Ғалаба қувонч кўзёшлари билан нишонланди

75

Жаҳонгир 5 ёшидан Самарқанд шаҳридаги шахмат мактабига қатнай бошлаган. Унинг биринчи мураббийи, унга шахмат алифбосини ўргатган онаси – Феруза Нишонова бўлади. Кейинчалик акам Абдуваҳоб Воҳидов ва ўзим ҳам ўғлим билан жиддий шуғуллана бошладик. У 12 ёшида Осиё чемпионатида 2-ўринни олди. Кейинчалик ҳам кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб бўлди.

Жаҳонгиргача қолган йигитларимиз 3 та тахтада рақиб­лар билан дуранг натижа қайд этишган. Ўзингиз ­айтганингиздек, агар Жаҳонгир ҳам дуранг ўйнаса, чемпион бўлолмасдик. Мен Жаҳонгирнинг ўйинини, унинг юришларини кузатиб, ўғлимнинг ғалаба қозонишига шубҳа қилмадим. Чунки унинг рақибидан кучлилиги яққол сезиларди. Биз ўша ҳаяжонли дақиқаларни бутун оиламиз билан кузатдик ва ғалабани қувонч кўзёшлари билан «нишонладик». Ўша вақтдаги қувончли ҳиссиётларни сўз билан таърифлаб беролмайман.
Олимпиадада кучли жамоалар, номдор шахматчилар кўп эди. Лекин Жаҳонгирнинг онаси ғалабага бошидан ишонди, дуо қилиб, тилаб, сўраб турди, она-да. Менимча, бу ғалабага кўпчиликнинг дуоси билан ҳам эришилди. Мен ўзим гувоҳ бўлдим, халқимиз ўз ўғлонларини дуо қилиб турди.
Муҳтарам Президентимизнинг ўғлим билан телефонда гаплашганини интернетда кўриб, жуда-жуда хурсанд бўлдим. Аёлим қувонганидан йиғлаб ҳам олди. Шу жойда бир гап: ўғлим Жаҳонгир ҳам «Ёшлар куни» муносабати билан Янги Ўзбекистон боғида ўтказилган тантанали тадбирда иштирок этиши керак эди. Аммо ўша кунлари бироз соғлиги бўлмагани боис тадбирга боролмади. Ўша тадбирни телевизорда кузатган умр йўлдошим: бизнинг ўғлимиз ҳам юрт эгаси билан учрашса, давлат раҳбари унинг қўлини сиқиб, меҳр билан бағрига босса… дея ният қилган эди.
Мана, аёлимнинг эзгу нияти амалга ошадиган бўлиб турибди. Насиб қилса, ўғлим ҳам ана шундай бахтга мушарраф бўлади.
Кўпчилик ота-оналар қаторида мен ҳам ёшларимизнинг илм олиши, касб-ҳунар ўрганиши, спорт билан шуғулланиши борасида яратилаётган барча шарт-шароитлар, ­эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан мингдан-минг миннатдорман. Ёш шахматчиларимизнинг шахмат олимпиадасида чемпион бўлиши ўша ғамхўрлик ва эътиборнинг амалдаги мевасидир. Улар халқ ва юрт эгасининг ишончини оқлашди.

Тоҳир ВОҲИДОВ,
халқаро тоифадаги
гроссмейстер, Жаҳонгир
Воҳидовнинг отаси