«Қўҳна қитъа» энергия тақчиллигини қандай енгиб ўтмоқчи?

39

Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршилик шундоқ ҳам коронавирус пандемияси туфайли мураккаб даврни бошдан кечираётган дунё иқтисодиёти ўсиш истиқболларини янада пасайтириб юборди.

Бу, айниқса, урушаётган мамлакатлар билан савдо, сармоявий ва молиявий жиҳатдан узвий боғлиқ ҳисобланган Европа учун жиддий зарба бўлди. Ўзаро санкциялар қўллаш орқали бир-бирининг «эсини киритиб қўйиш» чоралари қаторида, масалан, Россия табиий газ экспортини чеклаш орқали Европани олдинда ўта оғир қиш кутаётганидан огоҳлантирмоқда. «Кўҳна қитъа» вакиллари эса бундай қийин вазиятдан чиқиш учун муқобил вариантларни ишга солишга уриняпти. Ҳатто вазият шуни тақозо қилмоқдаки, айрим давлатлар экологияни асраб-авайлаш дас­турлари доирасида қачонлардир воз кечилган кўмир ва нефтда ишлайдиган электр станцияларидан яна фойдаланиб туриш ҳақида ҳам ўйламоқда. «Вақтинча, вазият ўнглангунча», дейишяпти улар бунинг сабабини изоҳлаб.
Умуман, мана шу мавзуга оид хабарларга тез-тез кўзимиз тушади. Хўш, аслида табиий газ таъминотининг тўхтатилиши Европа мамлакатлари иқтисодиётига қанчалик таъсир қилади? Улар бу вазиятдан қандай чиқмоқчи? Айни пайт­­да халқаро майдондаги энг долзарб савол ва масалалардан бири шу бўлиб турибди.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Европа департаменти директори Альфред Каммернинг қайд этишича, таъминотнинг тўлиқ тўхтатилиши газ танқислиги, келгусида нархларнинг янада ошиши ва иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан ташвиш­лидир. Лекин бу таъсирни бошқариш ва минималлаштириш учун аниқ бир ҳаракатлар режаси мавжуд эмаслиги ундан-да ташвиш­ланарли. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Марказий ва Шарқий Европанинг айрим мамлакатлари – Венгрия, Словакия ва Чехия каби энг кўп зарар кўрган давлатларда газ танқислиги умумий истеъмолнинг 40 фоизгача етиш хавфи мавжуд ва ялпи ички маҳсулот 6 фоизгача камайиши мумкин. Бироқ, бу таъсирни муқобил энергия манбалари ҳисобига, қолаверса, инфратузилма муаммоларини ҳал этиш, заиф қатламни ҳимоя қилиш ва энергия тежашни рағбатлантириш орқали юмшатиш мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2021 йил июнь ойидан бери Европа инфратузилмаси ва жаҳон бозори Россия гази таъминотининг 60 фоизгача қисқарганига дуч келди. Биринчи чоракда умумий газ истеъмоли ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 9 фоизга камайди. Таъминотнинг 70 фоизгача қисқаришини муқобил етказиб берувчилар ва муқобил энергия манбалари ҳисобидан қоплаш мумкин. Бу импортни бир томонлама рад этиш имкони борлигини ҳам англатади. Бироқ, етказиб бериш бутунлай тўхтатилса, диверсификация масаласи осон кечмайди. Баъзи мамлакатлар 15-40 фоизгача газ истеъмоли тақчиллигига дуч келади ва Европа Иттифоқи келгуси йилда ялпи ички маҳсулотининг 2,5 фоизини йўқотиши мумкин. Мисол учун, Венгрия ялпи ички маҳсулоти 6,5, Италия, Словакия ва Чехия иқтисодиёти эса 6 фоизга пасайиши тахмин қилиняпти.
Аслида Европа қўл қовуштириб ўтирибди, деб ҳам бўлмайди. Яқинда Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар энергетика вазирлари фавқулодда йиғилиш ўтказди ва шу масалани кўриб чиқди. Унда келаётган қишда газни тежашни назарда тутувчи режа илгари сурилди. Унга кўра, энергетика хавфсизлигини ошириш мақсадида табиий газга бўлган талаб ихтиёрий равишда 15 фоизга камайтирилади. Бу ҳозирча ихтиёрий. Бироқ таъминот тўлиқ тўхтатиладиган фавқулодда ҳолат юзага келганда режани амалга ошириш мажбурий бўлиши ҳам мумкин.
Шу йилнинг 5 август куни эса Европа Иттифоқи Кенгаши ушбу режани тасдиқлади. Таъкидланишича, чеклов 2022 йил 1 августдан 2023 йил 31 мартгача амал қилади. Истеъмолни камайтиришдан асосий мақсад, табиийки, қишга тайёргарлик кўриш учун захира яратишдир.
Газ етказиб беришнинг қисқариши ва аномал ҳарорат туфайли Европада электр энергияси баҳоси ҳам рекорд даражада кўтарилишда давом этмоқда. Биржаларда бир мегаватт-соат электр 400 евродан ошган. Бу ҳали якун эмас. Вазият мураккаблиги туфайли тежамкорлик нуқтаи назаридан мутасаддилар ҳатто аҳолига электр билан ишлайдиган ошхона жиҳозларидан камроқ фойдаланишни маслаҳат беришмоқда. Фақатгина овқатдан заҳарланиб қолмаслик учун музлаткични ўчирмаслик мумкин. Берлиндаги дўконларда эса аллақачон стикерли маҳсулотлар пайдо бўлгани айтилмоқда. Унда маҳсулот хона ҳароратида сақланиши мумкинлиги, совуқ талаб қилинмаслиги эслатма сифатида қайд этилган. Бу ҳам электр энергиясини тежашнинг ўзига хос усули.
Боз устига, озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзи ҳам қимматлашяпти. Масалан, июль ойида Швеция­­да нархлар ўтган йилдагига нисбатан кўпроқ ошди. Испанияда эса оддийгина муз тақчиллиги кузатилмоқда. Бу ҳам электр энергияси баҳосининг кўтарилиши билан боғлиқ. Яъни сувни музга айлантириш жараёни ишлаб чиқарувчиларга қимматга тушяпти ва бу нархларда ўз аксини топяпти.
Қисқаси, нотинч вазият барибир барчанинг одатий ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқимиз бежиз «Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади» демайди. Ҳаётда кўп бор ўз исботини топган бу пурмаъно ҳикмат халқаро миқёсдаги ҳозирги мураккаб вазиятда яна бир карра кўзга яққол ташланмоқда. Шу боис биз ҳамиша дунёда тинчлик бўлишини истаймиз. Шунга интиламиз ва ўзаро қарама-қарши тарафлар доимо муросаю мадорага боришини хоҳлаймиз. Бу ҳамма учун яхши. Дунё учун яхши. Тинчликка етмайди барибир…

Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист