Эшик тугмаси босилиб, қўлида ускуна билан икки киши кўринади. Ва энг яқин танишларингиздан бирини айтиб, сувни фильтрлаш механизми ҳақида икки оғиз гаплашиш истагини билдиради. Қарабсизки, суҳбат анчага чўзилиб, шу кунгача «нотоза» сув ичганингизга пушаймонлар бўласиз. Ёки қўл телефонингиз мусиқа чалади, «алло» дейишингиз билан гўшакни қўймаслигингиз учун тоза сув истеъмоли зарурлигини ва дўсту биродарларингиз уйидаги «раковина»да фильтрлаш мосламасидан унумли фойдаланаётганини эслатишади. Кейин ушбу зорманданинг нархини эшитиб, тилингиз сал каловланиб қолади. Тадбиркор барибир тадбиркор-да, сиз учун кредит усулини ҳам ўйлаб қўйган. Фақат маблағ бир йил давомида бўлиб тўлангани эвазига анча-мунча фоиз қўшилишини эшитиб, яна маошингиз миқдори-ю уй ёки машинангиздаги қолдиқ кредитлар ҳақида ўйга толасиз. Хуллас, сиз харидор бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам телефонингиздаги контакт рақамлардан 20 тасини ёзиб беришни сўрашади…
Ҳар бир соҳага инновацион янгиликлар, рақамлаштирилган технологиялар кириб келмоқда. Ҳатто кўп қаватли уйларда сувга (қувурга) фильтрли насос ўрнатиш урфга айланди.
Тўғри, ичимлик сув фильтрлари сувни тозалайди. Мутахассисларнинг фикрича, сув фильтри икки хил тизимга эга ва улар сувдан ифлослантирувчи моддаларни бошқа-бошқа йўл билан чиқаради. Биринчиси, катта иморатлар, офислар ва коттежлар учун қулай, яъни тескари осмоз мембранаси ёрдамида тоза ичимлик сувни таъминлайди. Бу мосламалар хонадонлар учун мос келавермайди. Аслида, кўп қаватли уйларга марказий тозалаш тизимидан фильтрланган сув келади, аммо унда қувурларнинг занги ёки хлорли тузлар аралашмаси ҳам учрайди. Бу сувнинг фойдаси ҳам, зарари ҳам йўқ, дейиш мумкин. Шунинг учун кўпчилик қайнатилган сув ичишни афзал кўради. Бироқ, 100 градусли иссиқда кўплаб табиий моддалар ҳам йўқ бўлиб кетади. Олғир тадбиркорлар айтмоқчи бўлган тавсия ҳам шу ва бу фикрга қўшилувчилар, қизиқувчилар кўп учрайди.
Akvafor механизми сувни фильтрлашдаги иккинчи усул саналади. Аслида, ушбу усулда тозаланган сув саломатликка ҳақиқатан ҳам фойдалими? Мослама сувни қай тарзда тозалайди?
Интернетда бир қанча эълонларга дуч келасиз. Реклама берувчиларнинг мақтовларини ўқиб, маҳсулотни сотиб олсангиз, бедаво дардлардан ҳам фориғ бўлишга «амин бўласиз».
Масалан, «Хонадонлар учун 7 боскичли сув фильтри: комплектида 12 литрлик сув йигиладиган бочкаси ва краник бор. Сув фильтрлайди ва минераллар билан бойитади». «Бизнинг сув фильтрларимиз билан иммунитет ошиши, буйрак тозаланиши, қон ва лимфа тозалиги, нормаллаштирилган метаболизм, токсинлардан қутулишга эришасиз», «Хонадонингиз учун сув фильтри. Сувни барча ифлослантирувчи моддаларини (эриган ноорганик ва органик бирикмалар, оғир металлар)дан тозалаб беради. Радиоактив моддалар, ёқимсиз ҳидлар, бактериялар, вируслар, микроорганизмлардан тозалайди. Сувга ажойиб там бахшида этади. Асосийси соғлингиз учун фойдали».
Имловий хатолари кўп бу эълонларни ўқиб, нархлар билан қизиққан киши иккиланиб қолиши мумкин. Чунки уй учун насос фильтрлар 2 миллион сўмдан 28-30 миллион сўмгача бўлган нархларда савдо дўконларида ҳамда турли сайтларда учрайди.
Баъзан нархи қиммат мосламанинг рекламасига ишониб, уни харид қилиб, кейин қайтариб беришга шошилган кишиларни учратиш мумкин. Шу ўринда ҳар биримиз энг аввало, истеъмолчи сифатидаги ҳақ-ҳуқуқларимизни билишимиз лозим. «Ўзбекистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига биноан, истеъмолчи мақбул сифатли товарни харид қилганда (агар товардан фойдаланмаган, у шикастланмаган, истеъмол хусусияти сақланган бўлса) айнан шундай товарга 10 кун муддат ичида алмаштиришга ёки пулини қайтариб олишга ҳақли. Бироқ…
– Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат мавжуд, унга киритилган элетротехникаларнинг бир қисми сотилгандан сўнг қайтариб олинмайди, – дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси Умида Мансурова. – Агарда сотув жараёнида (жумладан, сув фильтр насослари сотганда) маълумот тўлиқ берилмаган ёки нотўғри маълумот етказилган тақдирдагина мазкур қонуннинг 5-6-моддаларига асосан, маҳсулот қайтариб берилиши мумкин.
Фильтрларнинг оддийларида механик тозалаш системаси бўлиб, оригинал Volardda фильтрларида мембрана элементли тескари осмос тизими мавжуд. Буларнинг деярли барчасида фаоллаштирилган кўмирдан иборат тозаловчи элемент учрайди. Шу ўринда тиббиётда ҳам, уйда ҳам ишлатиладиган фаоллаштирилган кўмирдан фойдаланиб, сувни фильтрлашга бироз изоҳ бериб ўтсак.
– Инсон ёши кексайгани сари 55 фоизгача сувсизланиш ҳамда организмдаги қуриш ҳолати сувга эҳтиёжни оширади, – дейди умумий амалиёт шифокори Дилобар Бақоева. – Ақлий ва жисмоний меҳнат қилаётган кишилар учун тоза сув истеъмоли кун давомида қувноқлик ва тетиклик бахш этади. Фаоллаштирилган кўмир моддаси кўпгина зарарли моддаларни ўзлаштиргани сабабли тоза ичимлик суви учун ҳам қўлланилади. Шу билан бирга, инсон организмини тозалашда дунёдаги энг қадимий ва оммавий услублардан бири саналади. Аммо уни ичга қабул қилишда катталар ва болалар учун дозаси ва бошқа элементлар билан бирлашгандаги таъсири ҳам мавжуд.
Эътибор беринг, фаоллаштирилган кўмир у билан бирга бир вақтда қабул қилинадиган дори препаратларининг самарадорлигини пасайтиради. Меъда ва 12 бармоқли ичак яраси касаллиги бор кишиларга препарат тавсия этилмайди. Насос фильтрларда сорбцион вазифасини ўтаётган кўмир моддаси намликда ўз хусусиятини пасайтиради. У сувдаги зарарли моддаларни йўқ қилиш билан бирга, тирик элементларни, минерал витаминларни, гидрокарбонат ва манге каби организм учун фойдали моддалар сўрилишини сустлаштиради. Демак, уйда ўрнатилган фильтр мослама узоқ муддат давомида туриши мақсадга мувофиқ эмас. Мутахассислар эса уни доимий фойдаланиш учун ўрнатишади.
Уй шароитида ҳам сувни тозалаш мумкин. Яъни тиббиёт пахтаси бирор идишга қопқоқ ўрнига мослаштириб, устидан сув оқизиб қўйилади. Мана шу тарзда кун давомида ичимлик сувини бемалол фильтрласа бўлади. Фаоллаштирилган углерод ёрдамида сувни тозалаш учун уй шароитида тайёрланган фильтрни мато ёки докадан ўтказиш ҳам яхши самара беради. Тўғри, бундай фильтрни узоқ вақт давомида ишлатиш мумкин эмас, уни бир неча кундан кейин алмаштириш керак. Кумуш таркибидаги ионлар сувни фаол равишда тозалайди. Энг муҳими шуки, фильтрли кўзалар арзон нархларда сотувларда бисёр.
Авваллари сувни тозалаш учун ускуналардан эмас, кумуш плиталар ёки идишлардан фойдаланилган экан. Бу усулни баъзилар ҳанузгача ишлатишади. Кундалик шароитида шифокор тавсия этганидек, сувни фильтрласак ҳам бўлади. Энг муҳими, бизда тоза сув истеъмоли учун шарт-шароит етарли, тириклик сабаби бўлган обиҳаётга муҳтож эмаслигимиз катта неъматдир. Бу – бизнинг бахтимиз. Буни қадрлашимиз керак!
Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист
