Мактабгача таълим  вазирлиги соҳа ходимлари учун анъанавий август анжуманини ўтказди

105

9-10-август кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида анъанавий август конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу анъанавий август конференциясини ташкил этишдан асосий мақсад: мактабгача таълим тизимида ўтказилаётган ижтимой-иқтисодий ислоҳотлар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ҳамда илм-фан ютуқлари ва замонавий  информацион коммуникатив технологияларни жорий этишдир.

Анъанавий август конференциясининг Республика босқичида “Мактабгача таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Мактабгача таълим тизимида 2021/2022-ўқув йилида бажарилиши белгиланган асосий вазифалар  сарҳисоби”, “Мактабгача таълим тизими раҳбар ва педагог кадрлари фаолияти сифатини ошириш”, “Такомиллаштирилган “Илк қадам” давлат дастурининг  мазмуни”,  “Мактабгача таълим тизимида 2022/2023-ўқув йилидаги асосий вазифалар” каби асосий  мавзулар кўриб чиқилди.

Конференцияда  ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари раҳбар ва мутахассислари, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва методистларидан иборат
150 нафар тингловчи иштирок   этди.

Иштирокчилар 30 кишилик  5 та гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳда икки кун давомида тингловчилар учун малакали мутахассислардан ташкил топган 20 нафар маърузачилар томонидан ҳар бири
30 дақиқалик 14 та мавзудан иборат машғулотларни тинглашди.

–Икки кунлик конференция мен учун жуда самарали бўлди, –дейди Сирдарё вилоятидаги педагогика коллежи ўқитувчиси Зуҳра Каримова. –Янги ўқув йилидан олдин янги билимлар билан қуролландим, вилоятлардан келган ўз ишининг устаси бўлган ҳамкасбларимиз билан соҳамизнинг турли долзарб мавзуларида фикр алмашдик, муҳокама қилдик. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотида болани спортга қизиқтириш, ота-оналар билан ишлаш, таълим тенологияларини қўллаш бўйича бўлган машғулотларда ўзим учун кўп янгиликлар олдим. Эндиликда коллежимизга борганимда бу янгиликларни ҳамкасбларим, ўқувчсиларга етказаман.

2 кунлик конференция давомида мутахассисларга мактабгача таълимга оид ўқув-меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг юритилиши, болалар саломатлигини таъминлашдаги асосий вазифалар, болалик академияси – педагоглар, ота-оналар ҳамда мактабгача ёшдаги болалар учун мослашувчан ва кўникмаларга асосланган таълим манбалари, мактабгача таълим сифатини оширишнинг долзарб масалалари, мактабгача  таълимда инновациялар, амалиётчи психологларининг фаолияти  самарадорлиги, соғлом  овқатлантиришни ташкил этишнинг долзарблиги каби мавзуларда машғулотлар ташкил этилди.

Шу билан биргаликда давлат тилида иш юритиш ҳамда маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш каби мавзуларда гуруҳларга бўлиниб ишланди.

Конференциянинг сўнгги куни вазирлик раҳбарияти томонидан тинловчиларга сертификатлар, 2021 – 2022-ўқув йилида самарали фаолият олиб борган раҳбар ва педагог кадрларга эса фахрий ёрлиқлар топширилди.

Зебо НАМОЗОВА,

“ISHONCH”