича киритилган хотин-қизларнинг ҳар бирига амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар таҳлилий-танқидий кўриб чиқилган эди.
Ўтган қисқа вақт ичида камчиликлари кўрсатиб ўтилган туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари ҳамда масъуллари ўз ишига бўлган ёндашувни ўзгартириб, «Аёллар дафтари» ижроси бўйича сезиларли даражадаги ижобий натижаларга эришдилар. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Тахиатош, Чимбой, Шуманай, Амударё, Беруний, Бўзатов, Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Элликқалъа туманлари, Андижон вилоятининг Балиқчи ва Булоқбоши туманлари, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Пахтакор, Фориш, Мирзачўл туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Нишон, Косон, Қарши туманлари, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри ва Учқўрғон, Мингбулоқ, Наманган, Норин, Янгиқўрғон, Янги Наманган туманларида эҳтиёжманд хотин-қизларга ёрдам бериш ишлари сезиларли даражада жадаллашди. Шунингдек, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг қатор туманларида эҳтиёжманд хотин-қизларга манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиш ишлари салмоғи оширилиши натижасида одамлар кайфияти ижобий томонга ўзгарди.
Йиғилишда «Аёллар дафтари» йўналишида олиб борилаётган ишларда камчиликларга йўл қўйган айрим мутасаддилар фаолияти таҳлилий-танқидий муҳокама этилди ҳамда истиқболдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунингдек, ҳудудларга бириктирилган мутасаддилар томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар индивидуал дастурларининг тўғри тўлдирилгани ҳамда кўрсатилган ёрдамларнинг ҳаққонийлиги мунтазам равишда ўрганиб борилаётгани, шу мақсадда ўтган 1 ой давомида «дафтар»га киритилган 201 минг 323 нафар хотин-қиз билан суҳбатлашилгани таъкидлаб ўтилди.
***
Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – Кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва оммалаштириш борасидаги ишлар кўриб чиқилди.
Унда таъкидланганидек, Президентимиз топшириғига асосан йил бошидан бери кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Даставвал, жойларга чиқилиб, вилоят секторлари раҳбарлари билан биргаликда 899 та кооперация бўйича лойиҳалар аниқланди ва ташаббускор тадбиркорлар рўйхати шакллантирилди.
Ўтган вақт давомида ушбу лойиҳаларни чуқур қайта ўрганиб, истиқболли бўлганларини ишга тушириш бўйича манзилли ёрдам бериш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, янги ташаббускорлар аниқланиб, лойиҳалар сони 1000 тага етказилди. Маълумотларга кўра, бугунги кунгача 853 та (85 фоиз) лойиҳа ишга туширилиб, 76 минг 575 нафар аҳоли, шундан, 55 минг 451 нафар хотин-қиз кооперация асосида иш билан таъминланди.
Йиғилишда барча масъуллар олдига кооперация бўйича лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича ишларни янада жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари ҳамда Республикадан бириктирилган вакилларга кооперация бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича «Йўл хариталари»ни тасдиқлаб, лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ҳамда тўлиқ қувват билан фаолият бошламаган лойиҳалар бўйича тадбиркорларга қўшимча амалий ёрдам бериб, уларнинг фаолиятини ривожлантириш юзасидан тегишли чораларни кўриб бориш вазифалари қўйилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва кооперацияларни ташкил этиш орқали аҳоли, жумладан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ишларини самарали амалга ошириш учун барча тегишли мутасаддилардан юксак масъулият ва ташаббус талаб қилиниши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Мухтасар айтганда, таҳлилий муҳокамалар тарзида ўтказилган йиғилиш давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадри ва унинг манфаатларини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган ноёб янги тизимларнинг амалдаги ижросини таъминлаш ҳамда бу борадаги ишларни янада кучайтириш бўйича мутасаддилар масъулиятини янада оширди.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати раҳбари
