Саломатлигим ёмонлашиб, шифохонага тушдим. Аҳволим оғирроқ эдими, бир-икки кун палатадошим билан жўяли суҳбатлаша олмадим ҳам. Ниҳоят, сал кучга кириб, у билан у ёқ-бу ёқдан гаплашадиган бўлдим. Ҳамхонам мени ўзига яқин олдими, Шоҳсанам исмли жиянининг ҳаётидан сўзлаб қолди:
– Бир куни ярим кечаси телефон жарангидан чўчиб уйғондим. Уйқусираб телефонни олдиму, нариги томондан «Опажон, опажон, тезроқ олиб кетинглар, мени ўлдириб қўйишади…», деган овозни эшитиб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир дам ёрдам сўраётганнинг кимлигини англолмай турдиму, «сени ҳозироқ пичоқлайман, мозорда яна битта гўр кўпаяди», деган совуқ бақириқдан ўзимга келдим. Дастлабки овоз Шоҳсанамнинг, кейингиси қайнотасининг овози эди.
Шу заҳоти хўжайинимни уйғотдим. Машинада кетаётиб, бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир эсладим…
Шоҳсанам олийгоҳни битиргач, онкология диспансерида иш бошлади. Илк кунларданоқ бирга ишлайдиган аёл унга разм солди. Қараса, муомалали, фаросатли, ўзига тўқ оиланинг қизи. Келин қиламан, деб кўнглига тугиб қўйган экан. Тўй бўлди. Бир йилдан сўнг ўғил фарзанд дунёга келди. Илк бор набирали бўлган буви чақалоқни ҳеч кимга, ҳатто келинига ҳам ишонмай, ўзи қарарди. Вақт ўтиб, оила яна биттага кўпайди. Афсуски, Шоҳсанамнинг эри ўзгара бошлади. Кечалари кеч келадиган, тез-тез хизмат сафарига кетадиган одат чиқарди. Шу зайлда салкам икки йил ўтди.
Бу орада куёвнинг янги қилиқлари ошкор бўлди. У фирибгарликни ўзига касб қилиб олган экан. Ҳамкасблари ва танишларидан фалон вақтда қайтараман, деб қарз олган, уни қайтаришни умуман ўйламаган, оқибатда ишдан ҳам ҳайдалган экан. Турмуши ўхшамаган жияним фарзандлари билан ота уйига қайтди…
Бир куни куёвимиз менга телефон қилиб, оиламсиз яшай олмайман, қайнотам билан қайнонам йўл беришмаяпти, деб ёрдам сўради. Ёшларнинг ҳаёти барбод бўлмасин деб, бор масъулиятни бўйнимга олиб, опамникига бордим. Куёв қилган ишларидан пушаймон эканини айтиб, оиласини сақлаб қолиш учун яна бир бор имкон беришларини сўрадим. Аммо поччам бундан ҳеч қандай фойда йўқлигини, бу ҳолат бир неча бор такрорланганини айтди. Шунча гапдан кейин ҳам Шоҳсанамни келинлик уйига қайтардик…
Афсуски, куёв тавбасига таянмади. Эшикни бемаврид тақиллатиб, қарзини сўраб келадиганлар кўпаяверди. Таниш-билиш, қариндош-уруғдан ташқари аёлининг яқинларидан ҳам «ишимда муаммо бўляпти, бунча пул керак, агар пул топмасам, қамалиб кетаман», деб қарз олиб, қанчадан-қанча одамни чув туширди. Эшик тақиллатиб эрини сўраб келган аламзада бир киши жиянимга шундай дейди: «Сизга бир гапни айтиб қўяй, эрингиз мендан пул олганига анча бўлди. Ҳар доим бугун-эрта деб, турли баҳоналар билан алдайди. Ҳатто бир гал «агар шу сафар вақтида бермасам, онамнинг оқ сути ҳаром бўлсин», деб қасам ичди. Охирги марта агар фалон куниям бермасам, хотиним сизга «подарка», деб қасам ҳам ичди. Лекин мен эркакман, мусулмонман…»
Бу гапларни эшитган Шоҳсанамнинг юраги ёрилиб кетгудек бўлади. Тавба, умр йўлдоши, зурриёдларининг отаси инсонми ёки шайтон?
Жияним эшитганларини қайнона-қайнотасига айтиб беради-ю, балога қолади. Ҳамма айбни унга ағдаришади, ҳақорат қилишади…
Мени уйғотиб юборган қўнғироқ эса ана шу жанжалдан икки кун ўтиб бўлади…
Хўжайиним билан борганимизда, тунги соат иккилар эди. Бўлаётган тўс-тўполон бу оиланинг асл башарасини кўрсатиб турарди: ҳар доимгидек, қайнона келиннинг ўзгариб қолганини гапирар, қайнота эса келинига пичоқ ўқталиб, уни бузуқ деб ҳақоратлар, қайниси ҳам қўлларини силтаб келинойисига бақирар эди…
Охир-оқибат, икки ёш расман ажрашишди…
Бировники бировга буюрмайди, деганлари рост экан. Собиқ куёвимиздан пулини ололмаганлар ички ишларга мурожаат қилгач, у беш йилга озодликдан маҳрум этилди.
Бир куни «прописка» тўғрисидаги маълумотнома керак бўлгани учун Шоҳсанам қайнонасининг қўл телефонига қўнғироқ қилади ва шу масалада ёрдам беришларини сўрайди. Аммо улар келини билан невараларини огоҳлантирмасдан аллақачон рўйхатдан чиқариб юборишган экан.
Тешик қулоқ ҳамма нарсани эшитаркан. Яқинда қайнота ва қайнона ҳовлининг ярмини сотиб, Умра сафарига бориб келишганини эшитиб, ҳайрон қолдим. Келинни уй-жойсиз, ёш фарзандлари билан кўчага ҳайдаб, устига-устак, рўйхатдан чиқариб ташлаш аҳли мусулмоннинг ишими? Набираларини кўчага ҳайдаган бу инсонларнинг бажарган амаллари қабул бўлармикан? Наҳотки тирик етимликка маҳкум этилган набиралари ҳаққидан қўрқишмаса?..
Эшитганларимни қоғозга туширишдан мақсад – кимнидир айблаш эмас.
Хулоса чиқариш эса ўзингизга ҳавола.
Раъно МАҲКАМОВА,
«Ishonch»
